МИБ пойтахт бошқармаси. 70 фоиз ходим таътилда, ундирувлар нима бўлади?
Энергия ресурслари аллақачон жамиятнинг қон томирига айланиб улгурган. Демакки, жамият саломатлиги учун томирдаги қон бир маромда айланиб туриши керак. Бугунги мураккаб даврда ҳеч кимга осон тутиб бўлмайди, тўғри. Бироқ эртанги кун истиқболи бугунга боғлиқ-да барибир. Келажакда энергия ресурслари таъминоти билан боғлиқ муаммо юзага келмаслиги истеъмолчиларга боғлиқ экани тайин. Бунинг учун тўловларни вақтида амалга ошириш кифоя.
Вазият тақазосига кўра, бугун аксарият аҳоли уйда, бу эса табиий ресурсларга бўлган эҳтиёжни сезиларли ошириши аниқ. Эҳтиёж ошиши ўз-ўзидан тўловлар миқдори аввалгига қараганда кўпайишига олиб келиши шундоғам аён.
Жорий этилган чекловлар фуқароларга маълум ноқулайликлар туғдириши эътиборидан Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси коммунал хизматлар ва қаттиқ маиший чиқиндилар учун тўловларни амалга ошириш учун Telegram мессенжерида @mibuzbot ботини ишга туширди. Бунинг учун мессенжерда @mibuzbot ботини «Старт» тугмаси орқали ишга тушириб, кейин мобил телефон рақамини улаш кифоя: тўловларни бемалол масофадан туриб амалга ошираверасиз.
Бундай имконият қулайликка қулайку-я, бироқ ҳамма ёппасига бунақа тизимдан фойдаланади, дейиш ҳам қийин-да. Алоқа воститалари билан ишлашни барча бирдек сув қилиб ичиб юборган, дейишга ҳали анча бор. Устига-устак, хонадон эшигини тақиллатиб, кўзга минг ёмон кўринмасин, аслида бизни муддати ўтган қарздорликка рўпара бўлишимизнинг олдини олиб турган МИБчиларнинг ҳам қадами узилган ҳозир. Пойтахт мисолида оладиган бўлсак, МИБ Тошкент шаҳар бошқармасининг 70 фоиз ходим таътилга чиқариб юборилган.
Бу ёқда ҳисоблагич айланиб ётибди...
Тўловни амалга оширишга имкони бўлиб, иложисини тополмаётган истеъмолчилар нима қилсин?
Мажбурий ижро бюросининг Тошкент шаҳар бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Марғуба Амонованинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, фуқаролардан келиб тушаётган айни шу мазмундаги мурожаатларни инобатга олиб, яна бир қулайлик яратилди. Биласиз, яқиндан буён пойтахтнинг 316 та маҳалласида (прокуратура органлари ходимлари масъуллигида) ҳар уч кунда бир марта бирламчи озиқ-овқатлар ярмаркаси ташкил қилинмоқда. Бу дегани ҳар куни Тошкентнинг 100 тадан кўп маҳалласида ярмарка ўтказилаётганини англатади. Фуқаролар шу ернинг ўзида фойдаланган электр, газ ва маиший чиқиндилар хизмати учун тўловларни амалга оширишлари мумкин. Чунки расталар қаторидан МИБнинг ҳудудий бўлимлари ташкил этган сайёр кассаларга жой ажратилган: тўловни хоҳланг нақд, хоҳланг банк пластик карточклари орқали амалга оширинг — муаммо йўқ. Муаммо қарздорликдан келиб чиқади. Дардинг бўлса ҳам қарзинг бўлмасин, деган гап бежизга эмас.
Дардингиз ҳам бўлмасин, қарзингиз ҳам!
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter