Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

14 ёшли боланинг бўйи 221 см.га етди ва у тинимсиз ўсишда давом этмоқда (фото+видео)

14 ёшли боланинг бўйи 221 см.га етди ва у тинимсиз ўсишда давом этмоқда (фото+видео)

Фото: «Daily Mail»

Бўйи 221 сантиметр бўлган хитойлик ўқувчи «дунёдаги энг баланд бўйли ўсмир» номинацияси учун Гиннесснинг рекордлар китобига ариза топширди. Бу ҳақда «Daily Mail» нашри хабар берган.

Сяоюй лақабли йигитча 18 октябрь — якшанба куни 14 ёшга тўлган заҳоти рекордни қайд этиш учун Гиннесснинг рекордлар қўмитасига борди. «Дунёдаги энг баланд бўйли ўсмир» унвонининг олдинги соҳиби — ҳозирда вояга етиб қолган америкалик Кевин Брэдфорд бўлиб, унинг бўйи 16 ёшида 216 сантиметрни ташкил этган.

14 ёшли Сяоюйнинг бўйига ҳеч қандай касаллик таъсир кўрсатмаган. Йигитча болалигидан тенгдошларидан анча баланд бўлган. Ота-онаси уни бир неча марта шифокорларга кўрсатган. Лекин мутахассислар болада ҳаммаси жойида эканлигига ишонтиришган. Хитойликнинг ўзи баланд бўйини ирсият билан изоҳлайди — ота-онаси, шунингдек, бобо ва бувисининг бўйлари ҳам 180 сантиметрдан баланд бўлган.

Уч ёшидаёқ унинг бўйи 160 сантиметрга етган, 11 ёшида эса 206 сантиметргача чўзилган. Сяоюй ўсишда давом этмоқда. Шу боис мактабда ўқитувчилар ҳар йили унга янги парта ва стул излашига, йилига бир неча марта янги мактаб формасига буюртма беришига тўғри келади.

Йигитчанинг таъкидлашича, жамоат транспортидан фойдаланишга ва аттракционларда учишга қийналади.

«Бошида атрофдагиларнинг мен ҳақимда нима деб ўйлашларидан ташвиш чекардим. Лекин ўқитувчи ғийбатчиларга қулоқ солмасдан, йўлимда давом этишим кераклигини айтди», — дея тан олди Сяоюй. Ҳозир синфдошлари уни ҳурмат қилишади ва «кичик Яо Мин» деб аташади. Маълумки, Яо Мин НБАда ўйнаган хитойлик собиқ баскетболчи бўлиб, унинг бўйи 229 сантиметрни ташкил этган. Сяоюйнинг ўзи баскетбол ўйнаш нияти йўқ: у яссиоёқлик ва хондрома — тоғай ўсмаси туфайли спорт билан шуғуллана олмайди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг