Адлия вазирлиги ўрганиши: ногиронликни белгилаш қандай амалга ошмоқда?
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга қилган мурожаатномасида ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз кексалар, кўмакка муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлаш давлатнинг устувор вазифаларидан бири бўлиб қолиши таъкидланди.
Президентимиз томонидан юқоридаги мурожаатномада таъкидланганидек, ногиронлиги бўлган шахсларнинг нафақа таъминоти, малакали таълим олиши, иш билан таъминланганлиги ва бошқа бир қатор ҳолатлар давлатнинг устувор вазифалари бўлиши билан бирга, ижтимоий ҳимоя даражасини белгилаб берувчи асосий индикаторлардан бири ҳисобланади.
Мазкур индикаторларнинг юқорилиги давлатнинг инсонпарварлик тамойили асосида фаолият юритаётганлигидан далолат беради.
Адлия вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда ҳудудлардаги тиббий-меҳнат эксперт комиссияларининг (кейинги ўринларда ТМЭК деб юритилади) фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш ҳамда ногиронликни белгилаш билан боғлиқ фаолиятини таҳлил қилди.
Таҳлил ушбу соҳада фуқароларнинг ортиқча оворагарчилигига сабаб бўлувчи ўз ечимини кутаётган бир қатор масалалар мавжудлигини кўрсатмоқда.
Биринчидан, даволаш профилактика муассасаларида мутахассислар ва тиббий ускуналар етишмайди.
Даволаш-профилактика муассасаларида врачлар (невропатолог, окулист, хирург ва ҳоказо) етишмаслиги ҳамда штат бирлиги камлиги сабабли, уларнинг иш вақтларининг турлича қилиб белгиланганлиги натижасида фуқаролар ТМЭКлар томонидан дастлабки тиббий кўрикдан ўтиш учун асос бўладиган 088/у-тиббий маълумотномаси тўлдириш учун ўртача 8-10 кун вақт сарфлашмоқда.
Шунингдек, айрим тиббиёт ускуналари мавжуд эмаслиги натижасида фуқаролар 088/у-тиббий маълумотнома учун ортиқча сарф-харажат қилган ҳолда хусусий тиббиёт муассасаларидан кўрикдан ўтишига тўғри келмоқда.
Иккинчидан, соҳадаги айрим муносабатлар тартибга солинмаган, қонун ҳужжатларидаги баъзи тартиботлар фуқаролар манфаатларига тўғри келмайди.
Қонунчиликда белгиланган муддатлардан олдин ТМЭКлар томонидан дастлабки тиббий кўрикдан ўтказиш учун асос бўладиган касалликлар белгилари ва рўйхатлари тасдиқланмаган.
Натижада даволаш профилактика муассасалари томонидан айрим ҳолларда ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган шахслар, (бош мия инсульти, буйрак саратони, бош мия ўсмаси ва ҳоказо.) фаолиятининг тўлиқ бузилиши, шунингдек нохуш клиник прогнозли беморлардан ҳам стационарларда 4, 6 ёки 10 ой давомида даволаниш талаб қилинган.
Бундан ташқари, айрим ҳолларда фуқароларнинг моддий имконияти йўқлиги ҳамда кўпгина тиббиёт муассасаларида стационар даволаниш учун неврология ва терапия бўлимларида ўринлар етишмаслиги сабабли, улар қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда стационарларда даволана олишмайди.
Оқибатда фуқаролар ногиронлик ҳолатини белгилаш учун асос бўладиган касалликларга чалинган бўлишига қарамасдан, кўрсатилган муддатларда стационарларда даволанмаганлиги сабабли, уларга ногиронлик белгиланмаяпти.
Учинчидан, соҳа фаолиятида ҳуқуқни қўллаш амалиёти барқарор эмас.
ТМЭКлар фаолиятининг етарлича мувофиқлаштирилмаслиги натижасида, айрим ҳолларда даволаниш самара бермайдиган касаликка чалинган (бош мия фалажи, болалар церебрал фалажи, қўл ва оёқнинг ампутацион чўлтоқлиги ва ҳоказо.) беморлар йиллар давомида қайта-қайта тиббий кўрикдан ўтказилган.
Ўрганиш давомида адлия органлари томонидан ТМЭКлар фаолиятида 300 дан ортиқ қонун бузилиши ҳолатлари аниқланди. Мазур қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш ҳамда келгусида уларга йўл қўймаслик мақсадида адлия органлари томонидан 50 та тақдимнома ҳамда маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан таклифлар киритилди. Таъсир чоралари натижасида интизомий жавобгарликка 63 нафар, маъмурийга эса 5 нафар шахслар тортилди.
Тўртинчидан, ТМЭКларда айрим турдаги мутахасcислар етишмайди (педиатр, офтальмолог), аксарият ҳолларда ногиронлик, фуқаролар мурожаат қилганидан сўнг белгиланган.
Ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган шахслар, шунингдек нохуш клиник прогнозли беморларни аниқлаш бўйича етарлича мониторинг олиб борилмаслиги сабабли, баъзи ҳолларда чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи жисмоний, ақлий, руҳий ёки сенсор (сезги) нуқсонлари бор шахсларга ногиронлик белгиланмасдан қолиб кетган.
Таҳлилларга кўра 2018 йилнинг 10 ойида давомида ТМЭКлар томонидан белгиланган жами 42 499 та ногиронлик ҳолатининг атиги 275 таси ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган шахслар, шунингдек нохуш клиник прогнозли беморлар ҳиссасига тўғри келади.
Таъкидлаш лозимки, адлия органлари саъй-ҳаракати билан чекка ва олис ҳудудларда истиқомат қилувчи 100 дан ортиқ ногиронлик ҳолати аниқ кўриниб турган шахслар ТМЭКлар томонидан белгиланган муддатлардан олдин тиббий кўрикдан ўтказилиб, тегишли ногиронлик гуруҳлари белгиланди.
Шунингдек, ТМЭКлар томонидан ишлаб чиқилган реабилитация дастурлари касалликларнинг бошланиши, кечиши ва ривожланишини, амалиётдаги ҳолатлар чуқур таҳлил қилинмаган ҳамда ҳар бир ногиронга нисбатан индивидуал ёндашмасдан «номигагина» ишлаб чиқилган.
Натижада, ногиронлик ҳолатига «ижтимоий муаммо» сифатида эмас, балки «тиббий муаммо» сифатида қараш юзага келган.
Бугунги кунда ушбу соҳани такомиллаштиришга қаратилган ишлар бошлаб юборилди.
Адлия вазирлиги
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter