Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Асаджон Хўжаев: «Бизнинг инспекция янги «назорат органи эмас»

Асаджон Хўжаев: «Бизнинг инспекция янги «назорат органи эмас»

Фото: «Xabar.uz»

Бугунги кунда мамлакатимизда мобиль алоқа хизматларидан фойдаланаётган абонентлар сони 23 миллиондан, интернет хизматлари кўрсатилаётган фойдаланувчилар сони эса 20 миллиондан ошади. Алоқа ва ахборотлаштириш соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларининг қонунчилик ва лицензия келишувлари талабларига риоя этиши устидан назоратни амалга оширувчи органнинг бу борадаги роли ҳам муҳим аҳамиятга эга. Яқинда «Ўзкомназорат» бошлиғи этиб тайинланган Асаджон Азатбекович Хўжаев билан шу ҳақида суҳбат қурдик.

— Асаджон Азатбекович, «Ўзкомназорат»нинг асосий вазифалари нималардан иборат? Давлат томонидан яна бир назорат органининг ташкил қилинишининг сабаби нимада?

— Аслини олганда бизнинг инспекция янги «назорат органи эмас». «Ўзкомназорат» давлат инспекцияси 1991 йилда Алоқа вазирлиги томонидан ташкил қилиниб, телефония, почта, телерадиоэшиттириш ва матбуот нашрларини тарқатиш соҳасида қонунчилик ва норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилиши юзасидан назоратни амалга оширарди. Ахборот технологияларининг ривожланиши ва алоқа соҳасига лицензиялаш механизмининг жорий этилиши натижасида, инспекция назорат қиладиган йўналишларга алоқа ва ахборотлаштириш соҳасида тадбиркорлик субъектларининг қонунчилик ва лицензия талабларига риоя қилинишини назорат қилиш вазифалари ҳам юклатилди.

Ахборот коммуникацияларининг тараққиёти ва «Электрон ҳукумат» тизими лойиҳаларининг амалга оширилиши инспекцияга давлат органларида АКТ-лойиҳаларининг жорий этилиши, шунингдек, давлат идораларида идоралараро қўшма ҳамкорликда ахборотлар билан ишлашда хавфсизлик талабларига риоя қилиниши бўйича назоратни амалга ошириш ишониб топширилди.

Бугун «Ўзкомназорат» фаолияти янги босқичга кўтарилмоқда!

Давлат бошқарувида АКТни жорий этиш бўйича лойиҳаларни амалга оширишда назоратни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил ноябрь ойидаги қарори билан давлат инспекцияси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги таркибидан мустақил давлат органи сифатида ажратиб олинди. 

Қарорнинг қабул қилиниши, давлат органларида АКТнинг жорий этилганлик ҳолати ҳақида холис таҳлилий маълумотлар тайёрлаш, ушбу жараёнга юқори турувчи идораларнинг ҳар қандай аралашуви ва таъсирини йўқ қилди.

«Ўзкомназорат»нинг асосий фаолият йўналишлари ҳақида батафсилроқ маълумот берсангиз?  Инспекцияга юклатилган вазифалар, жумладан фаолиятдаги янги йўналишлар бўйича нималар қилинмоқда?

— Инспекция фаолияти кенг кўламли. Айни вақтда «Ўзкомназорат» давлат инспекцияси аҳоли ва юридик шахсларнинг алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари ҳамда матбуот нашрларини тарқатиш соҳаларида кўрсатилаётган хизматлар бўйича мурожаатлари, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг лицензия келишуви талабларига риоя этиши юзасидан фаол иш олиб бормоқда.

Давлат инспекцияси ўз ваколати доирасида давлат стандартлари қоидаларининг бузилиши, кўрсатилаётган хизматларда кузатилган тўхталишлар сабабини ўрганиб, зарурат бўлганда айбдорларга нисбатан маъмурий жазо чораларини кўриши ёки тегишли чора кўриш учун расмийлаштирилган далилларни судга тақдим қилиши мумкин.

Масалан, 2018 йил давомида «Ўзкомназорат» томонидан 55 та маъмурий қоидабузарлик, 2019 йилда эса 107 та ҳолат бўйича қоидабузарлик содир этилгани аниқланган. Бу қоидабузишлар кўпайди ёки инспекция чуқурроқ текширишни бошлади дегани эмас. Соҳадаги хизматлар турлари ва истеъмолчилар сони кундан кунга кўпайиб бораётгани инспекция иш ҳажмининг ҳам ортишига туртки бермоқда.

Иш фаолиятимизнинг муҳим томонини, аниқроғи назоратда асосий урғу бериладиган жиҳатни алоҳида қайд этмоқчиман. Инспекция ходимлари бугун «текшириш»лар эмас, балки «ўрганиш»лар ўтказмоқда. Бугун «жаримага тортамиз ёки кўрсатма берамиз» демаймиз, балки камчиликларни баратараф қилиш юзасидан тавсиялар бериб, техник ечимлардаги мавжуд заифликларни кўрсатамиз. Назорат ҳам «ақлли» технологиялар каби, асосланган ва интерактив бўлиши лозим. Энг муҳими — кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш! 

Инспекцияга Давлат органларида «Электрон ҳукумат» тизимини барпо этишнинг самарадорлигини ўрганиш вазифаси ҳам юклатилган. Бу ҳақда батафсилроқ маълумот берсангиз.

— Ҳақиқатдан ҳам, «Ўзкомназорат» давлат органларида АКТдан самарали фойдаланиш ҳамда «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантиришни назорат қилади. Давлат органларида ўтказилган ўрганишларда бошқарув жараёнларини автоматлаштириш, идоралараро маълумотлар узатиш тармоқлари ва интеграциялашган ахборот тизимларини жорий этиш масалалари кўриб чиқилмоқда. Бундан ташқари мавжуд давлат ахборот ресурсларини интеграциялаш ва электрон давлат хизматларини кўрсатишда умумий фойдаланиш имкониятини яратиш ҳам кўзда тутилган.

Ўрганишлар давомида идоралар томонидан интерактив давлат хизматларини ташкил қилиш ва кўрсатишда жараённинг барча ташкилий ҳамда техник жиҳатлари эътиборга олинмагани: серверларнинг ортиқчалиги ёки етарли қувватга эга эмаслиги, дастурий таъминотнинг нотўғри ишлаши, ахборотнинг ишончли ҳимояланмаслиги, интернет тармоғи орқали кўрсатиладиган хизматлардан фойдаланишда узилишлар кузатилаётгани шулар жумласидан.

Шу сабабли давлат органларида ўтказиладиган ўрганишлардан кейин бериладиган тавсияларда интерактив хизматлар кўрсатишни ташкил қилиш техник масалаларида камчиликларни баратараф қилиш бўйича ва бу борада кузатиладиган заиф нуқталар ҳақида маълумотлар берилади.

Тавсиялар «Электрон ҳукумат» тизимини барпо қилишда барча давлат интерактив хизматларини интеграция қиладиган ягона технологик платформа яратилишида ва давлат органларидаги ахборот тизимларининг ўзаро бирлашувида муҳим аҳамият касб этади.

«Электрон ҳукумат» тизимини сифатли жорий этилиши ва тезкор ишлашида энг асосий глобал муаммо нимада?

— Вазирлик ва идораларда барча бошқарув ва ишлаб чиқариш йўналишларида автоматлаштириш, инфратузилма ва маълумотлар алмашуви учун давлат ахборот ресурсларига ягона технологик макон яратиш кўзда тутилган «Электрон ҳукумат» тизимини барпо этиш мураккаб вазифа ҳисобланади. Бунда барча вазирлик ва идоралар қоғоз ҳужжатларсиз технологиялар, ягона ҳужжатлар алмашуви тизими, маълумотларни қайта ишлаш маркази билан ишлашини тақозо этади. Ушбу жараённи бир неча йил ичида амалга ошириш кўзда тутилмоқда.

Афсуски, бугун деярли барча давлат органларида локал ахборот тизимларидан фойдаланилади, улар фаолиятида ўзаро боғлиқлик йўқ. Идоралар интеграциялашган, икки тизимни ўзаро боғлаш асосида хизмат кўрсатиши керак бўлмоқда, бироқ жараён давлат органларининг ички ресурсларини бир-бирига очмаётгани туфайли тўхтаб қолмоқда.

Оқибатда, сунъий ва мураккаб қарорлар қабул қилиниб, интерактив хизмат жисмоний жиҳатдан вазирликлардаги бир-биридан анча узоқда жойлашган базалардан олиб кўрсатилмоқда. Шунинг учун интернет орқали интерактив хизматни жорий этиш жараёни кечикмоқда ёки умуман амалга оширилмаяпти, бинобарин хизмат кўрсатишнинг тезкорлиги кескин тушиб, давлат бюджетидан сарфланаётган маблағлар, бир-бирини такрорлайдиган ахборот тизимларига сарфланмоқда.

Фикримча, «идоравий худбинлик» деган ушбу муаммони ҳал этиш лозим, у ёки бу давлат органлари интерактив тарзда хизматларини кўрсатишни истамаяпти ва ўзининг ахборот ресурсларининг ёпиқ туришини афзал билмоқда.

Бугунги кунда ташкилотлар учун ҳимояланган, жумладан шахсга доир ҳамда бошқа конфиденциал ахборотлар хавфсизлиги таъминланган умумий Давлат органлари учун идоралараро маълумотлар узатиш тармоғи яратилди. Давлат органлари ўз ички серверларини, маълумотлар сақланадиган локал марказларини яратиши лозим деган амалиётдан, турли баҳоналар билан ахборотларни яширишдан воз кечиш керак.

Маълумотларни қайта ишлайдиган, зарурий қувватга эга марказлар ҳозирда распубликада мавжуд. Шу сабабли идоравий ахборот ресурсларини бундай майдонларга ўтказиш, уларда давлат интерактив хизматларини кўрсатишни янада ривожлантириш зарур.

— Вазирлик ва идоралар фаолиятида яна қандай хатолар учрайди?

— Яна бир муҳим йўналиш бу – давлат ахборот тизимларини лойиҳалаштириш, тузиш ва қабул қилиш масаласидир. Идоралар ўз ахборот тизимини жорий этишда белгиланган экспертиза талабларини бажармайди, тизимни ишлашга қабул қилишни тегишли ташкилотлар билан келишмайди. Оқибатда техник ҳужжатлар умуман мавжуд эмас ёки амалга оширилган ва ишлаётган тизимга тўғри келмайди, интерактив хизмат унга тушадиган юкламани ҳисобга олинмасдан барпо этилган. Ушбу барча омиллар интерактив хизматнинг барча учун очиқ бўлиши, сифатли ишлашига салбий таъсир кўрсатади.

Турли идораларда кузатиладиган яна бир камчилик техник персоналнинг етарли даражада малакага эга эмаслиги, ташкилотда ахборот хавфсизлиги сиёсати, техник ривожланиш режаси, техника мутахассисларининг бу борадаги кўникмаларини ошириш йўлга қўйилмагани ва техника мутахассисларида, тармоқ администраторларида профессионал сифатларни шакллантириш, конфиденциал ахборот ёки тизимни ишлатишда ходимларни масъулиятини табақалаш йўқлиги. Лойиҳалар техник ҳужжатларсиз қабул қилинади ёки техник ҳужжатлар нархни арзонлаштириш, қарор қабул қилиш жараёнини тезлатиш мақсадида ишлаб чиқилиб, техник топшириққа умуман мос келмайди.

Оқибатда ахборот тизимидаги маълумотлар ўз-ўзидан йўқолиши ҳолатлари кузатилади, шу сабабли «Ўзкомназорат» инспекцияси томонидан тармоқ яратиш схемаси, ахборот алмашинуви регламенти, маълумотларни мунтазам захиралашни тартибга солиш, дастурий таъминотни сертификациялаш, ахборотнинг криптографик ҳимоясини таъминлаш бўйича таҳлил асосида тавсиялар бериб борилади.

Хизматлар онлайн режимда, кунига 24 соат тақдим этилишини тушуниш лозим. Бироқ, техник ва ташкилий масалалар (ходимларнинг етарлича малакаси, кўрсатилаётган хизматлар маъмурий регламентлари мавжудлиги, кутилмаган вазият юзага келганда ҳаракатлар йўриқномаси, давлат органлари веб-сайтига интернет-ҳужумлар бўлганда ҳаракатлар режаси, рухсат берилмаган ташқи таъсирлар, жумладан интернет орқали тизимга ҳужумдан ахборот ресурслари ва ахборот тизимларини ҳимоялаш чоралари) ҳал этилмагани сабабли, буни таъминлаш имконсиз бўлади.

Техник ходимларнинг малакаси юқори бўлиши лозимлиги, техник ҳужжатлар аниқ бўлиши, ҳаракатлар регламенти, кутилмаган вазиятларда ҳаракатлар режаси, ахборот ресурсларини ҳимоя қилиш масаласи, киберхавфсизлик муаммолари баъзида идоралар раҳбарлари томонидан керакли эътибор билан қабул қилинмайди.

Шу муносабат билан, «Ўзкомназорат» давлат инспекциясининг йўналишларидан бири айнан мана шундай муаммоли масалаларни аниқлаш ва янги идоралараро унификацияланган ахборот тизимларини қуриш учун давлат органларининг интеграцияланган техник маконини қуриш, идоравий маълумотлардан фойдаланишни таъминлаш бўйича йўналишлар ва тавсияларни ишлаб чиқиш, «Электрон ҳукумат» тизимида янги интерактив хизматларни ривожлантиришнинг техник имкониятларини яратиш саналади.

2019 йил 1 октябрда «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Рақамлаштириш асрининг барча жараёнларида унинг муҳимлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Ушбу масаланинг ечими бўйича ишлар қандай бормоқда?

— Бугунги кунда шахсга доир маълумотлар хавфсизлигини таъминлаш масаласи ҳам жуда муҳим. Жорий йилнинг октябридан мамлакатимизда «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонун кучга кирди. Шахсга алоқадор маълумотларни ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг муҳим аҳамиятга эга йўналишларидан бири. Аммо кўплаб давлат органлари, жумладан фуқароларимиз ҳам интернет орқали давлат хизматларидан фойдаланаётган вақтда шахсга доир маълумотлар тармоққа тушса қандай хавф юзага келиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўрмайди.

Хориж нашрларида чоп этилаётган, ОАВда эълон қилинаётган хабарларда банк соҳасида катта маълумотлар базасидаги ахборотнинг ошкор бўлгани, электрон почта пароллари ва банк ҳисоб рақамлари ҳақидаги ахборот очиқ қолгани ҳақида ўқиймиз, эшитамиз, кўрамиз ва кўпинча бу бошқа давлат ҳудудида рўй берди деб парво қилмаймиз.

Ахборот технологияларининг ривожланиши бундай таҳдидларни Ўзбекистон ҳудудига ҳам кириб келишига туртки бўлди ва энди шахсга алоқадор ахборотлар билан ишлашда эҳтиёткор бўлишимиз талаб этилади. Битта муҳим ахборотнинг ошкор қилиниши ҳам нопок ниятли кимсаларнинг текширув тизимларини алдаб, молиявий ҳисоб рақамларга йўл очишига олиб келиши мумкин.

Ижтимоий тармоқларда ишлаганда, турли булутли технологиялардан фойдаланганда шахсий маълумотлар бутлиги масаласи алоҳида туради. Бир қанча хорижий сервислар борки, фойдаланувчининг ўзи ўз ихтиёри билан ижтимоий тармоқларга уланишни тақдим этадиган компанияларга ўзи ҳақидаги контакт маълумотлар – телефон, ФИШ, яшаш жойи, банк реквизитларини беради. Шунингдек, фойдаланувчилар бундай сервисларда ўз шахсий ахборотлари – турли фотосуратлар, видео, турли ҳужжатлар сканларини жойлашлари ҳам кўп кузатилади, баъзида улар махфий характерга ҳам эга бўлади. Шу тариқа, бу ахборот «сизиб чиқади», у турли хорижий серверларда сақланади ва бундай маълумотларнинг муайян минтақа учун ҳимояланганлиги ўша компанияларнинг виждонига ҳавола бўлади. Булутли сервислар, машҳур ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларни бузиш ҳолатлари кўп учрайди, унда яширин ахборот жамоатчиликка ошкор бўлади ва шахсий ҳаётга тажовуз қайд этилади.

Шуни аниқ тушуниш лозим: у ёки бу технология ёхуд хизматнинг рухсат берилмаган аралашув ва ахборотни илиб олиш борасидаги ҳимояланганлигининг техник жиҳатлари билан бир қаторда, эҳтимолий хатарлар тўғрисида хабардор қилиш сиёсатини юритиш ва аҳоли саводхонлигини ошириш зарур.

Ҳамма ахборот хавфсизлиги ҳақида гапиради. Сиз раҳбарлик қилаётган инспекция ушбу тушунчани қай даражада таҳлил этади?

— Интерактив давлат хизматлари кўрсатилишида фойдаланувчилар хизмат кўрсатилишининг рад этилишидан, киритилган ахборот сизиб кетиши ёки ўзгартирилишидан, тўлов ҳақидаги маълумотнинг йўқотилишидан, коммунал хизмат (газ, электр, иссиқ сув, маиший чиқиндилар ва бошқа)лар учун ҳисоб-китобдаги хато ва ўзгартиришлардан кафолатланган бўлиши лозим.

Ушбу маълумотларнинг ҳаммаси техник воситалар ёрдамида ноқонуний ўзгаришлар, ахборотнинг йўқ қилинишидан ҳимояланган бўлиши лозим, акс ҳолда баҳсли вазиятлар келиб чиқиб, қурилманинг ёки дастурий таъминотнинг техник хатоси туфайли ёхуд қинғир йўлни танлаган кимсаларнинг ҳаракатлари оқибатида ҳисобдан пул ечилиши, янги қарздорлик пайдо бўлиши мумкин ва бу аҳолида норозилик пайдо бўлишига олиб келади.

Ҳозирда статистик, солиқ, «банк-мижоз», интернет-банкинг ҳисоботларини электрон имзо орқали юритиш ишлаб турибди. Бу хизматларнинг барчаси очиқ интернет-маконда тақдим этилади ва ахборот хавфсизлиги қанчалик таъминлангани, ахборот қанчалик техник соз ва ишончли ҳимоялангани, узатилаётган маълумотларнинг сизиб чиқиш, ушлаб олиш, ўзгартиришдан муҳофазаси қай даража эканлигига қараб бу хизматлар талабгир бўлади.

— Хизматлар сифати бўйича эътирозлар ва мурожаатларни «Ўзкомназорат»га қандай йўллаш мумкин?

— Кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш масаласи инспекция фаолиятининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. «11-44» ишонч телефони орқали мурожаатларни қабул қилиш хизмати йўлга қўйилган, раҳбар қабулига келиб мурожаат қилиш, электрон почта ([email protected],  [email protected]) орқали интернет хизматлари, мобиль алоқа, телефон ва почта алоқаси бўйича мурожаатлар йўллаш мумкин.

Масалан, 2019 йилнинг ҳозирги даврига қадар инспекцияга 8842 та мурожаат келиб тушган, 2018 йилнинг ушбу даврида уларнинг сони 7906 тани ташкил этганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг