Жаҳон саломатлик куни ва коронавирус: БМТ Бош котиби тиббиёт ходимларига мурожаат қилди
7 апрель анъанавий тарзда Жаҳон саломатлик куни сифатида нишонлаб келинади. Ҳозир, бутун дунё коронавирусга қарши курашаётган шароитда бу кунни эслашнинг ўзи оғир. «Евроньюс» хабарига кўра, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш тиббиёт ходимларига видеомурожаат қилди.
«Жаҳон саломатлик куни бу йил барчамиз учун оғир бир пайтга тўғри келди. Бугун мен кечаю кундуз бизнинг хавфсизлигимиз учун курашаётган тиббиёт ходимларимизга — ҳамширалар, акушерлар, техниклар, парамедиклар, фармацевтлар, врачлар, ҳайдовчилар, фаррошлар, маъмурлар ва бошқаларга мурожаат қилмоқчиман. Вайронкор пандемияга қарши курашда ўзингизни хавф остига қўйиб, кечаю кундуз фаолият олиб бораётганингиз учун бугун сиздан ҳар қачонгидан-да миннатдормиз», — деди Бош котиб.
Жаҳон саломатлик куни саломатликни таъминлаш муаммоларига жамоатчилик эътиборини кўпроқ қаратиш мақсадида 1950 йилдан бери ўтказиб келинади. Бу йил бошидан ҳамширалар ва акушерларни қўллаб-қувватлаш режалаштирилган, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти жамоатчиликни улар тиббий хизмат кўрсатишга қўшаётган ҳиссани муносиб баҳолашга чақирганди.
Бироқ ҳозир коронавирус пандемияси сабабли барча тиббиёт ходимлари Иккинчи жаҳон урушидан бери кузатилаётган энг катта инқирозга қарши курашишга киришиб кетишган. Инсонлар ҳаёти учун курашаётган шифокорларнинг ўзлари ҳам шафқасиз вирус қурбонига айланишяпти.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter