Африка давлати БМТга талаб қўйди
Мали ташқи ишлар вазири Абдулайе Диоп БМТ Хавфсизлик кенгашидан халқаро тинчликпарвар контингентни зудлик билан олиб чиқиб кетишни талаб қилди. Вазир БМТ тинчликпарвар қўшини мамлакат хавфсизлигини таъминлай олмаётгани, аксинча, тинчлик ва бирликка рахна солаётганини айтган.
Африка ғарбида жойлашган Мали Республикасидаги барқарорликни таъминлаш, маҳаллий аҳолини террорчи гуруҳлар ҳужумидан ҳимоя қилиш мақсадида 2013 йилда БМТ тинчликпарвар кучлари киритилган эди.
Таҳлилчиларга кўра, 2021 йилда Малида ҳокимият тепасига келган ҳарбий маъмурият БМТ контингентини мамлакатдан чиқариб, унинг ўрнига Россия кучлари билан ҳамкорлик қилмоқчи.
Аввал хабар берганимиздек, россиялик тадбиркор Евгений Пригожин раҳбарлигидаги «Вагнер» хусусий ҳарбий ширкати аскарлари Сурия, Ливия, Украина каби давлатлар қаторида Малида ҳам жанг қилмоқда.
БМТ Мали ҳукумати қўшини ҳамда «Вагнер» жангчилари томонидан тинч аҳоли вакиллари ўлдирилгани юзасидан хавотир изҳор қилиб, мустақил текширув ўтказишга чақирган.
АҚШ «Вагнер» ширкатининг Малидаги бўлими раҳбари Иван Масловга қарши санкция жорий қилган. Вашингтонга кўра, «Вагнер» ширкати Мали орқали Россияга Украинага қарши урушда фойдаланиш учун қурол-аслаҳа етказиб берган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter