31 мингдан ортиқ «иш ўринлари» қўшиб ёзилган – Бош прокуратура
Бош прокуратура органлари томонидан ўтказилган ўрганишларда 31 минг 087 та янги иш ўринлари ҳисоботларга қўшиб ёзилганлиги аниқланиб, айбдор шахслар тегишли тартибда жавобгарликка тортилган.
Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддинов маълум қилди.
Идора расмийси аҳоли бандлиги, янги иш ўринларини яратишга қаратилган дастурлар ижроси устидан назорат ҳам кучайтирилганини маълум қилди.
Қайд этилишича, ўрганиш даврида 274 нафар ишчи-хизматчиларнинг кечиктирилган 966 млн сўм иш ҳақлари ундириб берилиши таъминланган.
Прокурорлар ташаббуси билан 311 маротаба меҳнат ярмаркалари ўтказилиб, уларда 4 минг 312 нафар ишсиз фуқаролар ишга жойлаштирилган.
Иш ҳақи ва нафақа пулларининг 3,7 млрд. сўми талон – торож қилинганлиги аниқланиб, 34 та жиноят иши қўзғатилган.
Ўтган даврда тадбиркорлар, шу жумладан хорижий инвесторларнинг 8 минг 257 нафарига “Тез ёрдам” тамойили асосида амалий ёрдамлар кўрсатилиб, шундан 1 минг 509 нафарига 265 млрд сўм кредит, 238 нафарига 168 гектар ер майдони, 46 нафарига бино ажратилиши, 458 нафарига рухсатнома ва лицензия берилиши, 3 минг 759 нафарини муҳандислик тизимига уланишида амалий кўмак берилди.
Натижада, фаолият кўрсатмаётган 4 минг 432 та тадбиркорлик субъектларининг фаолияти қайта тикланиши ҳисобига 3 мингдан ортиқ иш ўринлари йўқотилишининг олди олинди.
Шунингдек, 6 минг 200 та ҳолатда тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашув ва бюрократик тўсқинликлар аниқланиб, бартараф этилди ҳамда 3 минг 100 нафар тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Хорижий инвесторлар фаолиятида юзага келган 1 минг 644 та муаммолар ижобий ҳал этилди.
Кредит маблағлари талон – торожини олдини олиш, муаммога айланган кредит қарздорликларининг қайтарилишини таъминлаш ишлари устидан назорат янада кучайтирилди.
Ўтказилган назорат тадбирларида кредит маблағларининг 1,5 трлн сўми талон - торож қилинганлиги аниқланиб, банк ва мижоз корхоналар раҳбарларига нисбатан 540 та жиноят ишлари қўзғатилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter