«Advokat» журнали ва «Advokatnews.uz» сайти журналистлари водийга йўл олишди. Муддао нима?
«Advokat» журнали ва «Advokatnews.uz» сайти журналистлари Фарғона водийси вилоятларига йўл олишди. Хўш, сафардан мақсад-муддао нима?
«Advokatnews.uz» таҳририятига кўра, кейинги пайтда ижтимоий тармоқлар ва электрон ОАВда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари бўйича шов-шувли ахборотлар, айниқса, ҳуқуқи поймол бўлаётган фуқароларнинг шахсий мурожаатлари сони кўпайиб бораётгандай. Бунинг ижобий томонлари ҳам бор ва ҳозир гап бу ҳақда эмас. Масаланинг нозик томони шундаки, жуда катта шов-шув билан кўтарилган аксарият масалалар қандай тез кўтарилган бўлса, кун тартибидан худди шундай тез тушиб кетмоқда.
Хўш, нега?
Суд-ҳуқуқ соҳасига ихтисослашган ОАВ сифатида бу саволга жавобан бизнинг ўз кузатишларимиз бор. Жумладан, ўша охири изсиз кетаётган шов-шувли масалалар аслида ҳуқуқий асослантирилмасдан, шошма-шошарлик билан, шунчаки, жамоатчиликнинг эътиборини жалб этиш учун кўтарилмоқда. Натижада, кўп ўтмасдан расмий идоралар масалани бутунлай ҳовурсиз ҳолга келтириб қўядиган расмий баёнот билан чиқмоқда-ю, ҳаммаёқ сув қуйгандек тинчимоқда — гўё ҳеч нарса бўлмагандек. Энг ёмони эса, инсон ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ ўша шов-шувли масаланинг ҳеч бўлмаса 20-30 фоизлик ҳақиқат қисми ҳам ахборотнинг бўрттирилган қисмига қўшиб «ёпиб» ташланмоқда.
Аммо, бизнинг назаримизда, масалалар бундай тус олмаслигининг чорасини кўриш мумкин ва бу муаммонинг ечими аслида жуда мураккаб ҳам эмас. Қолаверса, синалган хориж тажрибаси турганида ўзимизча янгилик яратишимизга ҳам ҳожат йўқ. Зеро, инсон ҳуқуқлари юқори даражада қадрланадиган мамлакатларда бу борадаги ҳар қандай муаммо юзасидан жабрдийданинг адвокатларидан гап олинади. Бор гап шу! Шундагина муаммосидан арз қиламан деб алал-оқибат жабрдийданинг ўзи жабрланиб қолиши мумкин бўлган ҳолатларнинг олди олинади! Демак, биз ҳам бор-йўғи шу тартибга одатлансак бўлди!
Бизда эса ҳозирча бундай одат ҳам, эҳтимол, бунга хоҳиш ҳам йўқ! Нега шундай? Масаланинг илдизи фақат ўтмиш кўникмалари билан боғлиқми? Эҳтимол муаммога дуч келган фуқаронинг умуман адвокати йўқдир ўзи (агар шундай бўлса, бу ҳам бир масала)? Энг ёмони, фуқароларнинг адвокати ёки ҳуқуқий маслаҳат бериб турувчилари бор-у, аммо ўшаларининг ўзи ҳали ОАВга маълумот беришга, ОАВ билан ҳамкорлик қилишга тайёр бўлмаса-чи?
Бир қарашда жавоби тайиндек туюлган бу саволларнинг замирида аслида жиддий масалалар ётганидан эса бизнинг озмунча хабаримиз бор! Шу боис, бошқа ОАВга қараганда ҳуқуқ соҳасига озгина бўлсада ихтисослашган нашр сифатида биз ўзимизни адвокатура билан ОАВ ўртасидаги масофани яқинлаштиришга масъул деб билиб, «Адвокат билан юзма-юз» лойиҳасини режалаштирдик. Мақсад — адвокатларни ОАВ билан ишлашга, ўз ҳимоясидаги фуқаролар манфаатини ҳимоя қилишда ОАВ имкониятларидан самарали ва оқилона фойдаланишга жалб қилиш. Бунинг учун эса биз мақсадимизга хайрихоҳ адвокатларни топиб, улар билан юзма-юз мулоқотга кириш ва ҳамкорлик натижасига эришиш учун биргаликда ёнма-ён ишлашни режалаштирдик!
Лойиҳамизнинг илк сафарини эса водийдан бошлашга қарор қилдик. Хуллас, бугундан — 20 февралдан бошлаб биз водийда вақтинча норасмий «прописка»дамиз!
Ушбуни инобатга олган ҳолда водийдаги адвокатларни ҳамда суд-ҳуқуқ соҳасига ихтисослашган журналистларни ҳамкорликка чақириб, сафаримизнинг самарали кечишига, лойиҳамизнинг жамият учун фойдалироқ бўлишига ўз ҳиссаларини қўшишларини илтимос қилиб қоламиз! Жумладан, ОАВ томонидан бизнинг ушбу лойиҳамиз ҳақида аҳолига кенгроқ маълумот берилиб, ечими топилиши қийинроқ кечаётган ва бир қадар чигалроқ бўлган масалалар юзасидан бизга мурожаат қилишлари мумкинлиги етказилса, ушбу масалаларни ҳамкор адвокатларимизни жалб қилган ҳолда ўрганиб кўриш ва ёритишга ҳаракат қиламиз!
Телефон рақамимиз: 90-350-91-22
Телеграм орқали мурожаат учун бот: @advokatnews_bot
Э-почта манзилимиз: [email protected]
Сафар тафсилотларини «Advokatnews.uz» сайти, Телеграмдаги «Advokatnews.uz» қаноти ва «Facebook» тармоғидаги «Advokat» журнали ва албатта «Xabar.uz» саҳифалари орқали кузатинг!
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter