Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

АҚШ НАТО бош котиби лавозимига кимни илгари сурмоқчи экани маълум бўлди

АҚШ НАТО бош котиби лавозимига кимни илгари сурмоқчи экани маълум бўлди

Йенс Столтенберг ва Урсула фон дер Ляйен.

Фото: Reuters

АҚШ президенти Жо Байден Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйенни НАТО бош котиби лавозимига номзод сифатида кўрсатмоқчи. Бу ҳақда The Telegraph газетаси Шимолий Атлантика альянсидаги манбага таяниб хабар берди.

2014 йилдан буён НАТО бош котиби лавозимида фаолият юритиб келаётган Йенс Столтенбергнинг ваколат муддати куни кеча 2024 йил 1 октябрга қадар узайтирилди. Урсула фон дер Ляйен номзоди ҳам 2024 йилда Европа комиссияси раҳбарлиги учун сайловдан кейин эълон қилиниши кутилмоқда, деб ёзади The Telegraph.

Жорий йил 11-12 июль кунлари Вильнюс шаҳрида ўтадиган саммитда НАТОга аъзо давлатлар янги бош котиб номзодини маъқуллаши кутилаётган эди. Аммо Столтенбергнинг вориси борасида бир тўхтамга келинмаган.

Президент Жо Байден Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен билан Трансатлантика сиёсати, Хитой, Украина, иқлим ўзгариши каби долзарб масалаларда маслакдош саналади. Шунга кўра, Оқ уй Европада катта нуфузга эга, айни чоқда, ҳарбий соҳага ҳам бегона бўлмаган Урсула фон дер Ляйен (у 2013-2019 йилларда Германия мудофаа вазири бўлиб ишлаган) номзодини қўллаб-қувватламоқда.

Фон дер Ляйеннинг ўзи НАТО бош котиби номзодлари сафида бўлиш шараф эканини қайд этгани ҳолда, ҳозир бу лавозимни эгаллаш ниятида эмаслигини таъкидлаган. Вашингтон ҳам унинг номзодини келгуси йилда, Еврокомиссия раҳбарлиги учун сайловдан кейин ошкор этмоқчи.

Европа мамлакатлари, АҚШ ва Канада – жами 31 давлатни бирлаштирган Шимолий Атлантика битими ташкилоти дунёдаги қудратли ҳарбий-сиёсий блокдир. Бош котиб иттифоқнинг умумий фаолиятини мувофиқлаштирувчи мулозим сифатида халқаро майдонда алоҳида ҳурматга эга.

Бош котиб 64 ёшли Йенс Столтенбергнинг ваколат муддати тугаётгани ҳақида хабар чиққанидан буён бу вазифага турли номзодлар кўриб чиқилмоқда. Жумладан, жорий йил аввалида Буюк Британия собиқ бош вазири Борис Жонсон мазкур лавозимни кўзлаганини очиқлаган эди. Аммо сиёсий можаролар ортидан у ҳатто парламент депутатлигини ҳам тарк этишга мажбур бўлди.

Ўтган йили эса этник украиналик аёл, Канада бош вазири ўринбосари Кристиа Фриланд НАТО бош котиби лавозимига номзод сифатида илгари сурилиши хабар қилинди.

Тереза Мэй (Буюк Британия) Кая Каллас (Эстония), Федерика Могерини (Италия) каби аёл сиёсатчилар ҳам ушбу масъул лавозимга номзод ўлароқ кўрилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг