Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

АҚШ разведка идораси раҳбари Россия армияси камчиликларини очиқлади

АҚШ разведка идораси раҳбари Россия армияси камчиликларини очиқлади

Украина Россия мудофаа тизимидаги жиддий муаммолар сабаб қарши ҳужумда муваффақият қозониши мумкин. Бу ҳақда АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) директори Уилям Бёрнс Аспен шаҳрида бўлиб ўтган хавфсизлик форумидаги чиқишида гапирган.

Сўнгги ҳафталарда Украина қуролли кучларининг босиб олинган ҳудудларни қайтариб олишга қаратилган қарши ҳужуми кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Аввалроқ қарши ҳужум қандай якунланиши борасида уч ссенарий ҳақида хабар берган эдик.

«Бу (қарши ҳужумда зафар қозониш – таҳр.) осон юмуш эмас, аммо биз разведка идораси сифатида украиналикларга мадад бўладиган жосуслик кўмаги ва ахборот алмашувини кўрсатамиз», – дея ваъда берган У. Бёрнс.

Разведка идораси раҳбари «жанговар руҳнинг пастлиги», «нўноқ қўмондонлик» ва «Россия сиёсий ва ҳарбий раҳбарияти ўртасидаги таранглик»ни Украинага бостириб кирган давлатнинг асосий камчиликлари ўлароқ кўрсатган. 

МРБ раҳбари Россияни ларзага солган Евгений Пригожин исёнига ҳам муносабат билдирган.

Қайд этилишича, «Вагнер» хусусий ҳарбий ширкати етакчисининг ҳарбий ғалаёни президент Владимир Путин сиёсий тизимининг камчиликларни фош этиб қўйди.

Шунга кўра айрим экспертлар Путин Пригожинни тирик қолдирмаслиги ҳақида гапирмоқда. Жумладан, МРБ собиқ раҳбари Девид Петреус Пригожин ҳозирча ҳаётини сақлаб қолган бўлса-да, унга суиқасд уюштирилиши муқаррарлиги ҳақида гапирганди.

«У янги қўнимгоҳи – Беларусда очиқ деразалар олдида жуда эҳтиёт бўлмоғи лозим», – деб маслаҳат берган эди генерал Петреус.

Уилям Бёрнс ҳам Путиннинг қасос олиши эҳтимоли юқори эканини таъкидлаб, Пригожин заҳарлаб ўлдирилиши мумкинлигига ишора қилган.

МРБ раҳбарига кўра, Россия элитаси Путиннинг ҳарбий исёнчиларга нисбатан қатъияцизлигидан норози бўлган.

Жосуслик идораси бошлиғи У.Бёрнс аввалроқ президент Путин Украинадаги муваффақияциз ҳарбий ҳаракатлар ортидан ядро қуролини ишга солиши мумкинлигидан ҳам огоҳлантирган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг