Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Асака автомобиль заводига «BIQ-III» сертификати берилди

Асака автомобиль заводига «BIQ-III» сертификати берилди

Фото: «GM Uzbekistan» ахборот хизмати

«GM Uzbekistan» Асака автомобиль заводи ишлаб чиқариш жараёнларига сифатни интеграция қилинганлигини белгилаб берувчи BIQ-III (Built-In Quality) сертификатини қўлга киритди. Бу ҳақда завод ахборот хизмати маълум қилди.

Айтилишича, бу сўнгги 3 йил давомида автозаводда амалга оширилган ва сифат талабларини тўла бажарилишини таъминлашга қаратилган кенг қамровли тадбирлар натижаси. Ўтган вақт мобайнида технологик ускуналар тўла модернизация қилинди ва уларнинг таркиби янгиланди, GM компаниясининг ишлаб чиқариш жараёнларини бошқаришга йўналтирилган янги тизим ва инструментлари жорий қилинди, корхона ходимлари GM компаниясининг Жанубий Корея, Хитой, Тайланд, Ҳиндистонда жойлашган заводларида ўқиб қайтишди.

Текширув «General Motors» корпорациясининг Жанубий Корея, Хитой, АҚШ ва Ҳиндистондаги мутахассислари томонидан ўтказилган. Сертификат «General Motors International» ташкилотининг аудити натижасида топширилди. Уни топшириш маросимига «GM International» компанияси вице-президенти Фил Кинли ташриф буюрди.

Сертификатни қўлга киритиш учун 44 та кўрсаткич бўйича талабларга тўла жавоб бериш лозим. Асака автомобиль заводи ушбу стандартларни 100 фоиз бажарган минимал даража – 95,5 фоиз).

Корхонадаги ишлаб чиқариш жараёнига сифат даражаларини белгилаб берувчи учинчи даражанинг берилиши корхонага GM глобал платформасидаги деярли барча автомобилларни ўзлаштириш имконини беради.

Сифат даражаларини белгилаб берувчи даража (BIQ) завод ишлаб чиқариш жараёнига «GMS»ни жорий этиш даражасига кўра аниқланади.

Ишлаб чиқаришнинг глобал тизими (GMS) заводда ишлаб чиқарилаётган маҳсулот сифатини яхшилаш ҳамда назорат қилиш мақсадида жорий этилган. У 5 асосий омилга бўлинади: ходимларнинг жалб қилиниши, стандартлаштириш, сифатни интеграция қилиш, вазифаларни қисқа муддатларда бажариш, доимий такомиллаштириш.

Шундай қилиб, заводга жорий этилган «GMS» глобал ишлаб чиқариш тизими хавфсизлик ва сифатнинг юқори стандартлари ягоналигини таъминлайди ҳамда ишлаб чиқаришга энг яхши услуб, технология ва жараёнлар қўллаш имконини беради.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг