Диққат, шаҳарда «ГАИ»!
Шу кунларда кўпгина шаҳарларда ЙПХ ходимлари томонидан яхши бир акция амалга оширилмоқда. Улар йўлда ҳаракатланаётган ҳайдовчиларни тўхтатиб, уларга байрам кайфияти улашмоқда.
Тўғри, бундай олганда яхши ташаббус. Балки бу ўша доимий ҳадикли ҳайдовчилар ва ЙПХ ходимлари ўртасидаги азалик совуқ муносабатни илиқлаштириш мақсадида амалга оширилаётгандир. Аммо масаланинг иккинчи, бу хайрли тадбирнинг бадалли томони ҳам борки, бу эса ҳайдовчининг гарданига тушади.
Ҳар қандай ҳайдовчи, хоҳ у тартибли бўлсин, ё ўта қоидапарвар, ЙПХ ходимига кўзи тўшиши билан беихтиёр ҳушёр тортади. Агар ходим сеҳрли таёқчасини силкитсачи, ана шунда биринчи навбатда бир савол мияда чарх уради: «нима хато қилдим, нега тўхтатишди?» Бу савол зумда асаб толаларингизни емиради, қайта тикланмас қилиб. Беихтиёр ўф тортасиз, «ГАИ» эса яқинлашмоқда, машинада мусиқа овози ўчирилади, гарчи у тақиқланмаган бўлса-да. Оғир сукут, валерианкани шайлайсиз, у эса яқинлашмоқда уч қадам, икки... ниҳоят келади, маромидаги таништирувдан сўнг, байрам табригини эшитасиз.
Табиийки, беихтиёр жилмаясиз, лекин бу табрикдан эмас, шу вазиятда айбсиз эканингиздан ёки бирор жаримасиз вазиятдан қутилаётганингиздан шодланасиз, лекин стресс ҳамон ҳамроҳингиз.
Бу аслида керакми? Бир аёл ҳамкасбимиз худди шундай ҳолатга 8 март куни дуч келганини айтиб шундай деганди: «Светафордан қайрилсам «ГАИ» тўхтатди, юрагим чиқиб кетай деди, нима айбим бор десам, байрам билан табриклашди».
Албатта, бу опамиз ҳам, уни «жентелмен ГАИ» тўхтатганда аниқ биз юқорида тасвирлаган ваҳимали ҳолатга тушган. У опадан ташқари шу ҳолатга қанча аёллар дуч келган, улар орасида ҳомиладорлари, серваҳималилари ҳам бордир. Янаким, ҳозирги асаб касалликлари урчиган замонда азиз аёлларимиз ва ҳайдовчиларимизни шу тарзда синовдан ўтказиш шартмикан.
Биз ЙПХ ходимларининг табириклашига қарши эмасмиз, марҳамат, табриклашсин, бунинг учун ҳайдовчини қизил таёғи билан тўхтатиб эмас, шунчаки, уларга лозим топса «чест» бериб, бир табассум ҳадя этишса бас. Зеро бу меҳр ва эътиборни ҳазм этишимизда асабларимиз бирор малҳамга муҳтожлик сезмасин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter