Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Аукциондаги «ўйинлар». Тойлоқда бизга нима ёқмади?

Аукциондаги «ўйинлар». Тойлоқда бизга нима ёқмади?

Тойлоқ тумани Самарқандда ўз ўрнига эга бўлган ҳудудлардан. Бу ерда қишлоқ хўжалиги шу қадар яхши йўлга қўйилганки, ҳавасинг келади. Бир қарич ер бўш қолмаган, керак бўлса икки-уч марталаб ҳосил олинади. Аҳолининг даромади ҳам шунга яраша.

Туманнинг бахтига етиштирилган маҳсулотни узоққа олиб бориш ҳам шарт эмас. Яқинда аҳолиси бир миллиондан ошиши кутилаётган Самарқанд шундай ёнгинасида — мева ва сабзавотларни бозорга олиб чиқиб, истаганча сотиш мумкин. Қолаверса, туманда «Tet agro oil» қўшма корхонаси бор. Бу ерга помидор олиб келиб топширадиганлар шу қадар кўпки, юк машиналарининг навбати юзлаб метрга чўзилади.

Яна балиқчилик, картошка кластери қаторида бир қатор фойдали ишлар қилинган.

Хўп, туманда ишлар яхши экан, унда нимадан норози бўлмоқдамиз? Бизга нима ёқмади?

Демак, бошладик. Олдин озгина рақамларга тўхталсак.

— Жорий йилнинг январ-июл ойларида янги кичик тадбиркорлик субъектлари ташкил этиш фақат 86 фоизга бажарилган.
— Туманда жорий йилнинг 2019 йилда ташкил этилган 388 та кичик тадбиркорлик субъектларидан 68 таси, яъни 18 фоизи фаолият кўрсатмаяпти.
— Ўтказилган хатловларда майдони 2,1 гектарлик 54 та бўш ер участкаси аниқланган бўлиб, шундан фақат 24 таси аукционга чиқарилган.

Юқоридаги статистикадан кўриниб турибди, туманда вазият бир томонда яхши бўлса, бошқа томонда анча жиддий. Аммо келинг, дастлабки иккита масалани кейинга олиб қўяйлик. Ҳар ҳолда янги кичик тадбиркорлик субъектлари ташкил этиш ва мавжудлари самарали фаолият юритишига пандемия ҳалал берган бўлиши мумкин. Шу боис бу масалани кўтармай турамиз.

Аммо бўш турган ер участкаларини аукционга чиқаришга нима тўсқинлик қилди? Ахир савдо онлайн ўтказилади-ку!

Тойлоқда қишлоқ хўжалигига қарашли барча ерлар суғорилиши ҳақида айтдик. Шу боис тадбиркорлик учун бир қарич бўш ер топишнинг ўзи муаммо. Борини эса, яширишади. Ҳа, яширишади. Буни бошқача атаб бўлмайди. Юқорида 54 та бўш ер участкасидан 24 таси онлайн савдога чиқарилганини айтдик. Қолган 30 таси қаерда қолганини биласизми? Ҳозир айтамиз.

Шундан 7 таси рад этилган. Афсуски қандай асосга кўра рад этилганини суриштиришга имкон бўлмади. Яна 3 тасининг кўриб чиқилиши муддати якунига етмади. Текширувчилар омон бўлишсин, агар иш шу таҳлит давом этса, уларнинг ҳам муддати ўтиб кетиши аниқ. Чунки қолган 20 та ер участкасини кўриб чиқиш муддати аллақачон ўтиб кетган бўлиб, Тойлоқ туман ер ресурслари ва кадастри бўлимида чанг босиб ётибди.

Ўзи шундоқ ҳам 9 та идорада, 26 кунда кўриб чиқилиши керак бўлган ишлар муддати яна 22 кун асоссиз ўтиб кетганига нима дейсиз?

Юртимизда камбағаллик муаммоси тан олиниб, унга қарши кураш бошланганига анча бўлди. Юқорида кўрсатилган ер участкалари қайсидир «Темир дафтар»га кирган юртдошимиз корига яраши мумкинмиди? Ерни олиб, иш бошлаган тадбиркор муҳтожларни ишга олиб, камбағалликдан чиқишга ёрдам бермасмиди?

Савол кўп. Жавоби эса масъулларнинг виждонига ҳавола...

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг