Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

2020 йилги давлат дастури лойиҳаси 20 кунда тасдиқлаш учун киритилади

2020 йилги давлат дастури лойиҳаси 20 кунда тасдиқлаш учун киритилади

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасига Мурожаатномасида 2020 йил барчамиз учун алоҳида синов ва масъулият йили бўлишини қайд этди.

«Биз бундан уч йил олдин мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга кўтариш мақсадида буюк ишларни бошлаганмиз.

Халқимизнинг ақл-заковати, куч-қудрати ва салоҳиятига таяниб, биз дастлабки, лекин ўта муҳим ва салмоқли натижаларга эришмоқдамиз.

Энди ана шу ютуқларимизни мустаҳкамлаб, янада дадил ва улкан қадамлар ташлашимиз шарт.

Чунки юртимиздаги ислоҳот ва ўзгаришлар жараёни ортга қайтмайдиган ва ҳал қилувчи паллага кирмоқда.

Натижадорлик ҳаммамиз учун бош талаб, асосий мезонга айланмоқда. Бу борада 2020 йил барчамиз учун алоҳида синов ва масъулият йили бўлади.

Энди кечаги ютуқ ва марралар бизни сира қониқтирмайди. Нега деганда, бугунги Ўзбекистон кечаги Ўзбекистон эмас. Бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмас.

Амалий натижа билан мустаҳкамланган, ўз меваси, ҳосилини бераётган ислоҳот одамларнинг қалбига, юрагига тез кириб боради. Ва бундай ислоҳотни, бундай шиддатли жараённи ҳеч ким, ҳеч қандай куч тўхтата олмайди.

Энг муҳими, ислоҳотларимиз самарасини юртимизда яшаётган ҳар бир инсон, ҳар бир оила бугун ўз ҳаётида ҳис этиши керак.

Бунинг учун барча бўғиндаги раҳбарлар фоизлар, рақамлар, қоғознинг ортидан қувмасдан, ҳар бир фуқаро учун, унинг ҳаётий манфаатларини таъминлаш учун ишлаши шарт.

Шунда нуроний кексаларимиз, муҳтарам отахон ва онахонларимиз, ҳурматли аёлларимиз, азиз фарзандларимиз, жажжи набираларимиз, кўпмиллатли бутун халқимиз биздан рози бўлади.

Бугунги Мурожаатномада баён қилинган ҳар бир мақсад ва вазифага, уларни амалга оширишга айнан шу нуқтаи назардан ёндашсак, ҳар томонлама тўғри бўлади.

Вазирлар Маҳкамаси ҳудуд раҳбарлари билан биргаликда, Мурожаатномада белгилаб берилган барча вазифалар ижросини сўзсиз таъминлаб, ҳар чоракда Олий Мажлис олдида ҳисобот бериши зарур.

Президент Администрацияси ва Ҳукумат Олий Мажлис палаталари билан биргаликда, 20 кун муддатда 2020 йилга мўлжалланган давлат дастури лойиҳасини пухта тайёрлаб, тасдиқлаш учун киритсин», деди Шавкат Мирзиёев.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг