Абдулазиз Комилов Япония элчисини қабул қилди
Бугун, 31 август куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Япониянинг Фавқулодда ва Мухтор элчиси этиб тайинланган Ёшинори Фужиямани қабул қилди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди.
Ишонч ёрлиқлари нусхасини қабул қилиб ола туриб, Вазир элчини юқори ва масъулиятли лавозимга тайинланганлиги билан табриклади, унга самарали фаолият кўрсатишини тилади.
Бўлиб ўтган суҳбат чоғида икки давлат ўртасидаги ишонч ва ўзаро англашувнинг юқори даражаси, ҳамкорликнинг жорий кун тартиби ҳамда халқаро ва минтақавий масалалар бўйича қарашларнинг мос келиши ва ёндашувларининг яқинлиги эътироф этилди.
Савдо-иқтисодий ва инвестициион ҳамкорликни ривожлантириш учун улкан салоҳиятнинг мавжудлиги ҳамда мазкур йўналишдаги муносабатларни кучайтиришга ўзаро қизиқишнинг борлиги қайд этилди.
Учрашувда Японияга бўлажак олий ва юқори даражадаги ташрифларга тайёргарлик кўришнинг амалий жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилди. Режалаштирилган учрашувлар Ўзбекистон — Япония мулоқотини фаоллаштиришга хизмат қилишига ва икки томонлама муносабатларнинг бутун комплексига янги туртки беришига ишонч билдирилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter