АҚШ–Мексика чегарасида «ажал қопқони» ўрнатилди
АҚШ–Мексика чегарасида, Рио-Гранде дарёсида ноқонуний муҳожирларга қарши сузувчи тўсиқлар жойлаштирилди. Техас штати маъмурияти томонидан ўйлаб топилган бу мослама «ажал қопқони» дея танқид қилинмоқда.
Бочкалардан иборат узун мослама чегарани сув орқали ноқонуний кесиб ўтувчилар йўлини тўсишга мўлжалланган. Бочкалар орасида ўткир тиғ – арралар ўрнатилган. Шунга кўра жамоатчилик бу мигрантларни тўхтатиш эмас, балки ўлдириш мақсадида ўйлаб топилган мослама эканини айтмоқда. Хусусан, АҚШ–Мексика чегарасига борган конгрессвумен Сильвия Гарсия Техас маъмуриятининг бу хатти-ҳаракатини қоралаган.
Сузувчи тўсиқлар аллақачон бир неча муҳожир ҳаётига зомин бўлган.
«Ажал қопқони» жамоат хавфсизлигига таҳдид солмоқда деб ҳисоблаган АҚШ адлия вазирлиги Техас штати губернатори Грег Эбботт устидан судга мурожаат қилган.
АҚШ–Мексика чегарасида муҳожирлар билан боғлиқ фожиалар кўп кузатилади. Масалан, жорий йил март ойида муҳожирларни сақлаш марказида рўй берган ёнғинда ўнлаб одам ҳалок бўлган.
Кейинги вақтларда Ўзбекистон фуқароларининг АҚШга Мексика орқали қинғир йўллар билан киришга уриниши ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.
АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси Мексика чегараси орқали ноқонуний киришга уриниш хатарли эканидан огоҳлантирган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter