«Ажримсиз Тошкент»
Пойтахт прокуратураси хотин-қизлар масалалари билан алоҳида шуғулланмоқда.
Оилавий ажримлар сони хавотирли даражада экани бор гап. Оилавий қўйди-чиқдилардан биринчи навбатда вояга етмаган болалар, қолаверса, аёллар кўпроқ азият чекиши ҳам рост. Анча пайт бундай оғриқли масала маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳузуридаги таъсирсиз Ярашув комиссияларига ташлаб қўйилгани бугун қандай оқибатларга олиб келганини кўриб-билиб турибмиз. Оилавий можаролар инсоннинг шахсий ҳаётига боғлиқ масала бўлса-да, ажримлар оқибатида юзага келаётган муаммолар жамиятнинг бошоғриғига айланишини инкор этиб бўлмайди.
Ўтган йилнинг охирида Тошкент шаҳар прокуратураси раҳбарияти ташаббуси билан «Хотин-қизлар масалалари бўйича оммавий қабуллар» ташкил этиш ғояси илгари сурилди. Ва пойтахтнинг ҳар бир туманида тегишли идоралар билан ҳамкорликда хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мавжуд муаммоларини аниқлаш ва бартараф этиш борасида кечиктириб бўлмас ишлар амалга оширишга тушилди. Бунда оила институтини мустаҳкамлаш ва оилавий ажримларнинг олдини олиш, хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, ёрдамга муҳтож ва оғир ижтимоий аҳволдаги аёлларга ёрдам кўрсатиш, нозик жинс вакилалари ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этилишини олдини олиш, аёлларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш каби масалаларга устувор вазифа тариқасида қаралмоқда.
Бир ойга етмаган вақт давомида Тошкентдаги барча туманларда айнан шундай тадбирлар амалга оширилди.
Тошкент шаҳар прокурори катта ёрдамчиси, адлия маслаҳатчиси Севара Саиджонованинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, шундай тадбирлардан бири куни кеча Учтепа туманида бўлиб ўтди.
Тумандаги «Нур сарой» тантаналар уйида ўтказилган тадбирда давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, прокуратура, суд, ҳокимлик, ички ишлар, соғлиқни сақлаш, таълим, ўзини-ўзи бошқариш, «Нуроний» ва бошқа нодавлат-нотижорат ташкилотлари ходимлари иштирок этишди.
Тадбир давомида 10 нафар оила яраштирилди. Бундай савобли ишларга сабабчи бўлганларга ташаккурномалар топширилди. Шунингдек, хотин-қизларнинг сайёр қабули ҳам ўтказилиб, жами 80 нафар аёлнинг мурожаатлари тингланди.
Севара Саиджонованинг алоҳида таъкидлашича, мурожаатлар шаҳар прокуратураси томонидан назоратга олиниб, қонуний ҳал қилиниши таъминланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter