Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

19-30 ёшдагиларнинг 54,6 фоизи ҳеч қаерда ўқимайди ва ишламайди

19-30 ёшдагиларнинг 54,6 фоизи ҳеч қаерда ўқимайди ва ишламайди

Фото: Ёшлар агентлиги

Шу йилнинг бошида ЮНИСЕФ, Ёшлар иттифоқи, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати «Ўзбекистон ёшлари: муаммо ва истиқболлар» («Молодежь Узбекистана: вызовы и перспективы») деб номланган йирик тадқиқот натижаларини эълон қилди.

Uzanalytics.com сайтида чоп этилган ушбу ижтимоий сўровда республиканинг барча ҳудудларида истиқомат қилувчи 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган 4 минг 500 нафарга яқин респондент иштирок этди. Қолаверса, бевосита мулоқот қилиш учун 24 та фокус-гуруҳи шакллантирилган. Тадқиқот уч йил мобайнида замонавий методологиялар асосида олиб борилган. Лойиҳага етакчи маҳаллий ва хорижий экспертларнинг жалб этилгани ҳам алоҳида эътиборга моликдир. Ўзбекистон ёшларига бағишланган социологик сўров еттита асосий мавзу йўналишини ўз ичига қамраб олган. Айримлари хусусида тўхталиб ўтишни жоиз деб топдик.

Таълим

Аксарият ёшлар мавжуд инфратузилма (таълимдаги муҳит, моддий-техник таъминот, дарслик ва бошқалар) ни ижобий баҳолаган. Уларнинг 94,7 фоизи педагоглар фаолияти, 91,1 фоизи ўқув муассасаларининг ҳолатини қониқарли, деб ҳисоблайди. Аммо рақамли технологиялардан фойдаланиш масаласида вазият кўнгилдагидек эмас.

Сўровнома давомида ёшлар мактабдан иккита муҳим нарса — лидерлик (16,9%) ва турли вазиятларга мослашувчанлик (10,9%) хусусиятларини ололмаётганини таъкидлади.

 19 — 30 ёшли респондентларнинг 54,6 фоизи ҳеч қаерда ўқимаслиги ва ишламаслигини айтган.

Тадқиқотдан маълум бўлишича, олий ўқув юртларига кираётган шаҳарлик ёшлар қишлоқдаги тенгдошларига қараганда икки ҳисса кўп. Олий таълим муассасалари талабалари орасида хотин-қизлар улуши 37 фоизга тенг. Даромади паст тоифага мансуб 25 — 30 ёшдаги респондентларнинг атиги 3 фоизи олий маълумотли. Зотан, даромади юқори тоифадагиларда бу кўрсаткич 23 фоизни ташкил қилмоқда.

Касбий танлов ҳамда иқтисодий имкониятлар

Ўқишни битиргач, уйда ўтириб қолаётган ёшлар орасида аёллар салмоғи анча юқори — 51 фоиз. 18 ёшдан кейин мазкур кўрсаткич янада ортиб, 74 фоизга етмоқда. Бунинг сабабини қизлар оила юмушлари ҳамда даромад топиш учун бошқа жойга кўчиб ўтиш имкониятининг чеклангани билан изоҳлади.

Қишлоқ ёшлари шаҳарликларга қараганда олий таълим муассасаларига камроқ киради, шу боис, уларда тадбиркорликка қизиқиш юқори. Ишлаётган респондентларнинг 35,7 фоизи хусусий секторда банд. Давлат идораларида фаолият кўрсатаётганлар ҳам тахминан шунча.

Ўзбекистонда стартап лойиҳаларга асосан қишлоқ ёшлари қўл урмоқда. 17,5 фоиз респондент шунинг орқасидан шахсий бизнесини йўлга қўйганини қайд этган.

Респондентларнинг 28,7 фоизи таълим, 26,3 фоизи илм-фан, 22,9 фоизи тиббиёт, 21,7 фоизи бизнес ва менежментга қизиқишини айтган. Амалда эса қурилиш объектлари (14,4%), қайта ишлаш саноати (10,6%), деҳқон ва фермер хўжаликларида (9,8%) меҳнат қилмоқда.

Респондентларнинг 63,4 фоизи иш, биринчи навбатда, қизиқарли бўлиши керак, ҳисоблайди. Қизиқарли деганда улар ўзлари топган ишни назарда тутган. Таассуфки, 17,8 фоиз ёшлар ота-онасининг қаршилиги сабабли олий маълумотли бўлиш орзусидан воз кечмоқда. Шундан 20,8 фоизи қизлар. Инчунин, ҳисоб-китобларга қараганда, Ўзбекистонда олий маълумотли мутахассис мактаб ёки коллеж битирувчисига қараганда ўртача 55% юқори маош олади.

19,8 фоиз респондент (26,3% - эркаклар, 17,3% - аёллар) учун касб танлашда маош ҳал қилувчи ўрин тутади. Қишлоқдаги хотин-қизлар 1 миллион сўм (тахминан 100 доллар.) Ойликка ҳам қаноат қилишга рози. 3-5 миллион сўм — ёшлар учун яхши ойлик ҳисобланади.

Иш топишдаги муаммолар

Ёшларнинг ишга жойлашишига учта асосий омил тўсқинлик қилмоқда: ўзи хоҳлаган мутахассисликни эгаллаш учун маблағнинг йўқлиги; олийгоҳга кириш учун пул ёки таниш-билишнинг йўқлиги; ота-онанинг қистови. Охиргиси аёллар ҳаётида икки баравар кўп кузатилмоқда.

Уйда ўтирган ёшларнинг ярмидан кўпи хотин-қизлар бўлиб, эркаклар салмоғи 14 фоизни ташкил қилади. 52 фоиз ҳолатда респондентлар оила аъзоларини парваришлашга мажбурлиги туфайли ўқиш ва ишлашдан воз кечмоқда. Бошқа сабаблар сифатида контракт тўлашга шароитнинг йўқлиги (17,9%) ҳамда ўқишга кира олмаслик (17,1%) кўрсатилган.

Оила қурган аёлларнинг 88,1 фоизи ишламайди. Кўп ҳолларда бунга уларнинг турмуш ўртоғи ва қайнонаси тўсқинлик қилмоқда.

 Интернет ва компютер технологиялари

Респондентларнинг 86,9 фоизи ахборот технологияларини чуқурроқ ўзлаштиришга ​​қизиқиш билдирган. Шундан 37,8 фоизи, жумладан, қишлоқ жойларида истиқомат қилаётган хотин-қизлар компютердан умуман фойдалана олмаслигини айтди. Интернетдан фойдаланишни билмайдиган ёшлар салмоғи эса 53,9 фоизни ташкил қилади.

Баъзи ёшлар интернетни фойдали ахборот ресурслар, иш ва таълим учун қулай инструмент сифатида қабул қилса, бошқалари «вақт ўғриси» ҳамда ёт ғоялар макони, деб тушинишади. Бундай ҳолат жамиятда рақамли тенгсизлик мавжудлигини кўрсатмоқда.

Манба: Uzanalytics.com

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг