Америка элитасини кийинтириб келган бренд инқирозга учради
АҚШдаги энг эски компанияларидан бири инқирозга юз тутди. Икки асрдан бери Америка элитасини кийинтириб келган компания ярим миллард долларлик қарз ботқоғига ботган.
«Brooks Brothers» эркаклар кийимига ихтисослашган энг кўҳна брендлардан саналади. Компания Делавэр штати судига кредиторлардан ҳимоялаш тўғрисида ариза топширди, деб ёзмоқда «The Wall Street Journal».
«Brooks Brothers» 1818 йили оилавий бизнес сифатида очилган. Орада ўтган икки аср мобайнида бутун Америка элитаси — сиёсатчилар, Голливуд юлдузлари, йирик тадбиркорлар, спортчилар шу бренд остидаги либосларни виқор билан кийиб келишган. АҚШ президентлари — Авраам Линколн, Теодор Рузвелт, Франклин Рузвелт, Жон Кеннеди, Ричард Никсон, Жералд Форд, Катта Жорж Буш, Билл Клинтон, Барак Обама шу брендни танлашган.
«Brooks Brothers» костюмларини киноларда кўрганмиз, масалан, Бен Аффлек, Уилл Смит, Дензел Вашингтон, Жорж Клуни қатнашган фильмларда.
Иккита жаҳон уруши, кўплаб инқирозлардан омон-эсон ўтган компания коронавирус пандемияси оқибатида жиддий молиявий қийинчиликларга учради. Карантинда «Brooks Brothers» маҳсулотларига талаб деярли қолмади. Компания корхоналарида қарийб тўрт минг киши меҳнат қилиб келган.
Ҳозирга келиб компаниянинг қарзи 500 миллион долларга етган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter