Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Адвокатлар ҳуқуқларининг Конституцияда белгилаб қўйилиши бизга нима беради?

Адвокатлар ҳуқуқларининг Конституцияда белгилаб қўйилиши бизга нима беради?

Ҳаётда ҳар қандай ҳолат юз бериши мумкин. Ҳеч ким суд ва тергов жараёнларига дуч келмайман, деб айта олмайди. Бу жараёнларда жабрлануви, гувоҳ, гумонланувчи ёки жавобгар ва давогар сифатида иштирок этар экансиз қўрқув ва хавотир сизни қуршаб олиши мумкин.

Нотаниш бўлган қонунлар, ҳар бир гапинг зарарингизга хизмат қилиши мумкин бўлган ҳолатлар, умрингизда эшитмаган турли талаб ва қоидалар ҳар кимни ҳам довдиратиб қўйиши тайин. Ана шундай жараёнларда адвокатлар сизга энг яқин ёрдамчи бўлади.

Маълумотларга кўра, 2021 йил давомида адвокатлар томонидан Ўзбекистон бўйича жами 103 480та оғзаки ва ёзма ҳуқуқий маслаҳатлар кўринишида юридик ёрдам кўрсатилган бўлса, шундан 84 фоизи (86 926 та) бепул кўрсатилган.

2022 йил 1 январь ҳолатида республика бўйича жами 2 051та адвокатлик тузилмалари, уларда 4 211та адвокат фаолият юритмоқда. Бу 8,5 минг аҳолига ўртача битта адвокат тўғри келишини англатади.

Суд ва тергов жараёнларида шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилишда адвокатнинг ўрнини тўлдириб бўлмайди. Бироқ адвокатнинг ўзи ҳимояга муҳтож бўлса-чи? Адвокатга ўз мижозини профессионал ҳимоя қилиши учун кўп нарса керак эмас, аслида. Билим, малака, эркинлик, дахлсизлик берилса бўлгани.

Конституциянинг 116-моддасига кўра, адвокат ўз касбий вазифаларини амалга ошираётганда унинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмаслиги тўғрисидаги янги норманинг киритилиши суд ва тергов жараёнларида адвокатларнинг имкониятларини янада оширишга хизмат қилади.

Адвокат ўз вазифасини бажаришда дахлсиз бўлиши керак, унинг ишига ҳеч ким, ким бўлишидан қатъи назар аралаша олмаслиги зарур.

Шу ўринда, қонунчилигимизда адвокатлар дахлсизлиги белгиланмаганми, деган савол туғилиши табиий.

Бундай нормалар, албатта, бор. Хусусан, 1998 йил 25 декабрда қабул қилинган «Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида»ги қонунининг 6-моддасига кўра:

  • адвокатнинг шахси дахлсиз (адвокатнинг дахлсизлиги унинг уй-жойига, хизмат хонасига, фойдаланишидаги транспорти ва алоқа воситаларига, унинг хат-хабарларига, унга тегишли ашёлар ва ҳужжатларга ҳам тааллуқлидир;
  • адвокатга нисбатан жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, вилоят, Тошкент шаҳар прокурори ва уларга тенглаштирилган прокурорлар томонидан қўзғатилиши мумкин;
  • адвокатни юридик ва жисмоний шахсларга қонунга мувофиқ юридик ёрдам кўрсатганлиги муносабати билан жиноий, моддий ва бошқа жавобгарликка тортиш ёки унга шундай жавобгарликка тортиш билан таҳдид қилиш мумкин эмас.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1971-моддасига биноан адвокатнинг профессионал фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик назарда тутилган. Унга кўра, адвокатнинг ишда иштирок этишига тўсқинлик қилиш, унинг ҳимоя остидаги шахс манфаатларига зид бўлган вазиятни мажбуран эгаллашига эришиш мақсадида адвокатга қандай шаклда бўлмасин таъсир ўтказиш жавобгарликни келтириб чиқаради.

Бироқ адвокатларнинг дахлсизлиги бўйича қоидаларни қонунларда кўрсатилишининг ўзи етарли эмас. Уларнинг ҳуқуқлари Конституция даражасида белгиланиши керак. Чунки инсон ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш учун инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи адвокатлар фаолиятининг кафолатларини ҳам кучайтириш зарур.

Шу сабабли Конституциямизга адвокатларнинг ҳуқуқлари ҳимоясига оид янги нормаларнинг киритилиши биринчи галда инсон ҳуқуқларини сифатли ва самарали ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Фарҳод ПРИМОВ,

юридик фанлар бўйича фалсафа доктори, доцент

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг