Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

АҚШ Ўзбекистонда янги қабул қилинган қонунни олқишлади

АҚШ Ўзбекистонда янги қабул қилинган қонунни олқишлади

АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси Ўзбекистонда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштиришга доир қонун ҳужжати қабул қилингани юзасидан баёнот берди.

«Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистонда оиладаги зўравонликни жиноий жавобгарликка тортувчи ҳамда аёллар ва болаларнинг янада мустаҳкам ҳуқуқий ҳимоясини таъминловчи янги қабул қилинган қонунни олқишлайди. Бу қонун барча ўзбекистонликларнинг ўз жамоалари, иш жойлари ва уйларида ўзларини хавфсиз ҳис қилишларини таъминлаш йўлидаги муҳим қадамдир», – дейилади баёнотда.

Қайд этилишича, Қўшма Штатлар оиладаги зўравонлик қурбонларига ҳимоя ва қўллов борасида ёрдам беришга содиқ қолади ҳамда Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари, суд тизими ва фуқаролик жамияти билан ушбу қонунни ҳаётга татбиқ этишда ҳамкорлик қилишга тайёрдир.

Аввалроқ Европа Иттифоқининг юртимиздаги ваколатхонаси ҳам болалар ва аёлларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида қонун қабул қилинишини олқишлаб, уни «Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги муҳим ютуқ» деб атаган эди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 11 апрель куни «Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун Ўзбекистон президенти томонидан имзоланди.

Мазкур ҳужжат 23 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, 6 апрель куни эса юқори палата (Сенат) томонидан маъқулланган.

Қонунга мувофиқ оилавий (маиший) зўравонлик учун маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик чоралари белгиланмоқда. Шунингдек, эндиликда жинсий зўравонлик, шу жумладан, вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсларга нисбатан жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш тариқасидаги инсонпарварлик актлари татбиқ этилмаслиги белгиланиб, бундай жиноятлар учун жазо чоралари янада оғирлаштирилмоқда.

Бундан ташқари, хотин-қизларга нисбатан шаҳвоний мазмундаги ҳаракатлар содир этганлик, таъқиб этганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.

Шу билан бирга, вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонликни содир этган шахсларнинг болаларга таълим, тарбия бериш, шунингдек, болалар билан бевосита ишлашни назарда тутувчи фаолият турлари билан шуғулланишини тақиқлаш ҳамда бу турдаги жиноятларни содир этган шахсларнинг рўйхатини юритиш кўзда тутилмоқда.

Қонун расман эълон қилинган 11 апрелдан эътиборан кучга кирди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг