Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шерали Отабоев

Қўрқоқлардан қўрқаман.

Сирли карантин: Ўзбекистонга келиб «йўқолган» коронавирус...

Сирли карантин: Ўзбекистонга келиб «йўқолган» коронавирус...

Фото: «Xabar.uz»

Ўзбекистонда илк бор 15 март куни коронавирус қайд этилган эди. Мана қарийб тўрт ойдирки, кўринмас балони жиловлашнинг иложи бўлмаяпти. Бошида бироз камайган бўлса-да, сўнгги кунларга келиб анча авж олиб кетди.

Хавотирлиси шундаки, коронавирусга дучор бўлганларнинг салкам ярими аҳоли орасидан чиқмоқда. Бунга ўнлаб сабабларни санашимиз мумкин. Сабаблар кўп. Ҳар ким ўзича талқин қилади буни.

Одамлар коронавирус ҳақида сўз бошласа, «бу касалликнинг ўзи борми» деган шубҳагача бориб қолишган. Чунки одамзот қулоғи билан эшитганига эмас, кўпроқ кўзи билан кўрганига ишонади.

«Кунига бунча одамда касаллик аниқланди, унча одам соғайди», деган ҳисоботларни ўқиймиз. Коронавирусга йўлиққан одамнинг ўзини эса ҳамма ҳам кўргани йўқ.

Бизда ҳамон тақиқлов ва чекловлар кучли. Тўғри, касалланганлар даволанаётган ҳудудга бегоналарнинг кириши мумкин эмас. Аммо у ердаги воқеа-ҳодисаларни оммага кўрсатиб бориш керакдир балки?! Касалланганлар қандай аҳволда, шифокорларимизнинг фаолияти, даволаш усуллари, тузалганларнинг ички кечинмалари оммавий ахборот воситалари орқали халққа кўпроқ намойиш этилса, ҳеч қандай хатолик бўлмаса керак, менимча.

Бизда айрим раҳбарларимизнинг билиб олган гапи — МУМКИН ЭМАС! Сабабини ўзлари ҳам билишмайди (аслида «мумкин эмас» ниқоби турли қинғирликларга йўл очади). Ёки бу коронавирус қурғур онлайн ҳам юқадимикин? (Сўнгги вақтларда ССВ матбуот хизмати қисқа видеолавҳалар бера бошлади, лекин бу «умумий картина»ни очиб бера олгани йўқ).

Мутасаддиларимиз сирли равишда, пинҳона иш юритишнинг ҳадисини олишган. Оддийгина, ҳеч кимга керак бўлмаган маълумотни ҳам оммадан сир тутиш орқали худди қаҳрамонлардек тутишади ўзларини. Бундай «хизматлари» билан халқ олдидаги ишончни йўқотиб қўйиш мумкинлигини ўйлашмайдими?

Мана, кўриб турибмизку: одамлар орасида «бу ерда бир гап бор, аслида коронавирус йўқ нарса, амалдорлар бюджетдан пул ювиш учун коронавирусдан фойдаланиб қолишяпти, рақамларни сохта кўрсатишмоқда» деган қарашларгача урчиди.

Ҳақиқий аҳвол очиқ-ойдин намойиш этилмас экан (камига ҳудудлардаги вазиятга масъул бўлган ҳокимлар миш-мишлар тарқалишига сабаб бўладиган ишлар қилиб турганда), халқ хоҳлаган хаёлга боришга ҳақли. Вазият қанчалик яширилгани сари турли-туман тахминлар қалқиб чиқаверади.

Коронавирусдан вафот этганлар ҳақидаги хабарларда ҳам уларнинг йўлдош касалликларига кўпроқ урғу қаратилаётгани боис, аҳоли орасида «коронавирусдан соғ одам ўлмас экан, бизнинг иммунитетимиз кучли, юртимиз серқуёш, иссиқмижоз халқмиз» деган тушунчалар миясига ўрнашиб қолди. Натижада эса... Мана, 28 ёшли соғлом инсонни ҳам олиб кетяпти бу касаллик. Кимнингдир қизи, кимнингдир синглиси ёки опаси, севимли рафиқа ёки мурғак фарзандларнинг онаси бўлгандир у?! Коронавирус саноқли кунлар ичида улардан айирди-кетди...

Карантин эълон қилинган вақтда ваҳима тарқатганлик учун 15 сутка, катта жарима жорий қилинди, қоидани бузганларга жиноятчидек қарала бошланди. Халқ коронавирусдан эмас, жазодан кўпроқ қўрқа бошлади. Кейин нима бўлди? Карантин юмшагач, аксарият одамлар юртимизда коронавирус йўқ экан деб бамайлихотир юраверишди, юзлаб кишини чақириб тўйлар ўтказишди, маросимлар қилишди... Касаллик хавфига эътиборсиз ва совуққон бўлиб қолишди.

Аслида биз учун ВАҲИМА зарур экан. Халқ карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилиш учун олдин уларда касалликнинг хавфига нисбатан ишонч ҳосил қилиш керак эди. Улар эса ишонмади, риоя қилмади, фақат жарималар кўпайди, холос.

Коронавирусдан эмас, жаримадан қўрққан халқ ҳуқуқ-тартибот ходимларининг кўзидан пана жойларда ўз билганини қилиб юраверди. Чунки Ўзбекистонда коронавирус борлигига ишонмаганлар учун бу бало сирлилигича қолиб кетаверди.

Энди вазият тобора жиддий тус олиб бормоқда. Мутасаддиларимиз шу тобда иш услубини ўзгартиришга мажбур бўлишар балки. Кеч бўлса ҳам карантин зоналаридаги, шифохоналардаги, статистикалардаги ҳақиқий аҳволни намойиш этармиз?..

Халқ коронавирус қандай бало эканлигини кўрсин, фикри ўзгарсин.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг