2025 йилгача барча ИИБларни алкотестер билан таъминлаш режалаштириляпти
Ички ишлар органларининг навбатчилик қисмларига олиб келинган, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганликда гумон қилинаётган шахсларнинг мастлик ҳолатида эканлигини аниқлашда алкотестердан фойдаланиш тартиби жорий этилади.
Бу борада ишлаб чиқилган Ҳукумат қарори лойиҳасига кўра, туман (шаҳар) ички ишлар органлари навбатчилик қисмлари 2024-2025 йилларда босқичма-босқич жами 208 дона алкотестерлар билан таъминланади.
Навбатчилик қисмларида ички ишлар органларининг профилактика инспекторлари ҳамда патруль-пост хизмати ходимлари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишда гумон қилиниб, олиб келинган шахслар мастлик ҳолатида эканлигини текшириш мақсадида алкотестер ёрдамида текширувдан ўтказилади.
Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс алкотестер ёрдамида текширувдан ўтказилиб, унинг мастлик ҳолати аниқланиб, бироқ мазкур натижалар бўйича ушбу шахсда эътирозлар мавжуд бўлган тақдирда, улар масъул ходимлар томонидан мастлик ҳолатини текшириш мақсадида тиббий текширувдан ўтказиш учун соғлиқни сақлаш идораларининг белгилаган туман (шаҳар) даволаш-профилактика муассасаларига олиб борилади.
Ҳужжат лойиҳаси билан ИИВга шахснинг мастлик ҳолатини текширишда алкотестер воситалардан фойдаланиш тартибини йўлга қўйиш ва унинг самарадорлигини ошириш мақсадида масъул ходимлар малакасини ошириш юзасидан ўқув машғулотлари ташкил этиш вазифаси юкланади.
Вазирлик, шунингдек, 2025 йил якунига қадар туман (шаҳар) ички ишлар органлари навбатчилик қисмлари учун алкотестерларни Ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимини ривожлантириш жамғармалари ҳисобидан давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ босқичма-босқич харид қилиш чораларини кўради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter