Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сардор Али

Шахсиятпарастлик — ошкора ожизликдир.

Ўз жонига қасд қилиш касалликми? (видео)

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг берган маълумотларига кўра, дунёда ҳар 40 сонияда бир киши ўз жонига қасд қилар экан. Сўнгги вақтларда нафақат хорижий мамлакатларда, балки Ўзбекистонда ҳам кимдир ўзини осиб қўйгани ёки ёқиб юборгани ҳақидаги хабарлар қулоғимизга чалинмоқда. Хўш, нега ўз жонига қасд қилувчилар кўпаймоқда? Нега инсонлар ўзларига берилган бебаҳо бойликдан воз кечишга уринмоқда?

Зарифбой Ибодуллаев, Тиббиёт фанлари доктори:

– Ўз жонига қасд қилишни касаллик ҳам деб бўлмайди. Ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган одамни вақт ўтиб, шу одам ўзини-ўзи ўлдиради деб айта олмайсиз. Олимларнинг изланиш натижаларига кўра, ўз жонига қасд қилмоқчи бўлганлар икки турга бўлинади. Биринчиси – тантанавор тарзда ўз жонига қасд қилувчилар. Иккинчиси – яширин тарзда ўз жонига қасд қилувчилар.

Кўпчилик инсонлар ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган одам чўкиб-чўкиб боради, деб ўйлашади. Йўқ! Қани энди шундай бўлса, биз докторлар буни олдиндан аниқлай олардик. Мисол учун, бир қиз ўз жонига қасд қилишдан бир кун олдин дугонасининг тўйига борган бўлади. Ҳатто, тўйда маза қилиб ўйнайди ҳам. Лекин эрта тонгда қиз ўзини-ўзи осиб қўйган бўлади. Комага тушган одамни қайсидир маънода ўладими ёки қоладими айтиш мумкин. Аммо ўз жонига яширин тарзда қасд қилмоқчи бўлган одамни аниқлаб бўлмайди.

Депрессияни бошидан ўтказган аёл:

– Кўпчилик депрессияни енгиш мумкин деб ўйлайди. Тўғри, депрессияни енгил турлари ҳам бор. Лекин шундай депрессиялар бўладики, унга тушиб қолган инсонни ҳеч ким, ҳеч нарса овута олмайди. Бу тиббиётда қандай номланади билмайман, лекин мен буни «чуқур депрессия» деб атайман. 29 ёшимда туғруқдан кейинги депрессияни бошдан кечирганман. Унгача мен «стресс» ва «депрессия» нима эканлигини билмас эдим. Бу ҳолатда руҳиятингизда ўзингиз хоҳламаган жараён кечади. Бу асаб билан боғлиқ. Йўқчилик, етишмовчилик, болаларнинг кетма-кет бетоб бўлиши мени руҳий томондан жуда қийнаган. Мен ижобий ҳис-туйғуларимни йўқотиб қўйганман. «Ўзимдаги қувонч, умид қани? Улар қаерга кетди», деган саволга доим жавоб излаганман.

Сиздаги ижобий ҳиссиётлар йўқолганидан сўнг, уларни ўрнини қора ҳиссиётлар эгаллаб олади. Ўшанда менда депрессия икки баробар кучайиб кетган эди. Ўйлаган сарим, миям чарчарди. Одамларга яхши гапираман, уларга кулиб тураман, ҳамма қатори инсонман. Лекин дўзах менинг қалбимга жойлашиб олган. Сизни ҳеч нарса овута олмайди. Ҳатто, фарзандларингиз ҳам!

Бу жараён жуда чуқурлашиб кетса, одамда йиғлоқилик кучаяди. Ичингизда кечаётган жараённи ҳеч кимга тушунтира олмасликни англаб етасиз. Биз қаерда хато қиламиз, нега ўз жонига қасд қилишлар кучаяди? Чунки биз депрессиянинг юзи йўқ эканлигини англаб етмаймиз.

Зарифбой Ибодуллаев, Тиббиёт фанлари доктори:

– Камбағал давлатларда суицид кўп учрайдими ёки бой давлатларда? Айримлар қашшоқ мамлакатларда ўз жонига қасд қилиш кўп учрайди, деб ўйлайди. Лекин статистик маълумотларни қарасангиз, ривожланган мамлакатларда ўз жонига қасд қилиш кўп. Масалан, Жанубий Корея, Канада ва Японияда. У ерда психологик вакуум туфайли одамлар ўз жонига қасд қилади. Айниқса, бу машҳур актёрлар орасида кўп учрайди. Улар ўзидаги психологик вакуумни сўндириш учун ё гиёҳвандликка ружу қўяди ёки ўзини нобуд қилади. Кейин жуда катта бадавлат одамлар пулидан айрилса, суицидга қўл уради.

Ўз жонига қасд қилиш фикри инсонда мен онги шаклланганидан кейин, тахминан, 14 ёшларда вужудга кела бошлайди. Бундан 10 йил олдин ҳузуримга Самарқандда ўзини осиб, тирик қолган 11 ёшли болани олиб келишди. Боланинг ота-онаси, оилавий ҳолати, ҳаммаси яхши. Мен бу боланинг нега ўз жонига қасд қилмоқчи бўлганининг сабабини топа олмадим. Кейин уйдагиларининг аниқланишича, у бола кўп қўрқинчли, ўз жонига қасд қилишга ундайдиган фильмлар томоша қилар экан.

Ҳозирда бу нарса талабалар орасида кўп учрамоқда. Бу ерда институтдаги ўқитувчиларни ҳам ота-оналарни ҳам айби бор. Талабаларнинг руҳий барқарорлиги суст бўлиб кетмоқда. Ҳозирги талабалар билан ўтириб гаплашсангиз руҳий ҳолати 14 ёш боланинг руҳий ҳолатига ўхшайди. Тасаввуримда бундан 30 йил олдинги йигитлар йўқдек.

Бир куни деканатга кириб қолдим. Декан талабани қаттиқ койиб турган экан. Бир оздан сўнг талабани отаси ҳам келди. Ота боласини шунақанги уришмоқдаки, бола қўрққанидан қотиб қолиб, гапира олмай қолди. Оталар «қўлингдан бир иш келмайди» деб боласини уришаверса, бола руҳий ногирон бўлиб ўсади.

Депрессияни бошидан ўтказган аёл:

– Ўз жонига қасд қилишни кўпроқ ёшлар орасида кузатилишига сабаб – уларда тажриба камлиги. Ёшлар депрессияни мени ким ҳам тингларди, дея яширишга ҳаракат қилади. Ҳар қандай одам «мен депрессияга тушиб қолдим, вақти келиб бу ҳолатдан чиқиб кетаман», демайди. Депрессияга тушган одам бу даврнинг ўткинчи эканлигини англаши лозим. Ахир, одам бутун умр яшагиси келмай яшолмайди. Чунки биз яшаш учун дунёга келамиз.  Аслида яшашдан мақсад ҳам шу.

Кўпчилик одамлар ўз жонидан тўйганидан ёки муаммолардан қутулиш учун ўз жонига қасд қилмоқда, деб ўйлайди. Йўқ. Мен шу ҳолатни ўз бошимдан ўтказган одам сифатида айтаманки, бу нарсалар иккиламчи бўлиб қолади. Одам миясидаги ўзи хоҳламаган фикрдан қутилиш учун ўз жонига қасд қилади. Ўзи истамаган фикр қалбига оғриқ бераётгани учун шу ишни қилиши мумкин. Муаммо ва етишмовчиликлар миясидаги фикр олдида ожиз бўлиб қолади. Унга фақат атрофдагиларнинг қўллаб-қувватлови ёрдам беради.

 Сардор Али суҳбатлашди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг