Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мустаҳкам Тангриёрова

Оққан дарё оқаверади. 

«Арафа ва ҳайит кунларида жарроҳлик бўлимига кўпроқ қассоблар мурожаат қилишди» —   Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам клиник шифохонасидан репортаж

«Арафа ва ҳайит кунларида жарроҳлик бўлимига кўпроқ қассоблар мурожаат қилишди» —   Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам клиник шифохонасидан репортаж

Фото: «Xabar.uz»

Қурбон ҳайити муносабати билан эълон қилинган 4 кунлик дам олиш куни, табиийки, тез тиббий ёрдам кўрсатиш муассасалари ходимларига (ҳар ҳолда аксарига) дахли йўқ. 

Дард байрамда дам олаяпсанми, ишдамисан, деб сўрамайди албатта. Лекин, тез тиббий ёрдамга мурожаатларда айнан айём муносабати билан боғлиқ ҳолатлар бор. 

10 июль. Соат 11.50.  Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам клиник шифохонаси қабул бўлимидамиз. Йўлакда ҳар бир ихтисосдаги шифокор хонаси олдида навбат бор. Бирида озроқ, бошқасида кўпроқ. Жарроҳлик хонасига кириш учун навбатда турган йигит ўзини Азим Низомов деб таништирди. Азим 34 ёшда.

«Қўлимга зирапча кириб қолувди, шуни чиқараман деб турувдим, шу пайт қўйимни сўяман деб қассоб кеб қолди, қўлимдаги нинани оғзимга тишлаб туриб қассобга қарашаётган эдим, бир маҳал қарасам нина йўқ-да, жажжигина игна-тугма эди. Ютвордимми, ташавордимми, билмай юрибман ҳали».

Йигитнинг ҳамроҳи хонадондаги ҳамма маросимларни ташлаб, Келесдан учгандай 16 шифохонага келганлари, у ерда жарроҳлик бўлими ишламаётгани сабаб «Жуковский»га йўл олганларини айтади.

Йигитга рентген буюрилди. Ҳар тугул рентген йигитнинг баданида ёт жисм йўқлигини кўрсатди. Қизиғи, бу орада мурожаат қилган кейинги бемор ҳам игна-тугма ютганини айтди. Аёлнинг айтишича, рўмол тўғноғичини оғзига солиб ҳозирланаётганда ниманидир сўрашган, у гапирмоқчи бўлганида игна-тугма ичига кетиб қолган. «Ўзимнинг эҳтиётсизлигимдан» дейди у. Рентген хонасидаги дафтарда бу гал ёт жисм ҳақида қайд ёзилди. 

Абдулазиз Турғунпўлатов

Навбатчи врач Абдулазиз Турғунпўлатов игна ёки шунга ўхшаш буюмлар ютгани гумони билан келган беморларнинг текшириш йўли фақат рентген эканлигини таъкидлайди. Вазият аниқ-тиниқ бўлгач, ечим изланади дейди у.

«Агар ёт жисм яқин соатлар ичида ютилган, бемор шундан кейин қанақадир овқат маҳсулоти емаган бўлса, эндоскопик йўл билан олиш мумкин.  Биринчи беморимизда ёт жисм аниқланмади. Жавоб бердик, лекин назоратда бўлиши керак.

Иккинчи беморимиз аёлда нина аниқланди. Игна жойлашган соҳа катта эҳтимол билан меъдада деб белгиланди ва эндоскопик хирургга юборилди. Зонт орқали, эндоскопия усулида ёт жисм олиб ташланади». 

Бундай мутахассис ҳозирча шаҳар тез тиббий ёрдам клиник шифохонасида йўқ экан. Шу сабабли бемор «Янги ТошМИ»га йўлланди.

Шифокорнинг маълум қилишича, игна ютиш ёки кириб қолиши тажрибада мунтазам учрайдиган ҳолат эмас.

«Бугун тасодиф туфайли кета-кет икки киши шу арз билан келишди. Онда-сонда бўлса ҳам, асосан, ерга тушган игнани босиб олишдан кириб кетган, гоҳида синиғи ичкарида қолган ва михни босиб олиш ҳолатлари учрайди. Маълум бўлишича, 7 июнь кунида 18 ёшли йигитча қўлининг билакдан юқорироқ қисмида тир ўқи тўлиқ кириб кетгани рентгенда қайд этилган.

Абдулазиз Турғунпўлатов ҳар битта бемор ҳолатига кўра индивидуал ёндашилишини айтади.  «Ёт жисм олиш имкониятини бўлса олиб ташланади. Агар ёт жисм жойлашган соҳа ичкарида ва мураккаб бўлса, микрожарроҳга юборилади».

Байрамга хос касалликлар ҳам бўладими, сўрайман шифокордан.

«Кеча, бугун қассоблар кўпроқ мурожаат қилди. Қассоблар ҳар доимдагидек, ўзининг эҳтиётсизлиги туфайли қўлига ёки оёғига пичоқ кириб кетади ёки кесиб қолади» дейди жарроҳ. Мурожаат қилган қассобларга биринчи ёрдам кўрсатилган, лозим бўлганда қон тўхтатилган, кесилган жойлар тикилган, жароҳатга ишлов берилган.

Қабул бўлимида бир эмас, икки эмас, бирйўла уч нафар жарроҳ навбатчиликка қўйилган.

Икром Турғунов

Икром Турғунов кўзлари киртайган, тундаги навбатчиликдан сўнг фаолиятини давом эттираяпти.  У Абдулазизнинг фикрини давом эттиради: «Энг кўп ошқозон ичак тракти билан боғлиқ шикоятлар билан келишаяпти. Айниқса, парҳезда бўлиши керак бўлган кишилар шу кунларда ўзларининг сурункали хасталиги борлигини унутиб қўйишади. Мана бу беморимиз ошқозонида яраси аниқланган ва шу туфайли қатъий парҳезда бўлиши керак бўлган».

Бемор, 35 ёшли Содиқжон Абдунабиев ошқозонида яра борлигини анчадан буён билади.

«Кеча қурбонликка қўй сўйилган экан, шундан жиз-биз қилиб едик. Нимаданлигини ўзим ҳам билмайман, букиб ташлади-да. Рентген қилишди, УЗИ қилишди.  Анализ топширдим. Уколдан кейин ҳозир бироз қўйиб юборди», дейди Содиқжон. Кейин «гўшт едим, лекин ичмайман» деб қўшиб ҳам қўйди.

Содиқжон Абдунабиев

Шифокорлар, Содиқжоннинг ренгент ва УЗИ хулосаларида ваҳимали нарса йўқлиги, ичак тешилиб қолиши ёки ўт қопида тошлар тиқилиб қолиши кузатилмаётганини унга тушунтирадилар.  

Айни вақтда, шифохона операция хонасида, эрталаб келган бемор – 53 ёшли аёлнинг ўт қопини олиб ташлаш жарроҳлик амалиёти бошланган эди. Аёлнинг уч фарзанди операция тугашини интиқ кутаяпти. Кенжа ўғил Фаррух Меҳмонов хуруждан аввалги вазиятни гапириб беради.

«Қўйлиқданмиз. Ўзи 3-4 кундан буён кўнгиллари кўтарилиб, ўзларини нохуш ҳис этаётган эдилар. Кеча оқшом қўшнилар чақиришган, у ерда жигар қовуриб ейишган. Ўт қопларида тош  оғриқ бериб турарди. Лекин тундаги хуруждаги ҳолларини ҳеч қачон кўрмаганмиз...»

Шу пайт ичкаридан ўрта ёшлардаги жарроҳ чиқиб келади ва Фаррухнинг қўлига елим халтачани тутқазади. Ўт қопи ичидан олинган тошлар.  Мошдек келадиган, лекин қора тошлар. «30 тадан ошса керак» дейди Фаррух.

Қайтар эканман, «Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам клиник шифохонаси» деган ёзув остидаги дарвоза ланг очиқ қолаётганига эътибор бераман. «Тез ёрдам» машиналари бир кириб, бир чиқаяпти.   

Йўлакда «Амбуланс» машинаси ойнасини артаётган ҳайдовчининг «Бирорта байрамда уйда бўлмаганман» деган гапи қулоғимга чалинади...

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг