Ал-Хоразмий шаҳарчаси қурилади
Туркия Президентининг юртимизга ташрифи якунланганидан сўнг, давлатимиз раҳбари Хоразмда режалаштирилган бунёдкорлик лойиҳалари тақдимоти билан танишди.
Мамлакатимизда катта кўламда қурилишлар бўлмоқда. Андижон, Наманган, Нукус ва бошқа шаҳарларда янги шаҳарчалар барпо этилмоқда.
Шу тажриба асосида, Президентимиз ташаббуси билан Урганчда Ал-Хоразмий шаҳарчаси қурилиши режалаштирилган. Бунинг учун аэропорт яқинидан 110 гектар ер ажратилган.
Жорий йил 7 февраль куни ўтказилган тақдимотда шаҳарчанинг умумий концепцияси тасдиқланган эди. Бу гал ундаги ҳар бир иншоотнинг ички мазмуни муҳокама қилинди.
Лойиҳага кўра, бу ерда университет, IT парк, уйлар, мактаб ва боғча, маданият ва спорт мажмуалари барпо этилади. Шаҳарча марказида Муҳаммад ал-Хоразмий сайилгоҳи бўлиб, буюк алломанинг янги ҳайкали ўрнатилади.
Давлатимиз раҳбари қурилиш ишларини бошқариш бўйича комиссия тузишга кўрсатма берди.
— Бу ер шаҳар ичидаги шаҳар бўлади. Университет, инновацион марказ ва мактаблар илм ва таълим кластерини ташкил этади. Бу ерда ишловчилар учун уй-жойлар, илмга асосланган саноат зонаси ҳам бўлади. Бу шаҳарчани шунга муносиб қилиб, сифатли қуриш керак, — деди Шавкат Мирзиёев.
Урганчдаги Санъат музейи биносини реконструкция қилиб, кўргазма майдонини кенгайтириш, Хивадаги Қўғирчоқ театрини замонавий бинога кўчириш ҳам мўлжалланган. Президентимиз янги бинолардан самарали фойдаланиш, уларда қўшимча хизматларни йўлга қўйиб, даромад топишига шароит яратиш муҳимлигини таъкидлади.
Коммунал соҳада амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тузилмасини такомиллаштириб, қуйи тизимда самарали ишлатиш вазифаси қўйилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter