Араблар яҳудийлар билан келиша бошлади
Марокаш 22 декабрда Исроил билан тўлиқ дипломатик, тинчлик ва дўстлик алоқаларини ўрнатишга тайёр эканлигини билдирди. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Саад Усмоний ва АҚШ президентининг катта маслаҳатчиси (ҳам куёви) Жаред Кушнер ҳамда Исроил Миллий хавфсизлик кенгаши раҳбари Меир Бен-Шаббат ўртасида имзоланган қўшма декларацияда маълум қилинди.
Бу икки давлат авиакомпанияларининг ўзаро ҳаво қатновларини амалга ошириш, Работ ва Тель-Авив шаҳарларида Алоқалар бўйича бюроларни қайта очиш, дипломатик паспортга эга шахсларнинг визасиз борди-келдисига рухсат бериш, икки томонлама алоқаларни ривожлантиришни назарда тутади.
Сўнгги кунларда Ғарбий Африкадаги Марокаш давлати Бирлашган Араб Амирликлари, Баҳрайн, Судандан кейин Исроил билан дипломатик муносабатлари қайта тиклаб, меъёрлаша бошлаган тўртинчи араб мамлакати ҳисобланади. Бу Трамп маъмуриятининг Ўрта Ер денгизидан Ҳиндистонгача бўлган янги блок тизимининг шакллантириш жараёнининг ажралмас бир қисмидир.
Аслида ҳозирги Марокаш ҳудуди Рим империяси таркибига кирган даврлардаёқ бу ерда яҳудийлар истиқомат қилиб келади. 1940 йилларда Шимолий Африкадаги энг кўп – 240 минг яҳудий айнан Марокашда истиқомат қилган.
Иккинчи жаҳон уруши йилларида фашистлар қўғирчоғи бўлган Виши ҳукумати Франциянинг дунё бўйлаб мустамлакаларидаги ҳукуматларга яҳудийларни қирғин қилиш бўйича кўрсатма берганида Марокаш Подшоҳи Муҳаммад «бизда яҳудийлари йўқ, фақат марокашликлар бор», дея уларни ҳимоя қилиб қолгани катта эҳтиром билан ёдга олинади.
1948-1984 йилларда марокашлик яҳудийларнинг 260 минг нафари янги ташкил этилган Исроил давлатига кўчиб ўтишди. Ҳозирда Исроилда улар сони 500 минг нафардан ошди. Марокашнинг ўзида эса уларнинг 10 мингга яқини истиқомат қилишади.
Касабланкада яҳудий жамиятлари кенгаши ҳамда 4 та яҳудий мактаби фаолият юритаётган бўлса, мамлакатда жами 12 та синагог ишлаб турибди.
Работ университети профессори Шимон Леви 1996 йилда Касабланкадаги Ислом оламида ягона бўлган Яҳудийлар музейига асос солган ва унинг директоридир.
Трамп ниҳоят Марокаш ҳудудий яхлитлигини тан олади....
Гап шундаки, Дональд Трамп президентлиги тугаши аввалида халқаро майдонда ижобий имиж яратиш ва яҳудийларнинг манфаатларини ифодалаш ниятида.
Марокаш Исроил билан алоқаларни қайта ўрнатиши эвазига Трамп Ғарбий Сахара устидан расмий Работнинг суверенитетини тўлиқ тан олишига тўғри келди.
АҚШ етакчиси «Twitter»да бу воқеани Яқин Шарқда тинчлик ўрнатиш бўйича саъй-ҳаракатлар доирасидаги салмоқли сакраш деб атади. Трамп шунингдек, АҚШ Ғарбий Сахара устидан Марокашнинг суверенитетини тан олиш ҳақидаги декларацияга имзо чекканини ҳам таъкидлади.
«Мухторият ҳақидаги Марокаш ёндашуви жиддий ва ишончли ҳамда реал таклифдир – бу тинчлик ва фаровонлик учун адолатли ва қатъий қарордир. Марокаш Қўшма Штатларини 1777 йилдаёқ тан олган. Шу тариқа унинг Ғарбий Сахара устидан суверенитетини тан олишимиз ўринли», деб ёзган.
Марокаш АҚШ учун НАТО блокидан ташқаридаги асосий иттифоқчи давлат ҳисобланади. Шу кунларда Трамп нафақат иқтисодий кўмак кўрсатмоқчи, балки 1 миллиард долларга тенг қурол-яроқлар партиясини ҳам Марокашга етказиб беришни режалаштирмоқда. Улар орасида энг замонавий учувчисиз учиш қурилмалари, бошқариладиган ракета, авиабомбалар мажмуалари бор.
Қолаверса, АҚШ Марокашда кечаётган иқтисодий ва ижтимоий муносабатларни рағбатлантиради.
Ғарбий Сахара ташқи ишлар вазирлиги Трамп қарорини «ўйламасдан қилинган ва юридик кучга эга эмас», деб ҳисоблайди. Россия уни «халқаро ҳуқуқ доирасидан чиқиш» деб атайди.
1912-1956 йилларда Марокашни бошқарган, ҳозирда ўз ҳудудида 1,5 миллион марокашлик яшайдиган Франция эса аксинча Ғарбий Сахаранинг мустақиллигига қаршидир ва унга фақат мухторият мақомини бериш режасини қўллаб қувватламоқда. Африка Иттифоқи эса Сахаранинг референдум орқали ўз тақдирини белгилаш ҳуқуқини расмий тан олади.
Аммо Испания билан ҳам Марокашнинг Африка қитъасида жойлашган икки анклав — Сеута ва Мелильянинг тегишлилиги бўйича баҳслари мавжуд.
Собиқ маслаҳатчи норози
Сўнгги 30 йилда Вашингтонда бу ердаги этник аҳолининг ўз тақдирини ўзи белгилашдек мустақил сиёсатни ёқлаб келган эди. АҚШ президентининг собиқ маслаҳатчиси Жон Болтон аввалги раҳбари ишидан норози бўлиб, «АҚШ дипломатияси билан ҳаваскорлар шуғуллангани учун шундай бўлди», деб ҳисобламоқда.
Болтон жаноблари шошилинч қарорни кескин қоралаб, Оқ уйнинг бу муҳим ташқи сиёсий масалада на Ғарбий Сахарани озод қилиш миллий фронти (ПОЛИСАРИО) билан, на Жазоир ва Мавритания билан маслаҳат қилмаганини танқид қилмоқда.
Бир қарашда бу ҳаракат бутун Шимолий Африкада беқарорлик муаммосини ҳал қилгандай ва яна бир ёрқин халқаро ғалабадай кўринади. Аммо Трамп катта сиёсий хатога йўл қўйди.
Оклахома штатидан сенатор бўлган Жим Инхоф 2019 йил майда шахсан Трампга сахарави учун референдум муҳимлигини тушунтирган эди. Аммо Трамп бу давлат ҳақида ҳеч қачон эшитмаганини билдирганди. Ўшанда сенатор Президентга «аввал ҳам бу ҳақида айтганимизда бизни эшитишни истамаган эдингиз», деганди.
Россия эса Ғарбий Сахаранинг тан олиниши минтақадаги тинчликка таҳдид солишидан хавотир билдирди.
Ғарбий Сахара қандай давлат ўзи?
Ғарбий Сахара – Африка шимоли-ғарбий ҳудудида жойлашган тан олинмаган давлат. 1884 йилдан Испания мустамлакаси бўлган. 1973 йилда Ғарбий Сахарани озод қилиш миллий фронти (Полисарио) тузилган. 1975 йилда мустақил Марокаш ва Мавританиянинг Мадридга фаол босими билан у бу ердан чиқиб кетди. Ғарбий Сахаранинг шимолий қисми Марокаш, жанубий қисми эса Мавритания юрисдикциясига ўтказилган.
1976 йилда Полисарио фронти мустақил Сахара араб демократик республикасини эълон қилди. Мавритания билан келишув имзоланди ва ўртада муаммо қолмади. Аммо Марокаш билан узоқ йилларга чўзилган уруш ҳаракатлари олиб борилди.
БМТ унинг мустақиллигини ҳам, Марокашнинг ҳудудни қўшиб олганини ҳам тан олмади ва бу борада референдум ўтказиш талабини илгари сурди. Марокаш ҳукумати бу ҳудудга кенг автономия бериш орқали ўз таркибида сақлаб олиш режасини билдирди. Полисарио эса Ғарбий Сахара мақомини референдум йўли билан белгилашни таклиф этиб келмоқда.
Сахара Араб Демократик Республикаси президенти Брагим Гали унинг юртини Марокашнинг Африка Иттифоқи ва БМТнинг қарор ва резолюцияларига зид бўлган таҳдидидан Африка Иттифоқи ва халқаро ҳамжамият ҳимоя қилиши керак, деб ҳисоблайди.
Ҳозир мамлакатнинг салкам 80 фоиз ҳудудини Марокаш, қолганини Полисарио назорат қилиб турибди. 1991 йилда ўзаро ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишувга эришилгач, БМТ Хавфсизлик кенгаши мандати бўйича тузилган Тинчликпарвар кучлар киритилган.
Ўшандан буён томонлар ўт очишни тўхтатиб келишаётган эди. Тинчлик эвазига расмий Работ унга референдум ўтказиш ҳуқуқини бериши зарур эди. Аммо ундай бўлмади. Шу йил ноябрда яна чегарада ўқ овозлари янгради, ҳарбий ҳаракатлар қайда бошланди.
Ғарбий Сахарани ҳозирга қадар БМТнинг 60 давлати тан олган. 45 мамлакат эса Ғарбий Сахара халқининг ўз тақдирини ўзи белгилаш қарорини тан олади. 1982 йилда қитъадаги энг йирик тузилма – Африка Иттифоқи ташкилотига аъзо бўлиб кирган. У кириши билан Марокаш норозилик ифодаси сифатида бу ташкилотдан чиқиб кетди ва фақат 2017 йилда унга қайтди.
Ҳудуднинг аҳоли сони кам ва асосан чўлдан иборат бўлса-да, табиий ресурсларга ниҳоятда бойдир. Мустақиллик тарафдорларини Жазоир давлати доим фаол қўллаб-қувватлаб келади. Жазоир исёнчиларга қурол-яроқ, маблағ ва дипломатик кўмак кўрсатади. Тиндуф вилоятиба Ғарбий Сахарадан қочганларнинг лагери бор. Исёнчилар ҳам бу ерда ўз лагерига эга ва мамлакат армияси билан яқин ҳамкорлик қилади. Бу нарса Марокашнинг норозилигига сабаб бўлиб келади ва икки қўшни мамлакат совуқ уруш ҳолатида яшаб келмоқда.
АҚШда ҳокимиятга Байден келиши билан, Трампнинг келишувларини тан олмаслиги, Полисариони тан олиши ва Шимолий Африкада яна бир беқарорлик келиб чиқиши мумкин.
Марокашнинг ички муаммолар ҳам етарли
Табақалашув, ноқонуний миграция, пандемия туфайли иқтисоднинг заифлашуви, сайёҳлар оқимининг кескин камайиб кетиши Марокаш иқтисодиёти учун жиддий муаммо бўлиб қолмоқда.
Подшоҳ Муҳаммад VI Африкадаги энг бой одамлардан биридир. «Forbes» журнали уни олти юзта машинаси, 12 та қасри, Францияда муҳташам саройи борлигини ёзган. «Business Insider South Africa» журнали ёзишича, унинг умумий бойлиги 6,3 миллиард долларга тенг. У йирик холдинг компанияси (Societe Nationaled’Investissement) ва йирик фосфат конига эгалик қилади.
«The Telegraph» нашри ёзишича, тахт эгаси сақлаб туриш солиқ тўловчиларга йилига 353 миллион долларга тушмоқда. Бу қиролича Елизавета II сарфларига қараганда 18 баробар кўпдир.
Ваҳоланки, 35 миллионлик нуфуснинг қарийб 3 миллиони қашшоқликда яшамоқда. Камбағал аҳолининг эса 79,4 фоизи қишлоқ жойларида истиқомат қилади. Афсуски, 2020 йилда пандемия шароитида мамлакатнинг ярим миллион аҳолиси вирус билан касалланиб, иқтисодиёт ўсиши 6,6 фоизга қисқарди.
Ўтган йили 13 миллион сайёҳ ташриф буюриб, 8 миллиард доллардан ортиқ даромад кўрилган бўлса, бу йил соҳа учун жиддий синов йили бўлди.
Шу боис халқаро донорлар иштирокида «Яшил авлод» дастури ёшларни қишлоқ хўжалиги соҳасида ишга жалб этишни, тадбиркорлик ва таълим олиш дастурларини молиялаштиришни, қишлоқ хотин-қизларини ўқитишни кўзлайди.
Боз устига Марокаш африкалик мигрантлар ва қочоқларнинг ғарбий Ўрта Ер денгизи ҳаракат йўналишида асосий транзит нуқтадир. Подшоҳликни Испания билан Гибралтар бўғозининг энг тор жойида 15 километрлик оралиқ масофа боғлаб туради.
Марокаш ҳукумати ва соҳилни қўриқлаш хизмати шу йилнинг ўзида 54 минг бу каби ноқонуний муҳожирнинг Европага транзитининг олдини олиб қолган.
Ноқонуний муҳожирлар оқимига қарши кураш мамлакат ғазнасига йилига 200 миллион долларга тушмоқда. Расмий Работ миграция масаласида Европа учун жандармлик қилишни истамаслигини, ҳар бир давлат ўз фуқаролари учун масъулиятни ўзи зиммасига олиши кераклигини очиқ айтди.
Дилдора Шомуротова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter