Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

АҚШ Ўзбекистоннинг ЖСТга тезроқ аъзо бўлишида кўмак беради

АҚШ Ўзбекистоннинг ЖСТга тезроқ аъзо бўлишида кўмак беради

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Ж.Хўжаев ҳамда АҚШ савдо вазири ўринбосари М.Лаго.

Фото: АҚШ элчихонаси

АҚШ Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига тезроқ аъзо бўлиши йўлида яқиндан ҳамкорликни давом эттиради. Бу ҳақда жорий йил 17 октябрь куни Тошкентда ўтган Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев ҳамда АҚШ савдо вазири ўринбосари Мариса Лаго учрашувида сўз борган.

ИТСВ матбуот хизмати хабарига кўра,  Ж.Хўжаев Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши жараёнида АҚШ бошқа услублар қаторида USAIDнинг техник кўмак лойиҳасини амалга ошириш орқали ҳар томонлама кўмак кўрсатаётгани учун миннатдорлик билдирган.

АҚШ савдо вазири ўринбосари билан мулоқотда икки давлат ўртасидаги иқтисодий муносабатлар, инвестициявий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Қайд этилишича, сўнгги бир неча йил ичида Ўзбекистонда АҚШ капитали иштирокидаги корхоналар сони икки баробарга кўпайиб, 315 тага етган. Музокараларда икки томонлама инвестициявий битимни имзолаш жараёнини тезлаштириш, Америка компаниялари ва молия институтларини Ўзбекистонда тоғ-кон, кимё ва нефть-кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик саноати ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга жалб этиш бўйича келишувга эришилган.

Расмий Вашингтон бир неча йилдан буён Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишини ёқлаб келмоқда. Жумладан, АҚШ савдо вазири Уилбур Росс 2019 йил октябрь ойида Вашингтонда бўлиб ўтган анжуманда Ўзбекистондаги ислоҳотлар равнақида ЖСТга аъзо бўлиш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаган ва бу борада хайрихоҳлик билдирган.

2019-2022 йиллар давомида АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси вазифасида фаолият юритган Дэниел Розенблюм ҳам ЖСТ оиласига қўшилиш масаласига бир неча бор тўхталган. Жумладан, дипломат Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзолиги суверенитет ва мустақилликка таъсир этиши мумкинлиги, шунга кўра, глобал иқтисодиётнинг 98 фоизини ўзида мужассам этган ЖСТга аъзо бўлиш маъқуллигини қайд этган.

ЖСТга аъзолик масаласи бугун ҳам Тошкент ҳамда Вашингтон расмийлари ўртасидаги музокараларда муҳим масалалар қаторида муҳокама этилмоқда. Жумладан, жорий йил 4 октябрь Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов АҚШнинг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича савдо вакили (USTR)  собиқ ёрдамчиси, Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиши бўйича маслаҳатчи этиб тайинланган Марк Линскотт ва USAIDнинг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси директори этиб тайинланган Жэйсон Гилпин билан музокара ўтказди. Ушбу учрашувда ҳам Америка томони Ўзбекистонга ЖСТга аъзо бўлиш жараёнида ёрдам самарадорлигини янада ошириш бўйича қатор чора-тадбирлар ва механизмларни таклиф қилди.

ЖСТ мамлакатлар ўртасидаги савдо муносабатларини тартибга солувчи, “ўйин қоидалари”ни белгиловчи глобал уюшма саналади. Қулай тартибот, очиқ ва ҳалол рақобат, иқтисодий ислоҳотларни ривожлантиришга кўмак, ҳақ-ҳуқуқ чекланмаган савдо, бу борадаги расмиятчиликларни камайтириш кабилар ЖСТнинг асосий талаб-тамойиллари ҳисобланади.

Ўзбекистон ЖСТга қўшилиш учун 1994 йилда ариза берган ва ишчи гуруҳнинг учта учрашувида қатнашган. Аммо айрим сабабларга кўра бу жараён тўхтаб қолган. 2017 йилда халқаро тузилмага қўшилиш бўйича саъй-ҳаракатлар қайта бошланган.

Мутахассисларга кўра, ЖСТга аъзолик Ўзбекистонда иқтисодий тараққиётга туртки беради. Аввало, янги сармоялар асосида қўшимча иш ўринлари яратилади, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулот сифатини ошириб, дунё бозорида рақобатлашишни ўрганади. Ўз навбатида, истеъмолчилар арзон ва сифатли товарлар ҳамда хизматларни танлаш имконига эга бўлади.

Халқаро ташкилотга аъзолик, шунингдек, божхона маъмуриятчилиги ва қонунчилик бўйича институционал ислоҳотларни амалга ошириш, тизимдаги коррупция даражасини камайтиришга кўмак беради, дунё миқёсидаги илмий-техник ривожланиш жараёнига интеграциялашувни тезлаштиради.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг