Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Улуғбек Орипов

Баъзан сукут ҳақиқатдан афзал бўлиши мумкин.

Ҳасанбой энди ёзмайдиган бўлди (жиддий ҳикоя)

Ҳасанбой энди ёзмайдиган бўлди (жиддий ҳикоя)

Ободонлаштиришга тушган Қ. қишлоғида ишлар тўхтаб қолган. Аввалига эски шийпонни ўрнидан Ёшлар маркази қурамиз деб, ишни бошлашди. Пойдевори битиб, тўрт-беш қатор ғишт терилгач, усталар қаёққадир йўқолиб қолди. Шу-шу қурилиш жойида қотди. Ўтмишда баҳавогина жой бўлган ҳудуд бугун офтобнинг тиғида қовжираб, ўз жозибасини йўқотган. Яхшилаб эътибор берган кишининг кўзига дайди итларнинг шарпаси кўринади. Бир четда чала қорилган ва қотиб қолган цемент аралашмаси...

Шийпонни қўйиб, қишлоқнинг бошқа қисмига юзланамиз. Тегирмон гузарининг пастқам кўчалари яралгандан буён асфалт сиёқини кўрган эмас. Аввалига шағал тўкилиб, кўчалар текислангач, гузар аҳолиси терисига сиғмай қувонди: ниҳоят равон йўлларда юришади. Аммо мана неча ойдирки, асфалт тугул, чала тўкилган шағалли кўча аввалгидек кўринишда мунғайиб қолди.

Энг ёмони ичимлик суви ўтказиш билан бўлди...

Улкан машиналар аямасдан қишлоқнинг текис кўчаларини ковлаб ташлади. Қувурлар ётқизилди. Ковланган кўчаларда энлик-энлик чанг кўтарилди. Дўнглар ҳосил бўлди. Машина ҳайдовчилар кўчаларда тетапоя қилиб қолди....

Хуллас, қишлоқдагиларга қийин бўлди. Боз устига, янги тизимни ишга қўшамиз деб, эски ичимлик сувини ўчиришди. Аммо, қаники, ичимлик суви чиқса....

Одамлар дарёдан, ариқдан сув олиб келиб ича бошлади.

Қишлоқнинг айни вақтдаги ҳолати сувга тўймай қовжираган эрта кўкламни эслатарди. Равон асфалт йўллар тугул, одамлар аввалги тупроқ, аммо текис йўлларни орзу қилишарди.

Шу қишлоқ мактабида Ҳасанбой исмли камгапгина йигит ишлайди. Гавдаси кичик, бўйнини ичкарига тортиб юрадиган бу бола она тили ва адабиётидан дарс беради. Бир-икки газетада мақола ёзиб, телевидениеда гапирганда эл оғзига тушган.

Уч-тўрт бекорчи бир бўлиб, Ҳасанбойни турткилашга тушди.

— Сени орзу-умид билан ўқитганмиз, бир ёзгин буларнинг устидан, чала қилган ишлари бурнидан чиқсин!..

— Эссиз, мана бу шийпон қандай баҳаво жой эди-я, илиққан итларга макон бўлди...

— Ҳасанбой, аямай ёз, ортингда халқ турибди. Сен бу муаммони кўтармасанг ким кўтаради? Ишни бошлашдими, чиройли қилиб, тугатиб қўйишсин.

Хуллас, Ҳасанбой ёзадиган бўлди.

Орадан бир неча кун ўтгач, вилоят газетасида «Таги тешик ислоҳот ёҳуд одамларни сарсон қилишдан кимга фойда?» номли аччиққина мақола босилиб чиқди. Уни турли бошқа нашрлар, веб-сайтлар кўчириб босди. Қ. қишлоғидаги муаммолар юқори минбарларда ҳам янграган бўлди.

Шундан сўнг, қишлоқда ишлар юришгандан юришиб кетди.

Йўллар тўғриланди, сув масаласи ҳам ҳал этилди.

Ҳасанбой «мана мен туфайли муаммолар ҳал бўлди» дея ўртага чиқмади. Сабзитахтадек портфелини кўтарганча, мактабга бориб келаверди.

Ҳаммо бало қандайдир «каттакон»нинг қишлоққа ташрифидан бошланди. Мажлис уюштирилди, ободлашаётган қишлоқ кўкларга кўтарилди, «аммо айрим бесабрлар шукур қилмай муаммоларни матбуотга кўтариб чиққани, ҳудудни бутун вилоятга шарманда қилгани» қораланди.

Бирон киши калласини кўтариб каттаконга «шу танқид бўлмаса ишлар ўлда-жўлда қоларди» демади. Балки, дея олмади.

Мажлис тугади. «Катта» кетди.

— Ҳасанбой бекор ёзибди. Ана катта айтди, бу иғво экан. Индамасак ҳам битар экан бу ишлар.

— Бу ўқитувчи ўлгур аввалдан писмиқ эди-да. Индамай юрганидан қўрқиш керак...

— Ҳасанбой азалдан ёзғувчи эди. Бунақалар бузғунчи бўлади, закунчи бўлади. Бўлар-бўлмас нарсани ҳам ёзаберадими, одам?!

Хуллас, бечора ўқитувчи остона ҳатлаб кўчага чиқа олмай қолди. Мажлис тафсилотлари ўнга яна юз қўшилиб, тарқалиб кетди. Одамлар Ҳасанбойни гапиришар, қўлини бигиз қилиб кўрсатишарди.

Ҳасанбой-чи? Ўшандан бери қўлига газета тугул, қалам ушлашга қўрқиб қолди, бечора.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг