Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Албанияда зилзиладан ўлганлар 9 нафарга етди. Лекин вайроналар остида бедарак кетганлар кўп (Фото)

Албанияда зилзиладан ўлганлар 9 нафарга етди. Лекин вайроналар остида бедарак кетганлар кўп (Фото)

Фото: «Photos.rg.ru»

Сешанба куни Албанияда содир бўлган кучли зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони 9 нафарга етди, дея хабар берди маҳаллий «Top channel» телеканали.

Сешанба куни эрталаб АҚШ Геология хизмати (USGS) Албания пойтахти Тирана яқинида 6,4 магнитудаси билан ер қимирлагани тўғрисида хабар берганди.

Сейсмологлар маълум қилишича, унинг ортидан 5 магнитудадан юқори силкинишлар давом этган. Ҳукумат 300 кишининг жароҳат олгани ҳақида хабар берди. Давлатдаги мактаблар ёпилди. Президент Илир Мета жароҳат олганлар ҳолидан хабар олиш мақсадида Тирана марказий госпиталига келди.

Голем районида меҳмонхона вайроналари остидан икки кишининг мурдаси чиқди. Уч киши, жумладан, вояга етмаган қизча Дурресдаги бино қулаши натижасида ҳалок бўлган. Яна икки фуқаро Туман шаҳрида ҳаётдан кўз юмишди. Бир киши балкондан йиқилиб ўлган.

Яқинда яна бир мурда Туман шаҳридаги иморат вайроналари остидан чиқариб олинди, — дея маълум қилади телеканал.

Таъкидланишича, кўп фуқаролар ҳануз бедарак кетган деб ҳисобланмоқда.

Маҳаллий ОАВга кўра, кучли ер ости силкинишлари бевосита пойтахтда, шунингдек, эпицентрга энг яқин жойлашган Дуррес шаҳрида ҳам сезилган. Бир қанча бинолар қулаб тушган, бу вайроналар остида ҳам одамлар қолиб кетган бўлиши тахмин қилинмоқда.

Олдинроқ Тиранадан 30 километр узоқликда жойлашган иккита турар жой биноси қулаб тушгани, Дуррес яқинидаги Кавая шаҳрида яна иккита иморат вайрона ҳолга келгани ҳақида хабар берилганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг