Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

6 ёшли Дилшод бўйича суриштирувлар якунланди

6 ёшли Дилшод бўйича суриштирувлар якунланди

Фото: ХТВ

«Zoʼr tv» телеканали орқали эфирга узатилган «6 ёшли Дилшод қаерда?» номли лавҳада келтирилган ҳолат Халқ таълими вазирлиги масъул ходимлардан иборат ишчи гуруҳ ўрганаётгани ҳақида аввалроқ хабар берилган эди.

6 ёшли боланинг тақдирини ўрганиш жараёнида вазирлик ишчи гуруҳи томонидан қуйидагилар аниқланди: 

Дилшоднинг онаси 1980 йилда туғилган Е.С. асли самарқандлик бўлиб, Самарқанд шаҳридаги «Меҳрибонлик уйи»да тарбияланган, муқим яшаш жойига эга бўлмаган. 2003 йилдан бери Тошкент вилояти, Зангиота туманида истиқомат қилувчи фуқаро О.И.нинг хонадонида яшаб, унинг уй юмушларига қарашиб келган.

Е.С. 2014 йилда Дилшодни дунёга келтирган ва Зангиота тумани ФҲДЁ бўлими томонидан «ёлғиз она» сифатида қайд этилган.

2020 йилда фуқаро О.И «Тошкент» МФЙ раисига бир неча маротаба мурожаат қилиб, Дилшоднинг хулқидаги салбий ўзгаришлар, уйдан чиқиб кетиш ҳолатлари, болани тарбиялашда муаммолар юзага келаётганлиги ҳамда моддий томондан қийналаётганлигини билдириб, уни «Меҳрибонлик уйи»га жойлаш бўйича амалий ёрдам сўраган. Бу ҳақда 2020 йилнинг 25 август куни «Тошкент» МФЙ раиси ва ўринбосарлари иштирокида далолатнома расмийлаштирилган.

Юқоридаги ҳолатлар ва «Тошкент» МФЙ раисининг 2019 йил 28 ноябрдаги 62-сонли «Болани жойлаштиришда амалий ёрдам бериш тўғрисида»ги хатини инобатга олиб, 2020 йилнинг 13 октябрь куни вояга етмаган Дилшоднинг онаси иштирокида маҳалла раиси ва унинг ўринбосарлари ҳамда Зангиота туман ХТБ васийлик ва ҳомийлик органи мутахассиси иштирокида далолатнома тузилган. Далолатнома Дилшоднинг онаси томонидан ҳам имзоланган.

Ушбу далолатномага асосан Дилшод Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 12 апрелдаги 171-сонли қарори билан тасдиқланган Низом талабларига асосан Зангиота туман халқ таълими бўлими ва томонлар келишуви ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 сентябрдаги 824 -сон қарори асосида қаровсиз қолган болалар биринчи навбатда оилага қайтариш чораларини кўриш, оила топилмаган тақдирдагина уни «Меҳрибонлик уйи» ёки «Болалар шаҳарчаси»га жойлаштирилишини инобатга олган ҳолда бир йил синов муддати билан оилага тарбияга (патронат) берилган.

Халқ таълими вазирлиги томонидан боланинг аввалги яшаш шароити унинг нормал ҳаёт кечириши учун талабга мос эмас деб топилганлиги ва онанинг соғлигида муаммо мавжудлиги сабабли унга нисбатан тиббий экспертиза тайинлаш мақсадида судга мурожаат қилинади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг