43 беморни даволашда қатнашган ҳамшира ҳақида
Ҳамширалар тиббиётнинг энг олдинги бўғинида юрадиган, беморни шифокордан-да биринчи бўлиб қарши оладиган, улар билан доимо юзма-юз мулоқот қиладиган мутахассислардир. Шу учун бўлса керак, ҳамшираларнинг билими, салоҳияти кўпчиликда тиббиётнинг бугунги ҳолати ҳақида дастлабки тасаввурни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади. Албатта, бугун бутун дунёдаги пандемия даврида мамлакатимиздаги тиббиёт муассасаларида фаол иш олиб бораётган уч юз минг нафардан зиёд фидойи ҳамшираларимизнинг ҳар бири бундай юксак масъулиятни теран ҳис этиб, меҳнат қилаётгани ҳаммамизни қувонтиради.
Ана шундай ўз ишида ҳам, оила ва жамиятда ҳам фаол ва ташаббускор ҳамшираларимизга қанча эҳтиром кўрсатсак арзийди. Айни пайтда мамлакатимизда коронавирус инфекциясига қарши қаҳрамонларча курашаётган 50 минг нафардан зиёд ҳамширалар фаолияти алоҳида таҳсинга лойиқ.
Ушбу хабарда сурати эътиборингизга ҳавола этилган ана шундай фидойи ҳамширалардан бири — Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли тиббиёт клиникаси ходими Фотима Хусановадир. Кўп йиллик тажрибага эга ҳамшира ўтган бир ой ичида 43 нафар коронавирусга чалинган беморни бутунлай соғайишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди.
Фотиманинг юзида янгидан ҳосил бўлган чандиқлар ҳам ўз комбинезонини ечмасдан, ҳаёти ва соғлиғини гаровга қўйиб, кунни тунга улаб, қилган машаққатли ва матонатли меҳнатининг натижасидир.
«Шундай олижаноб касб танлаганимдан фахрланаман, бу қийинчилик, синовлар ортда қолаяпти, лекин ҳамкасбларим билан қисқа вақт ичида коронавирусга чалинган ўнлаб беморларнинг соғайиши, уларнинг ўзи ва оилаларининг қувончига сабаб бўлаяпмиз, биз учун одамларимизнинг соғлом ва хушкайфиятда юришидан-да ортиқ бахт йўқ», — дейди Фотима Ҳусанова.
12 май — Халқаро ҳамширалар куни муносабати билан Фотима каби жасоратли ҳамшираларимизни ушбу сана билан самимий табриклаб, уларга оилавий бахт, сиҳат-саломатлик, машаққатли ишларига муваффақиятлар тилаб қоламиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter