Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

1 майдан қонунчиликда нималар ўзгаради?

1 майдан қонунчиликда нималар ўзгаради?

Жорий йилнинг 1 май кунидан эътиборан қонунчиликда қатор ўзгаришлар кучга киради. Қуйида ушбу санадан бошлаб амалиётга татбиқ этилаётган ўзгаришлар ҳақида маълумот берилади.

Қонунчиликка кўра, ўзини ўзи банд қилган шахслар якка тартибдаги тадбиркор ёки юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтказилганда, давлат божи ундирилмайди. 

«Ҳамкор тадбиркор» дастури

Қуйидагиларни назарда тутувчи «Ҳамкор тадбиркор» дастури йўлга қўйилади: 

ўз бизнесини ташкил этмоқчи бўлган хотин-қизларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш;

кооперация асосида хотин-қизларнинг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишга кўмаклашиш;

маҳаллий ва халқаро электрон платформаларда хотин-қизларга ўз маҳсулотларини жойлаштириш ва сотишга кўмаклашиш.

Айрим шахсларга гаровсиз кредит берилади

Ўз фаолиятини ЯТТ, микрофирма ёки кичик корхона тоифасигача йириклаштирган ўзини ўзи банд қилган шахслар ва тадбиркорларга қуйидаги миқдорларда гаровсиз кредитлар берилади: 

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида – 50 миллион сўмгача,

Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш комплекс дастури доирасида – 150 миллион сўмгача .

Маҳалла раислари медиаторликка ўқитилади

Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида фуқаролар йиғини раислари оилавий медиация ишлари бўйича профессионал медиаторликка бепул ўқитилади. Бунда:

  • 2025 йил давомида Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси билан келишилган ҳолда ҳар бир туманда (шаҳарда) 5 нафардан фуқаролар йиғини раислари ўқитилади;
  • келгусида барча фуқаролар йиғини раислари профессионал медиаторликка босқичма-босқич ўқитиб борилади;
  • профессионал медиаторликка ўқитилган фуқаролар йиғини раислари отанинг (онанинг) вояга етмаган фарзандлари учун ота-оналик ҳуқуқларини таъминлаш билан боғлиқ низолар бўйича медиаторлик фаолиятини бепул амалга оширади. 

Фонограммадан фойдаланиш босқичма-босқич чекланади

Давлат бюджети ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан молиялаштириладиган барча концерт-томоша тадбирларида фонограммадан фойдаланиш босқичма-босқич чекланади.

Шунингдек, Маданият вазирлиги томонидан ижодкорларни «Ўзбекистон Республикаси халқ артисти», «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист» ва «Ўзбекистон Республикаси халқ ҳофизи» давлат мукофотларига тавсия этишда, биринчи навбатда, уларнинг жонли ижро эта олиш қобилияти инобатга олинади. 

Ўрта ёки йирик бизнес тоифасидагиларга енгиллик

Ўз фаолиятини тегишинча ўрта ёки йирик бизнес тоифасигача йириклаштирган тадбиркорларга – 1 йил давомида қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплаш (қайтариш) 7 кун муддатда тезлаштирилган тартибда амалга оширилади. 

«Устоз» тадбиркорларга грант берилади

«HAMROH» тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш дастури доирасида хотин-қизларга «яшил лойиҳалар» ва IT соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишига, шунингдек, камида 5 нафар хотин-қизнинг тадбиркорлигини йўлга қўйишга кўмаклашган 1 минг нафар «устоз» тадбиркорларга 50 млн сўмгача грант ажратиш йўлга қўйилади.

Қамоқдан чиққанларга бир марталик тўлов «Инсон» марказидан берилади

Озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод қилинган шахсларга БҲМнинг 6 баравари миқдоридаги 1 марталик нафақа пули уни тайинлашнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинган ҳолда «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари орқали тўланади.

Креатив парк резидентларига солиқ имтиёзлари берилади

2031 йил 1 январгача креатив парк резидентларига қуйидаги солиқ имтиёзлари жорий этилади:

  • ижтимоий солиқни ҳамда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини 50 фоиз камайтирилган ставкада тўлайди;
  • товарларни (ишларни, хизматларни) реализaция қилишдан олинган даромади миқдоридан қатъи назар айланмадан олинадиган солиқ тўловчилар тоифасига киритилади. Бунда улар ўз истагига биноан умумбелгиланган солиқ солиш тартибига ўтишлари мумкин. 

«Тоза қўллар» дастури амалга оширилади

Барча соғлиқни сақлаш ва таълим муассасаларида қуйидагиларни назарда тутувчи «Тоза қўллар» дастури амалга оширилади ва аҳоли орасида кенг тарғиб қилинади: 

  • қўл ювиш жойларини зарур санитария-гигиена воситалари билан таъминлаш;
  • санитария-гигиена хоналарининг техник ҳолатини яхшилаш, янги қурилаётган муассасаларда уларни бинонинг ички қисмида жойлаштириш;
  • йил давомида биринчи навбатда қўл ювиш ва антисептик воситаларни харид қилишни назарда тутиш.

Айримларга электр ва  газ тўловлари бир қисми компенсация қилиб берилади

2027 йил 1 апрелгача «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали болалар нафақаси ва моддий ёрдам олувчи ҳамда Камбағал оилалар реестрига киритилган, шунингдек, реестрларга киритилмаган, бироқ моддий аҳволи бўйича кам таъминланган оилалар мезонларига тўғри келувчи, оиладаги жон бошига даромади минимал истеъмол харажатларининг 1,5 баробаридан ошмайдиган оилаларга:

  • электр энергияси истеъмоли бўйича – ойига базавий меъёрдан 150 кВт соатгача;
  • табиий газ истеъмоли бўйича – иситиш мавсумида ойига базавий меъёрдан 250 куб метргача, бошқа даврларда ойига базавий меъёрдан 150 куб метргача ортиқ фойдаланилган қисми учун базавий меъёр доирасидаги ҳамда базавий меъёрдан ошган нархлар ўртасидаги фарқ компенсация қилиб берилади. 
Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг