«Ажойиб математика» фестивали муваффақиятли ўтказилди
Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида иккинчи ўқув-амалий «Ажойиб математика» фестивали муваффақият билан ўтказилди. Фестиваль ишида турли ёшдаги минглаб қизиқувчилар қатнашди, деб хабар бермоқда университет матбуот хизмати.
Фестиваль асосан 10 ёшли ўғил-қизларга мўлжалланган бўлса ҳам, тадбирда катта-ю кичик барча иштирок этди.
Тадбирда иштирок этиш учун Корея Республикасидан 23 нафар математика бўйича профессор ва ўқитувчилар ташриф буюришди. Улар фестиваль доирасида 23 та математика стендлари тақдим этдилар. Шунингдек, Ўзбекистондан ҳам икки нафар математика ўқитувчиси қатнашди.
Уч кун давомида Жанубий Кореядан келган мутахассислар стендларда турли пазллар, машқлар ва мисолларни болаларга тақдим этдилар ва ўз билимлари билан бўлишдилар. Тадбир давомида болалар учун танловлар ва математика бўйича хорижий мутахассисларнинг маърузалари ҳам ташкил этилди.
Танлов доирасида болажонлар турли геометрик шакллар чизиб, ясашди ҳамда математика бўйича танловларда иштирок этишди.
Шунингдек, фестиваль доирасида профессор Парк Джи Нам ва Бу Юн Ким барча қизиқувчилар учун математикадан маъруза ўқишди.
Фестиваль доирасида «Дастурлаш соати» акцияси ташкил этилди. Акция давомида болалар дастурлаш асосларига бағишланган бир соатлик бепул дарсда иштирок этишди.
Шунингдек, фестиваль доирасида Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT) мактаб, лицей ва коллежларнинг математика ўқитувчилари учун махсус танлов ташкил этди. Танлов шартларига кўра, математика ўқитувчилари IUT профессорлари томонидан инглиз тилида тайёрланган масалаларни ечишлари керак эди. Кореялик ҳакамлар ҳайъати қарорига кўра, Елизавета Ан ва Жаҳонгир Раимбековлар Корея Республикасидаги Инҳа университетининг совринини қўлга киритишди.
Фестиваль давомида Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT) ва Ўқитувчилар учун математика маданиятини татқиқ этиш Корея жамияти (KSMCS) математика соҳасида тажриба алмашиш бўйича келишувни имзолашди.
Битим доирасида томонлар талабалар ва ўқитувчилар орасида математикани ривожлантириш борасида ташаббус ва тадбирларни қўллаб-қувватлаш бўйича келишиб олдилар.
Шунингдек, Ўқитувчилар учун математика маданиятини татқиқ этиш Корея жамияти Ўзбекистондаги математика ўқитувчиларининг малакасини ошириш бўйича турли тренингларни ўтказишни режалаштирган.
Томонлар математика соҳасида турли лойиҳаларни амалга ошириш борасида ҳамкорлик қилишади.
— «Ажойиб математика» фестивали муваффақият билан ўтказилди деб ҳисоблайман. Биз болажонлар ҳамда уларнинг ота-оналари билан суҳбатлашдик ва уларнинг хурсанд бўлишганига гувоҳ бўлдик. «Ажойиб математика» фестивали бизнинг ёш авлод билимларини оширишга қўшган ҳиссамиздир. Умид қиламанки, фестивалдан кейин янада кўпроқ болалар математика билан шуғулланишади», — деди Тошкент шаҳридаги Инҳа университети проректори Турдимурод Турсунмуратов.
«Мазкур фестивалнинг энг муҳим жиҳатларидан бири шу бўлдики, Ўзбекистон ва Жанубий Кореялик математика ўқитувчилари ўзаро тажриба алмашишди. Бизнинг ўқитувчиларимиз кореялик ҳамкасбларининг ноанъанавий математика ўқитиш услубларини ўзлаштиришди. Хусусан, фестивалда қатнашган иккита ўзбекистонлик математика ўқитувчиси Корея Республикасида ўтадиган йирик математика тадбирида иштирок этадиган бўлишди», — қўшимча қилди у.
Фестивалга Тошкент шаҳридаги Инҳа университети, Жанубий Кореянинг Инҳа университети ҳамда Кореянинг ўқитувчилар учун математика маданиятини тадқиқ этиш жамияти ташкилотчилик қилишди. Фестиваль Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Korzinka.uz супермаркетлар тизими ва «Mercury Services» компанияси томонидан қўллаб-қувватланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter