Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Аксилрекорд: БМТ инсониятни огоҳлантирмоқда...

Аксилрекорд: БМТ инсониятни огоҳлантирмоқда...

Фото: Getty Images

Иқлим ўзгаришлари ҳамда нобоп об-ҳаво инсоният ҳаётига янада кучли таҳдид солмоқда. Бу ҳақда БМТнинг таркибий тузилмаси саналган Жаҳон метеорология ташкилотининг сўнгги ҳисоботида сўз боради.

2021 йилда дунё океанлари сатҳининг кўтарилиши, атмосферада заҳарли газлар миқдорининг ошиши бўйича аксилрекорд қайд этилди. Буларнинг бари инсониятнинг табиатга салбий таъсири кучайиб бораётганидан далолат беради. Бу ҳол пировардида ҳалокатли фожиаларга олиб келиши мумкин.

Глобал исиш кўрсаткичи йил сайин ошиб бормоқда. 2021 йил инсоният тарихидаги энг иссиқ йиллардан бўлди: ўртача ҳарорат саноат инқилоби бошланган даврга қараганда сезиларли даражада ўсди. Ҳаво ҳароратининг ошиши натижасида музликларнинг эриши жадаллашмоқда. Бу эса занжир реакциясини ҳосил қилмоқда. Глобал исиш ўз навбатида океанлар сатҳи ошишига олиб келмоқда. 2021 йилда сув сатҳи 1993 йилга қараганда 10 см га баландлаган. Бу эса тошқинлар, тўфонларни келтириб чиқармоқда. Сўнгги тошқинлар Хитойга 17,7 миллиард, Германияга 20 миллиард доллар зарар келтирди, инсоний талафотларга олиб келди. Ида довули сабаб эса АҚШ 75 миллиард долларни бой берди.

Дунёнинг айрим минтақаларида тошқин хавфи мавжуд бўлса, яна айрим ҳудудларда қурғоқчилик таҳдид туғдирмоқда. Африка ва Жанубий Америка ўлкалари, АҚШ, Канада, Эрон, Афғонистон, Покистон, Туркияда кузатилган қурғоқчилик сабаб катта миқдорда қишлоқ хўжалиги экинлари нобуд бўлди. Қурғоқчилик эса ўз ортидан қашшоқлик, очлик каби ҳамроҳларини етаклаб келмоқда. Африка шарқида кетма-кет тўртинчи йил ёмғир ёғмаяпти. Бу эса сўнгги 40 йилда кузатилмаган қурғоқчиликка доялик қилиши мумкин.

«Иқлим кўз ўнгимизда ўзгаришга юз тутмоқда. Фавқулодда об-ҳаво шароити башариятнинг кундалик ҳаётига ўз ҳукмини ўтказмай қолмайди. Табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш учун катта миқдорда сармоя сарфлашга тўғри келади. Демак, иқтисодий йўқотишлар кўпаяди. Ҳозирги шароитда иқлим ўзгаришлари борасида аввалдан огоҳлантириш тизими зарур. Аммо, афсуски, бундай тизим Жаҳон метеорология ташкилотига аъзо давлатларнинг ярмида бор, холос», – дейди мазкур ташкилот бош котиби, профессор Петтери Таалас.

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ҳам иқлим ўзгариши юзага келтирган салбий оқибатларда инсониятнинг ўзи айбдор эканини таъкидлайди.

«Қазиб олинадиган ёқилғилар ҳам экологик, ҳам иқтисодий жиҳатдан кони зарар. Барқарор келажакнинг ягона кафолати бу – қайта тикланадиган энергия манбаларидир. Шамол ва қуёш энергиясини кўмир ва бошқа қазилма ёқилғилардан арзонроқ усулда олиш мумкин. Умид шуки, нажот воситаси ўз қўлимизда», – дейди Антониу Гутерриш.

БМТ раҳбари иқлим ўзгариши оқибатларини бартараф этишда дунё давлатлари бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилиши лозимлигини уқтирган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг