Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

АҚШ Ўзбекистонга 14,2 миллион доллар ажратмоқда

АҚШ Ўзбекистонга 14,2 миллион доллар ажратмоқда

АҚШ Ўзбекистон халқини қўллаб-қувватлаш учун 14,2 миллион доллар маблағ ажратади. Бу ҳақда айни пайтда Ўзбекистонда меҳмон бўлиб турган АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)  администратори Саманта Пауэр маълум қилди.

АҚШлик юқори мартабали мулозимнинг 23-24 октябрь кунлари давом этадиган ташрифидан кўзланган мақсад Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада чуқурлаштиришдан иборатдир.

14,2 миллион доллар маблағ силга, эпидемия ва пандемия таҳдидларига қарши кураш, бизнес ва хусусий секторни мустаҳкамлаш, янада масъулиятли ва самарали маҳаллий бошқарув каби йўналишларда сарфланади.

Ўзбекистон сил касаллигига қарши изчил курашиб келмоқда. USAID бу доирада беш йиллик «Силдан холи Ўзбекистон» дастурини ишга тушириб, қўшимча 3,2 миллион доллар сармоя киритади. Мазкур  дастур Ўзбекистонда касаллик юқишининг олдини олиш ва аниқлаш, даволаш, касаллик асоратларини камайтириш, шунингдек, ахборот тизимлари ва молиялаштиришни такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларга ёрдам беради. 2002 йилдан бери АҚШ Ўзбекистоннинг силга қарши курашдаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш учун қарийб 60 миллион доллар сармоя киритган.

4 миллион долларлик сармоя Ўзбекистоннинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги эҳтимолий таҳдидлар, эпидемиялар ва пандемияларга кураш салоҳиятини оширишга йўналтирилади.

Қўшма Штатлар, шунингдек, туризм, ахборот-коммуникация технологиялари ва яшил иқтисодиёт каби мақсадли тармоқлар ёрдамида Ўзбекистон иқтисодиётини мустаҳкамлаш учун 3,5 миллион доллар сармоя киритади. Ушбу дастур иш ўринлари яратиш, иқтисодий инклюзивликни яхшилаш, кичик ва ўрта корхоналар учун экспорт бозорларини ривожлантириш ва капитални жалб қилиш имконини беради.

3,5 миллион доллар эса Ўзбекистоннинг 2030 йилгача бўлган стратегиясини қўллаб-қувватлаган ҳолда ҳамда Конгресс билан ҳамкорликда янги маҳаллий бошқарув дастури орқали маҳаллий бошқарувни кучайтиришга сарфланади. Бу орқали маҳаллий ҳокимиятларнинг халққа хизмат кўрсатиш салоҳиятини ошириш кўзланган.

USAID администратори Саманта Пауэр 23 октябрь куни Тошкентдаги мактабга ташрифи чоғи таълим соҳасида янги ташаббусни ҳам эълон қилди. Қўшма Штатлар дастурнинг биринчи йилидаги тадбирлар учун 4,5 миллион доллар ажратади.

Ҳукумат, педагоглар, ота-оналар, ногиронлиги бор шахслар ва фуқаролик жамиятининг саъй-ҳаракатларини бирлаштирувчи янги ташаббус бешинчи синфгача ўқувчиларга самарали ўқишга ёрдам берадиган илмий асосланган ўқитиш ва инклюзив таълим амалиётларини синовдан ўтказиш ва кенгайтиришга мўлжалланган.

Халқаро агентлик матбуот хизматига кўра, АҚШ 2019 йилдан бери Ўзбекистонда таълим имкониятларини қўллаб-қувватлаш учун 40 миллион доллардан ортиқ сармоя киритган.

Аввал хабар берганимиздек, 23 октябрь куни президент Шавкат Мирзиёев USAID администратори Саманта Пауэр бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг