Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Автобуслар кечикиши, «стоянкалар» йўқлиги — Президент ҳаммасини билади

Автобуслар кечикиши, «стоянкалар» йўқлиги — Президент ҳаммасини билади

Президентликка номзод Шавкат Мирзиёев Тошкентда сайловчилар билан ўтказилаётган учрашув вақтида йўл-транспорт соҳасидаги муаммоларга тўхталиб ўтди.

— Пойтахт аҳолиси ва уларнинг даромадлари ошгани ҳисобига, сўнгги йилларда шахсий автотранспортлар 2-3 баробар кўпайиб, кунига шаҳар кўчаларида 700-800 мингдан зиёд транспорт ҳаракатланмоқда.

Бу тирбандликларни келтириб чиқариш билан бирга, экология, пиёда ва йўловчилар хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Лекин, пойтахтнинг жамоат транспорти ва йўл инфратузилмаси бу муаммоларга ҳали муносиб жавоб қайтара олмаяпти. Шаҳарда ерости ва ерусти пиёда ўтиш йўлаклари, автотураргоҳлар етишмайди.

Шунингдек, пойтахтда 500 дан зиёд катта чорраҳалар мавжуд бўлиб, уларнинг 200 тасида транспорт воситаларини ўтказиш даражаси паст. Жамоат транспортидан бор-йўғи 33 фоиз йўловчи фойдаланмоқда.

Масалан, бугунги кунда 80 та йўналишдаги автобусларнинг интервали тиғиз пайтларда 30 дақиқагача кечиккани аҳоли норозилигига сабаб бўлмоқда.
Шу боис, келгуси беш йилда шаҳарда ўзаро узвий боғланган барча транспорт турларини ривожлантириш дастури қабул қилинади, — деди Шавкат Мирзиёев.

Амалдаги давлат раҳбарининг таъкидлашича, Тошкент шаҳридаги қуйидаги лойиҳалар ишга туширилади:

  • ер усти транспорти ва метро йўналишлари кесишувида 16 та йирик автостанция;
  • Чилонзор, Юнусобод ва Яшнобод туманларидаги шаҳарга олиб кирувчи 6 та метро бекати атрофида автотураргоҳлар;
  • марказий кўчаларда 40 минг автомобиллар учун, 80 та кўп қаватли автотураргоҳлар;
  • тирбандлик юқори бўлган кўчаларда 21 та йўл ўтказгичлар;
  • ер усти ҳалқа метрополитени йўлининг 7 та бекатдан иборат 13 километр узунликдаги «Қўйлиқ-Қипчоқ» участкаси қурилиши якунига етказилади.
Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг