Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Анжонча спектакл-2: ҳокимлик яна раддия берди

Анжонча спектакл-2: ҳокимлик яна раддия берди

Бугун Xabar.uz порталида «Юрак ҳам бор экан. Андижон вилояти ҳокими мажбурий меҳнатга жалб қилиш бўйича шошилинч топшириқ берди» номли хабар эълон қилган эди. Андижон вилоят ҳокимлиги ушбу мақолага раддия берди.

Ҳокимлик томонидан билдирилишича, мақолада келтирилган ҳужжатлар сохта бўлган. Кўриб чиқамиз:

«Вилоят ҳокимлигидаги ҳар бир ҳужжат, жойларга ижро учун юборилишидан олдин, рўйхатга олиниб, махсус дафтарга қайд этиб борилади. Бироқ мақолада кўрсатиб ўтилган «хабарнома» ҳокимлик томонидан рўйхатга олинмаган ва қайд этиш дафтарчасида мавжуд эмас. Айнан 4 август куни Хонобод шаҳрида ҳеч қандай йиғилиш бўлиб ўтмаган, ҳеч қандай ҳашарчилар келиб мажбурий меҳнатга жалб этилмаган. Вилоят ҳокимлиги, ижтимоий тармоқларда тарқаган «хабарнома»да вилоят ҳокими имзоси билан берилган хабарларни ёлғон деб билади ва бутунлай инкор этади», — дейилади билдиришномада.

Албатта ҳокимлик ОАВда чиққан хабарга муносабат билдиргани яхши, аммо кўриб турганингиздек, раддия жавобдан кўра янги саволларни кўпроқ келтириб чиқаради. Хусусан, бизни ҳам қуйидаги гапларга ишонгимиз келади:

«Юқоридагиларга асосан бу каби уйдирма хабарлар, Андижон вилояти ҳокимлиги ва ҳокимини обрўсизлантиришга қаратилганини инобатга олиб, вилоят ҳокимлиги ушбу хабарни фейк ва ёлғон хабар деб қабул қилишни сўрайди. Андижон вилояти ҳокимлиги Хонобод шаҳридаги қурилиш ишлари билан танишиш истагини билдирган Республикамиздаги барча оммавий ахборот воситаси ходимларини, интернет журналистлари ва блогерларни Хонобод шаҳрига келиб қурилиш жараёнлари билан танишишга таклиф қилади. Яқин кунларда вилоят ҳокимлиги томонидан Хонободда олиб борилаётган бунёдкорлик ишларини кенг оммага ёйиш мақсадида пресс-тур ташқил қилиниши кўзда тутилган.

Андижон вилояти ҳокимлиги ўз ҳудудида ҳар қандай мажбурий меҳнат аломатларига йўл қўймайди ва буни қатъий назорат остига олган».

Раддия тугади. Ажаб ҳолат: хабарнома гўёки сохта? Унда манзил, макон, қилиниши керак бўлган ишлар, ҳатто ташкилот номлари ипга чизилган маржондай ёзилганичи? Имзо сохта дейилаётганичи? Ҳокимлик қанча чиранмасин, баёнот шубҳаларни тарқата олмаяпти. Шундай эмасми? Бу худдики «Андижонча спектал»нинг янгисига ўхшайди.

Пресс-тур ташкил этиб, Хонободда амалга оширилган ишларни кўрсатиш яхши. Бироқ шу ишлар қандай амалга оширилди — гап шунда. Хуллас, инкор этиш жуда осон. Айниқса, андижонлик амалдорларга. Инкорга ишонтиришчи?

Бир марта ёлғони фош бўлганларга ишониш қийин-да. Нима дедингиз?

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг