ДХР томонида Украинага қарши жанг қилган 38 яшар эркак 5 йилга қамалди
Жиноят ишлари бўйича Юқоричирчиқ туман суди 23 октябрь куни бўлиб ўтган мажлисда Тошкент вилоятида яшовчи фуқарога нисбатан ҳукм чиқарди. «Газета.uz»нинг ёзишича, 1985 йилда туғилган ўзбекистонлик эркак Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисми (Ёлланиш, яъни … шахснинг моддий манфаатдорлик ёки бошқа бирон шахсий манфаатни кўзлаб, ўзга давлат ҳудудида ёки унинг тарафини олиб қуролли тўқнашувда ёхуд ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун ёлланиши) бўйича айбдор деб топилиб, суд томонидан беш йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. Олий суд ахборот хизмати маҳкум биринчи инстанция суди қарори устидан апелляция шикояти берганини маълум қилган.
Гарчи суд ҳужжатларида маҳкумнинг исми ва фамилияси кўрсатилмаган бўлса-да, гап Россияда пайвандчи бўлиб ишлаган 38 яшар Ильдар Хайрулин ҳақида кетмоқда. ОАВдаги маълумотларга кўра, Хайрулин 2014−2015 йилларда Украинада ўзини ўзи эълон қилган ДХР томонида жанг қилган.
Ўзбекистон қонунчилигига кўра, чет давлатлар ҳарбийлашган тузилмаларига ёлланиши жавобгарликка сабаб бўлади. Низолашаётган давлатнинг фуқароси ёки ҳарбий хизматчиси ҳисобланмаган ёхуд назорат қилиниб турган низолашаётган давлат ҳудудида доимий яшамайдиган ёки ҳеч қандай давлат томонидан қуролли кучлар таркибида расмий топшириқни бажариш ваколати берилмаган шахснинг моддий манфаатдорлик ёки бошқа бирон шахсий манфаатни кўзлаб, ўзга давлат ҳудудида ёки унинг тарафини олиб қуролли тўқнашувда ёхуд ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун ёлланиши беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Шунингдек, Ўзбекистон фуқаросининг чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириши 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан, ёлланиши эса 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланишига сабаб бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Бош прокуратураси хориждаги ватандошларни бошқа давлатларнинг қуролли кучлар сафига қўшилмаслик ва жанговар ҳаракатларда қатнашмасликка чақирган ҳамда бунинг учун жиноий жавобгарлик ҳақида огоҳлантирган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter