«Танка»нгиз президент бўлса... ёки уддабурон коллекционерлар
«Танка» ва «танга». Бола дунёга келибоқ шу иккиси билан юзлашади. У туғруқхонадаёқ отасининг суюнчиси салмоғига қараб, ўзига бўлган илк муомала ва эътиборни танасида ҳис этади. Аниқроғи, у шафқатсиз ҳаётга қадамини қўяр экан, ёнидаги чақалоқлар ўртасида илк табақаланишга дучор бўлади. Шу тариқа ҳаёт пиллапояларида қадамлаб, бу ҳолга кўп бора юзланади. Яхши боғчага қабул қилиниш, нуфузли мактабда ўқиш, тўгаракларда қатнашиш, репетиторга бориш, олийгоҳга кириш...
Ҳаётимиз «танка» ва «танга»га шу қадар боғлиқ бўлиб қолдики, бирор режангиз ёки мақсадингиз шу икки омилсиз амалга ошиши даргумонга айланди. Кўпчиликка ҳожатбарор «танка» – Бенжамин Франклин яқин кўмакчи. Аниқроғи, унинг расми муҳрланган «қоғоз». У шу қадар сеҳрлики, уни тутқазсалар бас, дейлик ишга киришни истаб келувчининг ўқув юрти берган дипломи, мутахассислиги ёки йўлланмаси бир четда қолиб, ўша сеҳрли «қоғоз» тоқатсиз варақланади, қолгани эса...
Ёки унинг кучи билан фарзандларимизга «саводли» янги ўқитувчилар дарс бера бошлайди, беморларимизга «қўли енгил» ҳамширалар гирдикапалак бўлади, шу каби яна кўплаб «фидойи» касб эгалари пайдо бўлади. Улар билан эса, бир партия раҳбари кўп бора эслайдиган Сингапур мўъжизасини яратишимиз ҳақида ўйлашнинг ўзи бир мўъжиза.
Биласизми, улуғларимиз иморатнинг пойдевори мустаҳкам бўлиши кераклигини кўп ва хўб таъкидлаб келишган. Аммо бугун шу расмдаги «ҳожатбарор» дардида кўзи кўр бўлганлар сабаб, нафақат пойдеворлар, балки деворлар, том ҳам нобоп бўлиб битмоқда...
Энди, ўша «қоғоз»ни ашаддий коллекция қилувчилар борки, уларнинг шу ишқибозлиги сабаб оғир беморларга ўз вақтида операция, тадбиркорга ер, ногиронларга «группа», ҳайдовчига «права», банкда кредит, автомобилга лимит, Кореяга жетон, йўл қурувчига бетон, қарияга пенсия, кимларгадир «звания», тракторчига солярка, вилоятликларга прописка, умуман, инсонга ҳақ-ҳуқуқ муаммо. Бу борада ўша коллекционерларни танобини тортувчи қовоқдор касб эгаларининг ўзлари ҳам шу одатга ошуфта бўлса-чи? Энг ёмони ана ўшада!
Энг-энгларимиз, келажагимизнинг иттифоқчилари, нотиғу лофчилари, «Зулфия»чию, ниҳолчилари, ташаббускорларию бошқалари шу мақомга эришиш йўлида Франклиндан нажот топмаган деб ким айта олади? Энг ёмони, бугун ён атрофимиздаги одамлар ҳам шу қурғурга қараб инсонга баҳо беришмоқда. Кимда у кўп, ҳурматли, қаддингни ур! Аксинча, илмли ва ҳалол бўлсангу, бисотинг шунга маҳтал бўлса, ношудсан, жойинг пойгакда.
«Қоғоз» коллекционерлари ном қозониш учун заводдан ҳали бўёғи қуримаган машинаю, бўйдор ва ҳашамдор иморатлар қуриб чарчашмапти. Аслида бир машҳур асарда айтилганидек, автомобил – бисот эмас, оддий ҳаракатланиш воситаси эмасми? Кейин, булар ниманинг ҳисобидан?
Эсингизда бўлса, эски бир кинода ревизорни «эритиш» учун унга ёшлигингда нимани орзу қилгансан деса, у филни, дейди. Бугун бизда бу каби саволларга ўрин қолмаган. Ҳамма орзулар салкам муштарак. Улар бир нуқтада тўқнаш. Орзулар трендида эса «Франклиннинг жозибали чеҳраси» акс этган. Аксариятнинг ёшлигидан интиҳосига қадар орзуси шунга боғлиқ бўлиб қолмоқда. Албаттада, шу «кўкатсиз» кўкаролмаганингиздан кейин...
Ҳа, сизга ҳам илинадиганимиз – «ҳожатбарор»ингиз фақат ҳалолидан келсин ва ҳамёнингизга ҳечам хиёнат қилмасин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter