Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

АДУда талабалар учун QR кодли электрон кутубхона ишга туширилди

АДУда талабалар учун QR кодли электрон кутубхона ишга туширилди

Фото: Андижон давлат университети матбуот хизмати

Андижон давлат университетида таълим йўналишлари кесимида фан дастурларида кўрсатилган ўқув адабиётлари билан таъминлаш масаласига замонавий ахборот технологиялари ютуқларидан фойдаланган ҳолда ечим топилмоқда.

Университетда бугунги кунда 36 та таълим йўналишида 1500 дан ортиқ фан мавжуд. Талабаларнинг ушбу фанлар бўйича адабиётлар билан таъминлаш мақсадида фан дастурида кўрсатилган асосий адабиётларни, камёб китоблар ва фан учун зарур ўқув материалларини электрон кўринишга келтириш бўйича тизимли равишда ишлар ташкил этилди.

Ҳозирда www.kutubxona.adu.uz платформаси ишга туширилиб, унда 1200 дан ортиқ фандан 3500 дан ортиқ асосий ўқув адабиётлари электрон шаклда жойлаштирилган. Талабаларга қулайлик яратиш мақсадида йўналишлар кесимида адабиётлар жамланиб, уларни QR код ёрдамида кўчириб олиш имконияти яратилди. QR кодли кутубхоналар университет кутубхонасига ҳамда ҳар бир таълим йўналиши таҳсил оладиган биноларга жойлаштирилган бўлиб, талабалар ўқув биносидан чиқмасдан асосий ўқув адабиётларидан фойдаланишлари мумкин бўлди.

Фото: Андижон давлат университети матбуот хизмати

Ҳозирги кунда юртимизда коронавирус эпидемияси сабаб таълим муассасаларига таътил берилиши натижасида талабаларнинг мустақил таълим олишлари, масофадан туриб ўқитилиши асосий талабга айланди. Айни вақтда бундай QR кодли кутубхоналар талабаларнинг китобга бўлган эҳтиёжини қондиришда катта фойда беради.

Шунингдек, www.kutubxona.adu.uz сайтида аниқ ва табиий фанлар йўналиши талабалари учун лаборатория машғулотлари видеолавҳалари ва аудиокитоблар ҳам мавжуд бўлиб, бу масофадан туриб ўқиш учун катта қулайликлар яратади.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, мутахассислик кафедраларнинг профессор-ўқитувчилари томонидан дарсларнинг асосий мазмунини ташкил этувчи қисқа шаклдаги 50 дан ортиқ видеодарслар тайёрланиб, университетнинг Youtube.com даги каналига жойлаб борилмоқда. Бундан ташқари ҳар бир академик гуруҳ учун телеграм ижтимоий тармоғида супергуруҳ очилиб, унга дарс ўтувчи ўқитувчилар ва гуруҳ талабалари аъзо бўлиши ташкил этилди. Талабаларга супергуруҳларда кундалик дарс жадваллари асосида виртуал муҳокамалар ташкил этилиб, тайёрланган электрон ва видеодарслар тақдим этиб борилмоқда. Берилган материаллар юзасидан савол-жавоб ва фикр алмашувлар ўтказилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг