1 сентябрдан мактаб директорларига катта ҳуқуқ берилади
Президентнинг «Халқ таълимини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги» Қарорига асосан 2022 йилнинг 1 сентябридан бошлаб халқ таълими тизимидаги муассаса ва ташкилотлар раҳбарларига бюджетдан ташқари маблағларини мустақил тасарруф этиш ҳуқуқи берилади.
Мазкур қарор қабул қилингунга қадар халқ таълими тизимидаги муассаса ва ташкилотларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар учун ижтимоий солиқ ставкаси 25 фоиз миқдорида тўлаб келинган бўлиб, янги тартиб бўйича ушбу миқдор 1 фоиз этиб белгиланди.
Яъни муассаса ва ташкилотларнинг бюджетдан ташқари даромадлари 24 фоизга кўпайишига эришилади.
Мисол учун, Тошкент шаҳри Яшнобод туманида жойлашган 307-сонли умумий ўрта таълим мактаби томонидан 2021 йил давомида бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан жами 2,4 млрд. сўм маблағни ходимларига қўшимча иш ҳақи, устама ва мукофотларга йўналтирган бўлиб, шундан 482 млн. сўм ижтимоий солиқ тўловларини ташкил этган. Эндиликда эса, жорий йилда ҳам шу миқдордаги маблағларни ходимларни қўшимча рағбатлантиришга йўналтирадиган тақдирда мактаб ихтиёрида янги имтиёзлар ҳисобига қўшимча 462,5 млн. сўм маблағ қолиб, атиги 19,5 млн. сўм ижтимоий солиқ учун тўланади.
Эслатиб ўтамиз, қўшимча хизмат кўрсатишдан тушган бюджетдан ташқари маблағларни яширган, шунингдек, ходимларга норасмий иш ҳақи тўлаган халқ таълими тизимидаги муассаса ва ташкилотларнинг раҳбарлари қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.
Аввалроқ, умумтаълим фанлари бўйича тегишли даражадаги сертификатга эга бўлган педагог кадрларга устама тўланиши маълум қилинганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter