«Айдаркўлни ҳам Оролнинг қисмати кутмоқда» — мутахассис
Айдаркўл сув ҳажми ҳар йили ҳавога шунчаки буғланиб, йилдан йилга 10 фоизгача қисмини йўқотмоқда. Тадқиқотчи Эркин Абдулахатов бу ҳақда ўз мулоҳазаларини билдирди.
Орол денгизи қуриб, Айдаркўл кўллар тизимининг пайдо бўлишини шу соҳага алоқадор инсонлар жуда яхши билишади.
Мирзачўлни ўзлаштириш, текисликда «Чордара» сув омборини қуриш фонида сизот сувлари билан тўйинадиган йирик яна бир шўр кўл пайдо бўлиши ортидан, Айдаркўл-Арнасой кўллар тизими ўзини оҳанрабо мисол тортди. Кўлда балиқчилик, ички туризм ривожланди.
Аммо, охирги йиллар кенгайиш ўрнига торайиб бораётган Айдаркўл тизими тақдири ҳам худдики Орол денгизи каби бўлишидан хавотирланаётганлар кўпайди.
Марказий Осиё, хусусан текислик ҳудудларида чўллашиш, сув етишмовчилиги авж олаётган бир пайтда Айдаркўл ҳам қуриб, йўқ бўлиши табиий. Дунёнинг ҳеч бир минтақаси йўқки, материклар марказида сув объектлари кенгайиб бораётган бўлса. Тибет тоғликларидаги манзара бу бошқа. У ерда музликлар эриб, янги-янги кўллар пайдо бўлмоқда. Аммо, сув буғланиши у ерда ҳам ўтмишга нисбатан кучли.
Тадқиқотларга кўра, кўллар қуруқликнинг атига 1,57 фоизини ташкил этса-да, қуруқликлардаги буғланиб кетаётган сувларнинг 2,37 фоизини ўз гарданига олади. Ҳамма жойда қурғоқчилик, кўл ва сув омбор майдонларининг кескин қисқариши хавфи тобора авж олмоқда.
Қолаверса, Жанубий Қозоғистон вилоятлари Сирдарё сувидан бутунлай мосиво бўлаётган бир пайтда Чордарадан Айдаркўлга ягона сув манбаини шунчаки ташлаб юборишларини кутиш ҳам фантастика бўлса керак.
Глобал иқлим ўзгариши, минтақамизда ҳароратнинг сезиларли кўтарилиши, ҳавода намликнинг камайиши сув ҳавзаларида сувнинг ҳавога шунчаки тез фаол буғланиб кетишига олиб келди, келмоқда.
Олдинлари Жиззах ғарби очиқ ҳавзаларда йиллик сув буғланиши 3-4 фоизни ташкил этган бўлса, ҳозир бу кўрсатгич қарийб 3 баробарга ортган. Энди Айдаркўл сув ҳажми ҳар йили ҳавога шунчаки буғланиб, йилдан йилга 10 фоизгача қисмини йўқотмоқда.
Натижада, сув объекти ўзининг яқин ўн-ўн беш йилликда 23 фоизини йўқотди. Кутилмалар ҳам шундай. Йилдан йилга сув объекти ўз ҳажмини йўқотиб бораверади.
Мазкур вазиятни NASAнинг Ландсат сунъий йўлдошининг 1985-2018 йиллардаги спектрометрик тасвирлари ҳам тасдиқлайди. Ўзбекистонда Орол денгизидан кейин юқори буғланиш Айдаркўл кўллар тизимига тўғри келяпти.
Мана бу тасвирдан катталаштирган ҳолда кўришингиз мумкин.
Глобал кўл буғланиш ҳажми (GLEV) маълумотларига кўра, айни дамда «Айдар-Арнасой» кўллар тизими юзаси эски ҳолатига кўра анча ортга чекинган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter