2025 йилда иш ҳақи ва ижтимоий солиқ харажатлари учун 154,3 трлн сўм ажратилади
2025 йилда иш ҳақи ва ижтимоий солиқ харажатлари жами Давлат бюджети харажатларининг 44,8 фоизини ёки ЯИМга нисбатан 9,5 фоизни ташкил этиши прогноз қилинмоқда.
Жумладан, 2025 йилда иш ҳақи ва ижтимоий солиқ харажатлари учун 154,3 трлн сўм ёки 2024 йилги тасдиқланган режага нисбатан 27,6 трлн сўмга кўп маблағ ажратилиши кўзда тутилган. Шундан ижтимоий соҳанинг иш ҳақи харажатлари 97,2 трлн сўмни (таълим 62,1 трлн сўм, соғлиқни сақлаш – 30,1 трлн сўм, маданият ва спорт – 3,9 трлн сўм) ёки жами иш ҳақи харажатларининг 63,2 фоизини ташкил қилади.
Маълумот учун, Бюджетномада макроиқтисодий сиёсатнинг асосий мақсадлардан бири 2030 йилга қадар иқтисодиёт ҳажмини 2 баробарга ошириш ва «даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар» қаторига кириш учун аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажмини 4 минг АҚШ долларидан ошириш белгиланмоқда.
Бунинг учун инсон капиталини ривожлантиришга устувор эътибор берилиб, бу соҳадаги харажатларнинг устуворлиги таъминланади, шунингдек, ижтимоий ҳимоя учун ажратилган маблағларнинг манзиллилиги ва самарадорлиги оширилади. Аҳолининг реал даромадларини ошириш мақсадида ҳар йили буджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсия ва нафақалар миқдорлари инфлация даражасидан кам бўлмаган миқдорда ошириб борилади. Шунингдек, давлат пенсия тизимини ислоҳ қилиш ва ижтимоий суғурта тизимини ривожлантириш режалаштирилган.
Шу билан бир қаторда фискал интизом бузилишига олиб келиши мумкин бўлган бир қатор ички ва ташқи хатарлар ҳам санаб ўтилади. Унга кўра, иш ҳақи миқдорининг бюджет параметрларида кўзда тутилган миқдорлардан қўшимча равишда 1 фоиз бандга оширилиши йилига 1,5 трлн сўм атрофида, пенсия миқдорининг 1 фоиз бандга оширилиши эса 730 млрд сўм, нафақа олувчилар сонининг 10 фоизга оширилиши 740 млрд сўм миқдорида қўшимча харажатлар талаб этади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter