Ўтмишни хотирлаш жиноятми?
Сарлавҳа эмас, савол қўйдим. Чунки шу вақтгача яқин ўтмишни хотирлаш ҳам қонунсиз ман этилган эди. Мабодо, бехосдан хотирлаб қўйсангиз, дарҳол «Ўтмишни қумсаб қолдингми» дея ўчириб бўлмас тамға босиб қўйишарди. Менимча, ҳозир ундай эмас, шекилли. Келинг, синаб кўриш учун яқин ўтмишни бир хотирлаб кўрамиз.
«Мозийга қараб иш кўрмоқ хайрлидир»
2004 йил бошида «Спорт» телеканали янги ташкил этилганда, радио ва телевидениедан ходимлар билан тўлдирилган. Аммо иккитагина штатни газетада ишлайдиган ходимлардан, яъни ёзув-чизувни биладиганлардан оламиз, деган ниятда сақлаб қолишган экан. Шунда «Спорт» газетасидан бир ходим ва каминани («Адолат» газетасидан) ишга таклиф қилишди. Дарҳол югуриб бордим. 2004 йил. 2 март куни Ўзтелерадиокомпаниянинг «Спорт» телеканалига расман ишга кирдим...
Ёдимда ўша дамлар, ўзи учар гиламлар...
Фақат шуни айтишим шартки, телевидениеда ишлаган илк бир ярим йилини, яъни Абдусаид Кўчимов раислик қилган даврни хотирламоқчиман, холос. Кейинги даврни эса эслашни истамайман. Чунки ёлғон гапиришга виждон қурғур йўл қўймайди. Ҳақиқатни айтиш эса қўрқинчли.
Ўша дамларда омадли ва бахтли инсон сифатида жавлон уриб ишладим. Эрталаб ишга, кечқурун уйга ошиқардик. Маошлар ҳам анчагина эди. Ўша дамларда гонорар ҳақида «кўп» ёки «кам» деган тушунча умуман бўлмаган. Деярли ҳар ойда бирор байрам сабаб рағбатлантирилиб туриларди. Янги йил, 8 март (фақат хотин-қизларга), Наврўз, 27 июн (матбуот ва ОАВ ходимлари куни), Мустақиллик байрами, 8 декабрь – Конституция куни ва иккита ҳайитга камида бир окладдан байрам пуллари мунтазам берилар эди. Шунингдек, ундан олдинроқ «картошка» пули, 13-ойлик деган маошлар ҳам бўлган. Ходимлар умуман маош ташвишини ўйламасди. Ўйлагани фақат ижод эди. Ҳаттоки, телевидение ҳудуди ичида махсус арзонлаштирилган ошхона ҳам бўларди. Қисқаси, фақат ўша дамлардагина журналистика касбини танлаганимдан пушаймон бўлмаганман.
Мен қисқагина бир ярим йилни болалик йилларини соғинган қария каби оғир бир хўрсиниш билан хотирлайман. Зўр дамлар бўлган. Ходимлар раҳбарини, раҳбар ходимларини бекорчиликдан сотмас эди. Раҳбарлар учун ақлли ва қобилиятли ходимлар хатарли ҳисобланмаган. Ўша пайтда ҳам хавфсизлик бўйича ўринбосар бўлган. Аммо раҳбар қўйни бўрининг қўлига топширгани каби ижодкорларни режим хизматининг измига тутқазиб қўймаган. Ходимларини бўлар бўлмас ҳодисалар учун қурбонлик келтирмаган. Аксинча, ҳар қандай офатли ташкилотлардан ҳимоя қила билган. Фақат ижод ва ижодкор учун ўзини қурбон қилган.
Ижодкор бўлса-да, Абдусаид акада раҳбарлик қобилияти ҳам ғуж-ғуж эди. Реклама топиб келган ходимга компания ҳисобига туширган маблағнинг 25 фоизигача мукофот сифатида ажратиб берган. Ходимларининг бойиб кетишидан умуман ҳадиксирамаган. Ўша даврларда ходимлар касбга оддий бир «хобби» сифатида эмас, аксинча, масъулият билан қараган. У телевидениега 8 йил раҳбарлик қилди. Камина эса ўша фараҳбахш кунларнинг охирги бир ярим йиллик даврида ишлаб қолишга муяссар бўлган.
Ўтган қисқагина бир ярим йиллик бахтли дамларимдан шуни биламанки, собиқ раис ходимларнинг бир тийинига ҳам хиёнат қилмаган. Уйида оч ётган норасида гўдакларнинг ҳақига кўз олайтирмаган. Шу жиҳати билан ҳали-ҳануз яхши раҳбар сифатида хотирланади. Таниганлар ҳурмат ва эҳтиром ила давралар тўридан жой беришади. У телевидение раислигидан бўшаганида, ортидан қўйлар сўйилмади, аксинча, кўзда ёш билан кузатишди. Ҳар қандай раҳбар ҳам бундай бахтга муяссар бўлиши амримаҳол.
Унинг 8 йиллик раҳбарлик даврида журналистларнинг халқ орасида обрўйи шу даражада ошиб кетдики, ҳаттоки бошқа ташкилотлар раҳбарларининг ғазабини ҳам қўзғаб қўйган экан. «Агар телевидениега раҳбар бўлсам, журналистнинг обрўсини бир пул қиламан», деган «яхши ниятлар» билан бирровга раҳбар бўлиб кетганларни ҳам кўрдик. Гарчи, бирровга келган бўлса-да, миссиясини бажариб кетди-я, 111 йил яшшагур.
Собиқ раис ялтоқ ва олчоқларни ёқтирмас эди. Ходимларни бир-бирининг ортидан компромат йиғишига эса умуман йўл қўймаган. Ижодкор ва техник ходимлар ҳам шуни инобатга олиб, фақат ижод билан шуғулланишар эди. Бошқа нарсани ҳатто хаёлига ҳам келтирмаган. Бирор бир ижодкор қоғозбозлик ишларига жалб қилинмаган. Чунки телевидение ҳеч қандай ташкилотга ҳисобот бермасди. Яқин ўтмишни сарҳисоб қилиб кўрсангиз, ҳозирги ёшлар ўзларининг кумири даражасида кўрадиган машҳур журналистларнинг бари А.Кўчимов фаолияти даврида шаклланган экан.
Мен бу инсон билан бирор марта ҳам суҳбатлашмаганман. Аммо илк ишга кирган кунларим икки ой мобайнида менга салом бериб юрганини минг бир истиҳола билан эслайман. Уни хонасига элтадиган йўл мен ишлаган бино олдидан ўтар экан. Ўрта жуссали, қорачадан келган, истарали бир одам ўтишда доим менга салом берарди. Мен ҳам телевидениега эндигина ишга кириб, еттинчи осмонда учиб юрганим боис, нотаниш кишининг саломига истар-истамас алик олиб қўяр эдим. Орадан икки ой ўтиб, бир ҳамкасбим «шу одам раис Кўчимов бўлади», деб қолди. Аввал бошида ҳазиллашаяти, деб ўйладим. Чунки, телевидение раҳбари қиммат машинада эшик олдигача келади, деб ўйлар эдим (ҳар тугул қарийб 2 минг киши ишлайдиган даргоҳнинг раҳбари). Кейин билсам, у машинасини нарироқда қолдириб, пиёда юриб келар экан. Шунда ўзимдан ўзим қаттиқ ҳижолат бўлганман. Шундан буён таниган танимаган кишига салом беришни одат қилдим. Яна бир ниятим бор: энди ҳаётда у киши билан рўбарў келсам, албатта олдин ўзим салом бераман.
Маъзур тутинг, ҳамкасблар, мен ҳам бир «маддоҳлик» қилиб кўрдим. Бу ишим маддоҳларга ёқмаслиги аниқ. Зора шу мақоламдан кейин маддоҳликка қарши қонун чиқарилсаю, хушомадгўйлик бутунлай тугатилса, қайтиб бошқа бировни мақтамайман.
Бу мақоламни ўқиб, устозлар ёки ҳамкасблар: «Нима қилардинг, ўтмишни эслаб, жим юрсанг бўлмасмиди», деган дашномларни ҳам бериши аниқ, гарчи уларнинг ҳам дилидаги гапларни айтган бўлсам ҳам. Ушбу мақола чиққан кундан бошлаб менга ёвқараш қилишларини ҳам биламан. Чунки бу ҳаётий тажрибамдан ўтиб бўлган. Ҳаттоки, мен билан гаплашишни сиёсий хато дегувчилар ҳам кўпайиб қолади. Майли, нима дейишса дейишаверсин, афсуски, менда ўзининг ўйлайдиган фикрларини ҳам цензура қиладиган қусур йўқ. Шу феъл-атворим билан доим ҳаётда кўп қоқилганман.
Узр ҳамкасблар, жим юриш учун бу касбни танламаганман. Ўрнатилган тартибдан ташқари фикрлашни конституцион тузумга таҳдид деб баҳоловчи «устоз»лар ўгитига ҳам муҳтож эмасман.
Абдусаид ака мақоламни ўқиб хафа бўлиши ҳам мумкин. Шуни билсам-да, журналистлар устозини озгина бўлса ҳам мақтаб қўйдим. Шу тарзда йиллар давомида ичимда йиғилганларни оққа туширмасам, ошқозони безовта бўлаётган бемор каби қийналиб юраман.
У кишидан миннатдорчилик билан узр сўраган ҳолда,
Шерали Отабоев, журналист
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter