Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Алиментдан қочган қарздор ювиниш хонасидан топилди

Алиментдан қочган қарздор ювиниш хонасидан топилди

Мажбурий ижро бюросининг Пешкў туман бўлими иш юритувида қарздор А.Р.дан М.А. фойдасига 2 нафар вояга етмаган фарзанди моддий таъминоти учун алимент ундириш тўғрисидаги ижро иши мавжуд.

Ижро ҳаракатлари давомида қарздор томонидан алимент тўловлари 2 ойдан ортиқ муддатда тўланмаганлиги сабабли бўлим давлат ижрочиси томонидан қарздор расман огоҳлантирилиб, ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилган.

Қарздор ота вояга етмаганлар фарзандларига алимент тўлаш ўрнига, номаълум томонга кетиб қолиб, бюро органларидан яширинган.

Қарздорнинг яшаш жойини аниқлаш, топиш ва алимент ундириш чораларини кўриш ёки жавобгарлик масаласини ҳал қилиш мақсадида давлат ижрочисининг тегишли қарори билан қарздорга нисбатан қидирув эълон қилинган ва қидирув ҳаракатларига киришилган.

Олиб борилган қидирув тадбирлари натижасида қарздор Пешкў тумани марказидаги кўп қаватли уйларнинг бирида номаълум аёл билан яшаб келаётганлиги ҳақида маълумотлар олинган.

Жорий йилнинг 22 май куни ўтказилган тадбир давомида қарздор яширинган манзил аниқланган. Қарздор эса эшикни устидан қулфлаб олиб, тадбирга жалб қилинган ИИБ ходимлари ва МФЙ вакилларининг огоҳлантишларига жавоб бермаган.

Тадбир иштирокчилари томонидан охирги чора сифатида темир эшик қулфи бузиб, яшаш хонасида холислар иштирокида кўздан кечирилганда қарздор ювиниш хонада беркиниб ўтирганлиги аниқланиб, ушлашган.

Қарздор алимент тўловидан бўлган 11,1 миллион сўм миқдоридаги қарзини тўлашдан бўйин товлаганлиги сабабли унга нисбатан тўпланган ҳужжатлар, кўриб чиқиш учун Жиноят ишлари бўйича Пешкў тумани судига юборилган.

Суд жараёнида, қарздор ўз айбига иқрор бўлиб, оилавий шароити оғирлиги сабабли алимент тўловини тўлай олмаслигини айтиб, унга қонуний енгиллик беришни сўраган.

Суд қарорига асосан қарздор А.Р. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 47-4-моддаси билан айбли деб топилиб, унга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган ва суд залида дарҳол қамоққа олиниб, жазони ўташ учун ИИБ махсус муассасасига жойлаштирилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг