Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Алишер Усмонов яна ҳотамтойлик қилди

Алишер Усмонов яна ҳотамтойлик қилди

Фото: Григорий Сысоев/РИА Новости

Миллиардер Алишер Усмонов Халқаро олимпия қўмитасига 8,8 миллион долларлик тарихий ҳужжат қўлёзмасини совға қилди.

1892 йил 25 ноябрда замонавий Олимпия ҳаракатининг ғоявий оталаридан бўлмиш Пьер де Кубертен Парижда дастурий баёнот беради. У 14 саҳифалик маърузасида миллатлараро дўстликни мустаҳкамлаш учун олис ўтмишда Юнон заминида ўтказилган Олимпиада ўйинларини тиклашни таклиф этади.  Пьер де Кубертеннинг ушбу тарихий маърузасидан икки йил ўтиб, Олимпиада ўйинларини тиклаш ҳақида қарор қабул қилинади. 1896  йили Афинада илк замонавий беллашувлар ташкил этилади.

XIX асрга оид ушбу маъруза қўлёзмаси ўтган йили Нью-Йоркда кимошди қўйилди. Савдолар чоғи қўлёзма баҳоси 1 миллион доллардан 8,8 миллион долларга қадар кўтарилди.  Пировардида, асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов уни сотиб олди. 

Тарихий қўлёзмани қабул қилиб олган Халқаро олимпия қўмитаси президенти Томас Бах А.Усмоновга саховатпешалиги учун миннатдорлик билдирди. Ҳужжат Швейцариянинг Лозанна шаҳридаги Олимпия музейи хазинасида сақланади.

Алишер Усмонов аввал ҳам шу каби ҳотамтойлик намуналарини кўрсатган.

Биология ва тиббиёт йўналишида Нобель мукофоти совриндори Жеймс Уотсон 2014 йили нуфузли мукофот медалини кимошдига қўяди. Олим Нобель медали сотувидан тушган маблағни илмий изланишларга сарфлашни ният қилган эди. Ўшанда ҳам Алишер Усмонов кимоши савдосида Нобель мукофоти медалини 4,8 миллион долларга сотиб олиб, Жеймс Уотсоннинг ўзига ҳадя қилган эди.

Алишер Усмонов – кўп йиллардан буён Россияда яшаб келаётган миллиардер, USM Holdings ширкати асосчиси ва бош акциядори. У, шунингдек, «Металлоинвест», Mail.ru Group, «Мегафон», DST Global, «ЮТВ Холдинг», «СТС Медиа» каби ширкатларда ҳам улушга эга. Forbes журнали А.Усмоновнинг бисотини 12,5 миллиард доллар деб баҳолаган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг