Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

6 ойдан бери сарсон юрган тадбиркорнинг манфаати судда ҳимоя қилинди

6 ойдан бери сарсон юрган тадбиркорнинг манфаати судда ҳимоя қилинди

Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатувчи «Камол» (номи ўзгартирилган) масъулияти чекланган жамият директори «O’zzoovetta’minothizmat» давлат унитар корхонаси томонидан шартнома шартлари бажарилмаётганлиги юзасидан шикоят қилди.

Аниқланишича, 2023 йил 25 апрель куни жамият ва корхона ўртасида 1 дона «инсинератор» маҳсулотни 265 млн сўмга етказиб бериш бўйича шартнома тузилган.

Жамият томонидан 2023 йил 26 июлдаги электрон ҳисобварақ-фактурага асосан ушбу маҳсулот корхонага етказиб берилган.

Корхона томонидан 2023 йил 10 май куни қарийб 80 млн сўмлик (шартнома қийматидан 30 фоизи) дастлабки тўлов амалга оширилган бўлса-да, ҳозирги кунгача қолган 185 млн сўмлик қарздорлик жамиятга тўлаб берилмаган.

Шартномага мувофиқ, маҳсулот етказиб берилгандан сўнг корхона томонидан қолган 70% тўлов 60 кун ичида амалга оширилиши лозим.

Фуқаролик кодекснинг 236-моддасига кўра, мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонунчилик талабларига мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак.

Шунингдек, «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонуннинг 7-моддасида тарафлар тузилган хўжалик шартномалари бўйича зиммаларига олинган мажбуриятларни ўз вақтида ва тегишли тартибда бажаришлари шарт эканлиги белгиланган.

Жамият ва корхона ўртасида 2023 йил 19 декабрда тузилган солиштирма далолатномасига асосан шартнома бўйича асосий қарздорлик 185 млн сўмни ташкил этади.

Жамият томонидан корхонага 2023 йил 20 декабрда мавжуд қарздорликни тўлаши тўғрисида юборилган талабнома ижро қилинмаган.

Юзага келадиган барча низолар, агар улар музокаралар йўли билан ҳал этилмаса, иқтисодий судда кўриб чиқилиши шартномада белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тадбиркор манфаатида Тошкент туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, «O’zzoovetta’minothizmat» корхонасидан 185 млн сўм қарздорликни ундиришни сўради.

Суднинг қал қилув қарорига кўра, даъво талаблари тўлиқ қаноатлантирилди. Шу тариқа ярим йилдан бери пулини ололмасдан сарсон бўлиб юрган тадбиркорнинг мурожаати ижобий ҳал этилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг