Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«2030 йилга бориб Ўзбекистон дунёдаги сув тақчил бўлган мамлакатлар қаторига киради» – мутахассис

Сизга кимдир Ўзбекистонда 10 йилда кейин сув танқислиги кузатилади, деса ишонасизми? Ишонаверинг. Сиз Тошкентда яшасангиз ҳам айни шу муаммо сизни кутиб турибди. Агар сиз ва мен сувни тежаб ишлашни ўрганмасак, 10 йилдан кейин Ўзбекистонда сув танқислиги кузатилиши мумкин. Хўш, бу муаммога ечим борми?

«Хаbar.uz» шу мавзуда «Ўзсувтаъминот» АЖ ахборот хизмати бош мутахассиси Акмал Қодиров билан суҳбатлашди.

– Ўзбекистонда саноат тармоқларда қанча сув истеъмол қилинади?

– Бир йил давомида Ўзбекистонда саноат тармоқларида 56-57 миллиард кубометр сув захираларидан фойдаланилади. Ушбу сувнинг 87 фоизга яқини қишлоқ хўжалигида, 9 фоизи электр энергия ва балиқчилик саноатида, атиги 4 фоизи ичимлик сувини олиш учун ишлатилади. Ўзбекистондаги сув захираларининг бор-йўғи 20 фоизи мамлакат ичида ҳосил бўлади. Қолган 80 фоизи ташқи манбалар асосида шаклланади. Мазкур сувларнинг ҳам 48 фоизи ер ости, 52 фоизи эса ер усти сувларига тўғри келади.

Иқлим ўзгариши натижасида сув муаммоси янада кескинлашмоқда. Ер шарида 3 фоиз чучук сув мавжуд. Ушбу чучук сувнинг ҳам атиги 1 фоизи истеъмолга яроқли ҳисобланади. Дунёдаги шўрланиш ва иқлим исиши ўз навбатида бу кўрсаткичларга салбий таъсир кўрсатмасдан қўймайди. Сўнгги 10 йилликда қор ёғиши жуда кам кузатилди. Нега айнан қор? Чунки сув захираларининг шаклланишида қорнинг аҳамияти катта. Ёмғир ёғса, ер бу сувни шимиб олиши мумкин. Лекин қор тоғда музликларни ҳосил қилади. Бундан ташқари, Ўрта Осиё мамлакатларида аҳоли сони ошиб бормоқда.

Мавжуд вазиятни нақадар жиддийлашиб бораётганини инобатга оладиган бўлсак, асосан қишлоқ хўжалиги учун сарфланадиган сувни тежаш йўлига ўтишимиз лозим. Афсуски, ичимлик сувини ҳам бемақсад сарфлаш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Ахир, ичимлик сувини ишлаб чиқаришда ўзига яраша машаққат бор. Масалан, сувга қўшиладиган гипохлорит натрий ва аччиқтош Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайди. Шунингдек, электр энергия сарф қилинади.

Ўзбекистонда 1 кубометр (1 тонна) сув нархи – 1380 сўм. Ҳисоблаб кўрсангиз, 1 литр сув 1 сўм 38 тийинга тўғри келади. Бу дунё бўйича энг арзон нарх ҳисобланади. Ичимлик сувини аҳолига етказиб беришда бир нечта босқичлар мавжуд. Бугунги кунда Тошкент шаҳар аҳолиси 1 тонна сув учун 400 сўм пул тўлайди. Навоий вилоятида эса 1 литр сув учун аҳоли 3000 минг сўм пул тўлайди. Нега бу иккита вилоятни мисол қилиб келтирдим? Сабаби, Тошкент шаҳрини сув билан таъминлашда Бўзсув каналидан фойдаланилади. Яъни, аҳолини сув билан таъминлашда сув ўзининг йўлида оқиб боради. Бунда электр энергия кам сарф қилинади. Навоий вилоятини сув билан таъминлашда 70 фоиз сув қувурлар орқали Самарқанд вилоятидан келтирилади. Табиийки, бунда электр энергия кўп миқдорда сарфланади.

– Афсуски, ичимлик сувини бемақсад сарф қилинаётган ҳолатлар жуда кўп. Масалан, ҳожатхона учун ҳам айнан ичимлик сувидан фойдаланамиз. Ҳозирда қурилаётган замонавий уйларда ҳам шу аҳвол. Нега бунга эътибор қаратилмаяпти?

– Ҳожатхонада унитазни бир маротаба тозалаш учун 6-8 литр сув ишлатилади. Бу сиз айтганингиздек, ичимлик суви ҳисобланади. Хорижий давлатларда эса қайта ишланган оқова сувдан фойдаланишади. Лекин биз оқова сув эмас, ичимлик сувидан фойдаланамиз. Албатта, бу жуда ҳам ачинарли ҳолат. Ҳозир ҳар бир хонадонда замонавий печлар мавжуд. Мазкур печлардан фойдаланиш ҳам маълум маънода ичимлик сувини кўп сарфланишига олиб келади. Масалан, сиз жўмракни очиб, иссиқ сув келишини кутиб турасиз. Бунга ҳам эътибор қаратиш лозим.

Мен эслайман, ёшлигимизда уйда қумғон бўлар эди, ундан ўзингизни ҳовучингизга мос сув олиб ишлатар эдингиз. Ҳозир замон ривожланиб жўмраклар пайдо бўлди. Бу ҳолатда бир маротаба ювиниш учун кўп сув исроф бўлади. Тиш ювганда ёки соқол олганда сувни кўпчилик оқизиб қўяди. Лекин Европа давлатлари бу масалага бошқача нигоҳ билан қарайди. Масалан, Японияда ёшларга ювиниш учун битта кичик идишда сув берилади. Бу орқали ёшларга ичимлик сувини исроф қилмаслик ўргатилар экан. Афсуски, бизда сувни оқизиб қўйиб автомобиль ювишади.

Ўзингиз ўйлаб кўринг, 1 литр сув учун 1 сўм тўлаётган одам сувни исроф қилмаслик ҳақида ўйлаши мумкинми? Бир челак сувда автомобилни устини тоза қилиб ювиб қўйса бўлади. Ҳисоб китобларимизга кўра, челакда автомобиль ювиш учун 35 литр сув кетар экан. Шланкада эса 350-400 литр сув кетиши мумкин. Назаримда, нарх тарифларини ўзгартириш керак. Ва ёшларга сувни тежаб ишлатиш маданиятини сингдириш лозим. Шу мақсадда бизни ташкилот сувни асраш, дунёда сув миқдорининг камайиб бораётгани ҳақида мактаб дарсликларига мавзулар киритишни режа қилган.

Қадимдан мироб деган касб эгалари бўлган. Уларга сувнинг охиридан уй берилган. Чунки мироб сувни тўғри тақсим қилмаса, сув ўзигача етиб келмайди. Яъни, ўша вақтда ҳам сувни тежашга қаттиқ қаралган. Лекин замон зайли билан бу тенденция ўзгарди.

Мутахассислар ва БМТ маълумотларига кўра, ичимлик суви тақчил бўлиб бормоқда. Агар сувни шундай тарзда ишлатишда давом этсак, 2030 йилга бориб Ўзбекистон дунёдаги сув тақчил бўлган мамлакатлар қаторига киради. Биринчи жаҳон уруши ер учун бўлди. Иккинчи жаҳон уруши энергия ресурслари учун бўлганди. Учинчи жаҳон уруши сув учун бўлади. Яқинда ҳам Афғонистон ва Эрон ўртасида сув масаласида тўқнашув юз берди. Тожикистондаги тоғларда музликлар шиддат билан эриб бормоқда. Бу бўйича даҳшатли рақамлар бор.

– Бугунги кунда Ўзбекистон аҳолисининг неча фоизи ичимлик сув билан таъминланган?

– Бугунги кунда Ўзбекистон аҳолисининг 74,4 фоизи марказлашган ичимлик суви билан таъминланган. 25 фоиз аҳоли эса муқобил сув манбаларидан фойдаланади. 2017-2022 йиллар давомида 5870 та сув иншооти реконструкция қилиниб, қурилиш ишлари олиб борилган ва 32 минг километрга яқин тармоқ тортилган. Бунинг натижасида 11 миллиондан ортиқ аҳолининг ичимлик сув таъминоти яхшиланган. 6,6 киши илк бор ичимлик суви билан таъминланган.

–  Аҳвол шу кетишда давом этса, бизни келажакда нималар кутиб турибди?

– БМТ маълумотларига қарайдиган бўлсак, 2040 йилга бориб 700 миллион киши айнан сув танқислиги сабабли кўчирилиши мумкин. Бу 700 миллион киши орасида Ўзбекистон халқи ҳам бўлиш эҳтимоли мавжуд. Буни устига Ўзбекистон Евросиё материгининг марказида жойлашган.

Болалик даврим қишлоқда ўтган, яхши эслайман ариқдан келадиган сув бўлар эди. Ўша сувни биз ҳам истеъмол қилардик, ҳам томорқани суғорардик. Охирги йилларда шу оқар сувлар тўхтаб қолган. Олдингдан оққан сувни қадри йўқ, дейди халқимиз. Бунинг даҳшатини эрта тонгда туриб, жўмракни очганингизда сув бўлмаганида ўйлаб кўриш керак.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг