Алиев Қорабоғдаги жангни тўхтатиш шартини айтди
Озарбайжон президенти Илҳом Алиев агар Ереван қўшинни олиб чиқиш шартини бажарса, Қорабоғдаги жанглар тўхташини эълон қилди.
Алиев чоршанба куни Бакудаги марказий клиник госпиталида Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатлар пайтида яраланган ҳарбий хизматчи билан кўришди.
«Бизда йўқотишлар йўқ. Аммо бу тўғри эмас. Халқаро ҳуқуқ биз томонда... Битта шартимиз бор — Арманистон қуролли кучларини босиб олинган ҳудудлардан сўзсиз олиб чиқиш. Агар арман ҳукумати бу шартни бажарса, жанглар тўхтайди, тинчлик ўрнатилади», — деди Алиев.
«Биз тарихий адолатни тиклаймиз. Қорабоғ азалдан Озарбайжоннинг ҳудуди ҳисобланган. Тарихга назар ташлаш кифоя... Биз ҳудудий яхлитлигимизни тикламоқчимиз, шундай қиляпмиз ва қиламиз ҳам», — дея таъкидлади президент.
Унинг сўзларига кўра, «арман халқи тинч-тотув яшашни хоҳласа, ўзларининг раҳбариятини жавобгарликка тортиши керак».
«Ишончим комилки, арман халқи менинг сўзларимни тўғри тушунади, тўғри қабул қилади. Бизнинг арман халқи билан ишимиз йўқ, Озарбайжон — кўп миллатли диёр, бу ерда кўпгина халқлар тинч ва фаровон ҳаёт кечирмоқда. Арман халқи ҳам шулар жумласидан. Озарбайжон ҳудудида минглаб арманлар истиқомат қилади, ҳеч ким уларга ёмон сўз айтмайди, улар — бизнинг фуқароларимиз», — дея таъкидлади Алиев.
Озарбайжон президенти, шунингдек, бугун Қорабоғда шиддатли жанглар кетаётганини қўшиб қўйди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter